Тошкентнинг бош режаси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилган — Шерзод Зияев
Лойиҳа вазирликлар билан келишилгач, жамоатчиликка эълон қилинади, ундан кейин тасдиқланади, деди “ТошкентбошпланЛИТи” директори ўринбосари Шерзод Зияев. У Kun.uz'га берган интервюсида бош режанинг кечикиши сабаблари ҳақида ҳам айтиб ўтди.
“ТошкентбошпланЛИТи” бош лойиҳа институти директорининг шаҳарсозлик ва илмий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зияев Kun.uz'нинг пойтахт бош режаси кечикаётгани ҳақидаги саволларига жавоб берди.
“2018 йилдан бошлаб бўтқа бўлиб кетди”
— Шаҳарсозлик қонунчилигида шундай нарса борки, қайсидир даврга қадар йирик ёки катта шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилади. Ўша давр келганидан кейин техник-иқтисодий асослари (ТИА) янгилаб борилиши керак. Чунки аҳоли сони ошади, яшаш суръати ўзгаради. Охирги марта 1991 йилда ТИА тасдиқланган. Ундан кейинги даврники ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга берилган. 2010 йилга келиб, ТИА қайтадан ишлаб чиқилган. Охирги финишга борганда бу жараён тўхтаган.
2013 йилда бош режани 2 босқичда ишлаб чиқиш топшириғи берилганди. Шунга асосан, бош режа ишлаб чиқилган, Вазирлар Маҳкамасидаги деярли ҳамма вазирликлар розилигини берган, фақат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги имзо қўймай юришган. Кейин шу билан вақт ўтиб кетган. Энди охири, [янги даврга келиб], бош режа масаласи кўтарилганидан кейин Иқтисодиёт ва молия вазирлиги берилган маълумотлар эски даврники эканини, бу йилга тўғри келмаслигини, ўзгартириш кераклигини айтишди.
2014 йилда бош режа экспертизалардан ўтиб бўлганди. 2017 йилда охирги марта тасдиқлатиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритилди. 2018 йилдан бошлаб эса бўтқа бошланиб кетди. 2018 йил 17 августда президентнинг 5515-сонли фармони чиққанидан кейин унинг 12-бандига асосан Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш учун халқаро танлов эълон қилиниши керак эди. Танловни ташкиллаштириш ва буюртмачилик вазифаларининг ҳаммаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига юклатилган эди. Лекин танлов ўтказилмади, буюртмачи томонидан бизга ҳеч қандай буюртма берилмади ва биз бош режа муаллифи сифатида олдинги режаларни давом эттирганмиз, лекин бу масала тўхтаб қолди.
2018 йил 20 декабрда президент ташрифи давомида яна Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини ишлаб чиқиш, халқаро танловни ўтказиш чораларини кўриш топшириқлари берилди. Биз томондан ваколатимиз доирасида белгиланган лойиҳа ишларининг давоми қилинди, лекин бу топшириқ ҳам якунига етмади. Ундан кейин 2019 йил апрелига қадар халқаро танлов натижалари киритилиши керак эди, у ҳам киритилмади. 2021 йилга келиб, президент ташрифи давомида яна навбатдаги топшириқ берилди. Унга кўра, 2041 йилгача мўлжалланган бош режани ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Лекин буюртмачи томонидан буюртма хатлари ёки молиялаштириш масалалари кўрилмаганидан кейин, бу жараён яна тўхтаб қолганди.
Шундан кейин 2022 йилдаги президентимизнинг 73-сонли ташриф протоколларида киритилган вазифа бўйича яна халқаро танловни ташкил этиш, ўтказиш бўйича буюртмачилик шаҳар ҳокимлигига юклатилган, лекин ҳеч қандай ҳаракатлар бўлмади.
Бош режани ким ишлаб чиқиши керак?
— 165-, 203-, 3502- ва охирги [2023 йил 12 сентябрдаги] 299-сонли қарорларда Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари, Тошкент вилоятидаги шаҳарларнинг муаллифи биз –“Тошкентбошпланлити”. Лекин 2018 йилдаги президент фармонига кўра, халқаро танлов ўтказиш вазифаси белгиланган эди. Кейин президент ташрифи давомида Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича икки марта топшириқ кетяпти, у ишлар ҳам амалга оширилмаяпти. 2022 йилда 73-сонли протокол чиқяпти-да, охирги протоколда бош режани ишлаб чиқиш дейилмаяпти, бош режа ишлаб чиқилиши учун халқаро танлов ташкил этилсин дейиляпти. Шу билан масала қотяпти.
[“Тошкентбошпланлити” ҳокимиятга] хат берган, топшириққа асосан охирги хатимизни берганимизда ягона буюртмачи хизмати томонидан бизга жавоб хати келди, унга кўра, бош режани ишлаб чиқиш бўйича “Тошкентбошпланлити” ижрочи эмас, муаллиф эмас. Бош режа учун буюртма беролмасликларини, “фақатгина танловга қадар бўлган материалларни тўплаш ва жамлаш, ташкил этиш учун шартнома туза оламиз” дейишди, у масала ҳам қолиб кетди.
“Ишлаб чиқилган бош режа тасдиқланиш арафасида”
— Президентимизнинг 2023 йилда институтга ташрифлари давомида институт “Hayot Lab” ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳар бош режаси концепциялари кўрсатилди, намойиш қилинди ва керакли топшириқ, кўрсатмалар олиб туриб, йил охирига қадар тасдиққа [Вазирлар Маҳкамасига] олиб кирилиши керак эди. Бугунги кунда ишлаб чиқилган бош режа тасдиқланиш арафасида, бош режанинг концепцияси, шаҳарсозлик ҳужжатларини вазирликлар кўриб чиқиб, келишув берса, [президентга] тасдиққа киритилади.
Тасдиқланганидан кейин бизнинг қўлимизда ҳам техник-иқтисодий асослар, ҳам Тошкент шаҳрининг бош режаси, ҳам функционал зоналарнинг умумий схемаси бўлади ва ишга татбиқ этилади.
Агарда шаҳарсозлик ҳужжатимиз бўлмаса ва унга риоя қилмасак, шаҳарсозлик соҳасида каттадан катта ҳуқуқбузарликлар кўпайиб кетади. Яъни зоналашганига қарамай, тадбиркорлик томонидан объектларнинг қурилиши кўпайиб боради. Ҳозир ҳам шу тенденция бор, лекин тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш деган қарорлар ҳам бор. Тадбиркор мурожаат қилиб келганида унга қаршилик қилиб бўлмайди.
Зияевнинг қўшимча қилишича, бош режани тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган, ҳужжат тасдиқлангач, имзолаш учун президентга киритилишидан олдин жамоатчиликка очиқланиши кутилмоқда.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024