Ўзбекистон | 19:37 / 13.02.2024
10722
5 дақиқада ўқилади

Ғанимат тоза ҳаво: нима қилиш керак?

Kun.uz'нинг навбатдаги мултфилми ҳаво ифлосланиши сабаблари ва таклиф этилаётган ечимлар ҳақида расмийлар томонидан берилган маълумотлар асосида тайёрланди.

Шаҳарларимизда экологик муаммолар ортиб боряпти, хусусан ҳаво ифлосланиши ортяпти. Бу корхоналар, автомобиллардан чиқадиган ташламалар билан боғлиқ.

Вазиятга ёмон таъсир қилаётган ҳолатлар:

- дарахтларни кесишга эълон қилинган мораторийга қарамасдан, 49 мингга яқин дарахт кесилди,

- бош режалари тасдиқланган қурилишлар давом этяпти, қурилиш ишлари тўхтатилиши айтилган бўлса ҳам,

- автотранспортдан чиқаётган заҳарли газлар ҳажми ортмоқда, сабаби: ёқилғи талабга жавоб бермайди, машиналар экологик талабларга мувофиқ эмас,

- Тошкентда аҳоли сони ортгани боис, енгил машиналар сони ҳам ортиб бормоқда, жамоат транспортининг умумий ҳолати яхши эмас, магистраллардаги юклама даражаси юқори, велосипедда юриш қулай эмас,

- ёқилғи сифатида кўмирдан фойдаланиш ҳиссаси ортмоқда, натижада кўмирни қазиб олишдан тортиб ёқишгача бўлган жараёнлар атроф-муҳитни кўпроқ ифлослантиряпти (Маълумот учун: 10 тн кўмирёқилғиси ёқилганида атмосфера ҳавосига 220кг қурум, 360 кг олтингугурд II оксиди, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот II оксиди ва 2 тн кул чиқиндиси ҳосил бўлади),

- иссиқлик марказларида қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилиши ҳам атмосфера кескин ифлосланишига олиб келмоқда (биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказларининг 9 та қозонхоналарида декабрь ойининг ўзида 3 минг тн мазут ёқилган),

- муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда чорва моллари тизимсиз боқилиши сабаб экотизимларнинг бузилиши, катта ер майдонлари деградацияси чўлланишга олиб келмоқда, натижада иқлим ўзгаришининг таъсири кучаймоқда,

- пойтахт атрофи жойлашган кўплаб иссиқхоналар, уларга табиий газ берилмаётгани сабаб, кўмир ёқяпти, ҳатто баллон ёқишгача боряпти, чиқаётган зарарли тутунлар Тошкент шаҳри ҳавосига салбий таъсир қилмоқда.

Иқлим ўзгариши натижасида экстремал ҳарорат, чангли бўронлар, қурғоқчилик ҳолатлари кўпаймоқда. Биз эса ўз қўлларимиз билан ҳолатни янада ёмонлаштиряпмиз.

PM (particle materials) – биз сиз билан нафас олаётган муаллақ зарралар ёки оддий айтсак, ҳаводаги заррачалар, яъни чанг миқдори. Чанг ҳосил бўлиши манбалари:

  • иссиқлик электростанциялари;
  • саноат корхоналари;
  • автотранспорт;
  • қишлоқ хўжалиги;
  • қурилиш.

Чангни тарқатиб юборувчи омиллар бор. Булар: шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинлари миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (яъни аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами).

Энди инсонлар, яъни бизлар кўрсатадиган таъсир ҳақида.

Тошкент шаҳри чуқурликда жойлашган. Бу ерда биноларни зич жойлаштириб қуриш, режасиз қуриш ҳаво айланишига тўсқинлик қилади.

Қурилишларда қоидаларга амал қилмаслик, саноат корхоналари, саноат зоналарининг кўплиги, иссиқлик электростанциялари кўпайиши, жамоат транспортини қулай қилмаслик эвазига, енгил машиналар сони кўпайиши, кўмирдан фойдаланиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни ёндириш, экин майдонларининг ёқилиши, кўкаламзорлаштириш фоизининг камлиги, табиатни қўриқлаш тадбирларининг самарасизлиги ва бошқалар.

Нима қилиш керак? Экология вазирлиги таклифлари:

Автотранспортдан чиқаётган зарарли моддалари ҳажмини камайтириш мақсадида:

  • 2025 йил 1 июлдан бошлаб “Евро-5”стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан фойдаланишни тақиқлаш;
  • тирбандликларни камайтириш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) N2ва N3 тоифали (юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва12 тоннадан ортиқ) транспорт воситалари харакатини чеклаш;
  • 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишини тақиқлаш, автотранспорт воситалари эгаларига замонавий автотранспорт воситаларига ўтиш учун (электромобил) имтиёзлар, переференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;
  • фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган автотранспорт эгалари мажбуриятини ошириш, иқтисодий жиҳатдан самарасизлигини таъминлаш учун махсус солиқ турини жорий этиш;
  • шаҳарнинг марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил этиш;
  • транспорт ва пиёдалар оқими кесишмалари сонини камайтириш, магистраллардаги юклама даражасини пасайтириш, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш ҳисобига йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш;
  • жамоат транспортини тўлиқ электр ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш;
  • Шаҳар ва аҳоли яшаш пунктларида кўмир ва мазут ёқилғисидан фойдаланишни кескин тақиқлаш зарур.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида қурилишларга мораторий эълон қилиш, сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш, атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш, илмий хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқзорралар кўчишини олдини олишга қаратилган, Тошкент шаҳри атрофида “яшилбелбоғ”лар барпо этиш керак.

Мавзуга оид