Жаҳон | 15:41 / 09.02.2024
55591
5 дақиқада ўқилади

Путиннинг Такер Карлсонга интервюси. Асосий гаплар

Америкалик журналист Путинга кескин саволлар беришни ваъда қилганди. Амалда у Буча, Мариупол ва Навалнийни тилга олмади. Россия президенти эса доимги гапларини такрорлади.

Фото: Гавриил Григоров/ТАСС

Америкалик машҳур телебошловчи Такер Карлсон 9 февралга ўтар кечаси ўз сайтида ва твиттерда Россия президенти Путин билан 2 соатлик интервюсини эълон қилди. Бу интервю учун Карлсон бир неча кун олдин Москвага учиб келганди. Уни Кремлда қабул қилишди, рус пропагандачилари журналистнинг ҳар қадамини ҳижжалаб ёритиб боришди.

Суҳбатдан аввал Карлсон америкаликлар Украинадаги уруш ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиши учун Путинга ўткир саволлар беришини айтганди. Аммо Карлсон интервю давомида россиялик суҳбатдошига ноқулай саволлар бера олмади. Масалан, у Мариупол ва Бучадаги ҳарбий жиноятлар ёки қамоқда қолаётган Алексей Навалний ҳақида сўрамади.

Қуйида Путиннинг интервюдаги асосий гаплари келтирилади.

Украинани «денацификация» қилиш ҳақида

Биз ҳали Украинадаги мақсадларимизга эришиб бўлмадик. Улардан бири мамлакатни денацификация қилиш эди. Яъни, турли миллатчи гуруҳлар фаолиятини чеклаш ҳақида сўз бормоқда. Бу ғояни сақлаб қолишга интилаётган одамлардан воз кечиш керак. Балки бу сизни ажаблантирар, лекин биз Истанбулдаги музокаралар вақтида Украинада неонацизмни кучайтирмаслик борасида келишувга эришгандик ҳам. Хусусан, буни қонунда чеклаш назарда тутилганди.

Айтмоқчиманки, буни музокаралар вақтидаёқ қилиш мумкин экан. Бу ишни амалга ошириш Украинани ривожланган давлат сифатида камситиб қўймайди. Ахир қайсидир давлатда нацистларни пропаганда қилишга рухсат беришганми? Йўқ ахир.

Бу ҳақда Зеленский билан гаплашгандим. «Володя, нима қиляпсан? Сенинг отанг фашизмга қарши жанг қилган, у фронтовик, сен нега Украинадаги неонацистларни қўллаяпсан?» дегандим. У нима деганини эса айтмай қўя қолай, тўғри бўлмайди.

Эван Гершковични озод қилиш бўйича

Бу борада қиладиганимизни қилиб бўлдик, лимит ҳам тугаб кетгандир. Лекин бизнинг эзгулик билан узатган қўлимизга муносиб жавоб беришмади. Сиз айтган одам, жаноб Гершкович ватанида бўлиши мумкин, буни ҳамкорлар билан муҳокама қилишга тайёрмиз. Ҳамкорлар деганда махсус хизматларни назарда тутяпман. Ахир уни Россия қамоқхонасида ушлаб туришдан маъни йўқ. Биз Америка махсус хизматлари бизнинг махсус хизматларни қаноатлантирадиган йўлни топишини истаймиз.

Янги жаҳон уруши хавфи ҳақида

НАТО давлатлари глобал уруш ва ядро конфликти ҳақида гапириб, ўз фуқароларини биз билан қўрқитишга уринмоқда. Аммо фикр қиладиган одамлар бу фейк эканини жуда яхши билади. Россия ўз қўшинларини Полшага фақат бу давлатдан бизга ҳужум қилинган вақтдагина юбориши мумкин. Нега? Чунки бизнинг Полшада ҳам, Латвияда ҳам, ҳеч қаерда манфаатларимиз йўқ. Бизга бунинг кераги ҳам йўқ.

АҚШнинг урушга аралашуви ҳақида

Ҳайрон қоламан, сизнинг қиладиган ишингиз йўқми? Чегарада муаммоларингиз бор, миграция билан, 33 триллион долларга етган ташқи қарз билан боғлиқ муаммоларингиз бор. Афтидан, қиладиган ишингиз йўқ, шунинг учун Украинадаги урушга аралашяпсиз.

Ахир бугунги кундаги воқеалардан келиб чиқиб, яхшиси биз билан келишиш керак эмасми? Тушунганингиздек, Россия ўз манфаатлари учун охиригача курашади. Соғлом фикрлаб, бизнинг давлатимиз, манфаатларимизни ҳам ҳурмат қилиб қарор қабул қилиш керак.

Фото: РФ президенти матбуот хизмати

«Шимолий оқим»даги портлашлар ҳақида

«Шимолий оқим»ни ким портлатди? Сиз, албатта. Исбот борми, дейсиз. Одатда бундай ҳолатларда ишга алоқадорлардан изла дейишади. Ҳозирги ҳолатда алоқадорлар кўп, аммо ҳамма ҳам Болтиқ денгизи тубига тушиб қувурларни портлата олмайди.

Борис Жонсон ҳақида

Украина ҳукумати Британия собиқ бош вазирининг гапига киргани ёки талабини бажаргани ачинарли. Жаноб Арахамия «Биз 1,5 йил аввал ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишимиз мумкин эди, лекин инглизлар бизни кўндиришди ва биз рад этдик», деганди. Ҳозир жаноб Жонсон қаерда? Уруш эса давом этяпти.

Украина билан музокаралар ҳақида

Украина президенти музокараларни тақиқлаб қўйган. Бу чекловни бекор қилсин, бўлди. Биз ҳеч қачон музокаралардан воз кечмаганмиз. Улар эса оммавий тарзда бош тортишган.

Россия ва Украина халқлари ҳақида

Украинадаги охири кўринмаётган сафарбарлик, талваса, ички муаммолар... Эртами кечми биз, албатта, келишамиз. Ҳозирги кун учун ғалати туюлар, лекин халқлар ўртасидаги муносабатлар тикланади. Кўп вақт керак бўлади, лекин тикланади. Ҳозир бўлаётган воқеалар фуқаролар урушини эслатади. Ғарбдагилар рус халқининг бир қисмини бошқасидан айирди деб ўйлаётган бўлса керак. Йўқ, бирлашиш содир бўлади.

Мавзуга оид