Жамият | 18:06 / 13.02.2024
14652
9 дақиқада ўқилади

“Малака ошириш тизимида кўпроқ илмга асосланиш керак” — таълим эксперти

Малака ошириш тизими ўқитувчининг муаммоларини аниқлай олмаяпти: ечим беришдан олдин муаммони аниқлаб олиш керак. Қолаверса, асосий эътибор кўникмага эмас, билимга қаратиляпти. Тоифа бериш учун ўтказиладиган аттестацияда эса топшириқларнинг валидлиги очиқланмайди, дейди педагог Шокир Турсун.

Kun.uz мухбири мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва уларга малака тоифасини бериш тизимининг ҳозирги ҳолати ҳақидаги саволлар билан таълим бўйича мутахассис, педагог Шокир Турсун билан суҳбатлашди.

— Шокир ака, дастлаб суҳбатни умумий саволдан бошламоқчиман. Таълимда педагогнинг энг асосий вазифаси нимадан иборат ва бу жараёнда унинг малакаси қанчалик муҳим ва ўқитувчи қандай малакага эга бўлиши керак?

— Ҳар қандай касбда биринчи ўринда лаёқат бўлиши керак деб ўйлайман. Касбий лаёқат 4 босқичли бўлади, ҳар қандай касб эгаси шу тўрталасидан бирига киради. Биринчиси, онгсиз лаёқатсизлик дейилади, бундай одам ўз касбига тегишли бўлган нарсалар ичидан нималарни билмаслигини билмайди, булар янгилик қабул қилмайдиган консерватив одамлар бўлишади. Иккинчиси, онгли лаёқатсизлик, бундайлар нимани қилолмаслигини, билмаслигини билади, бундай одам янгиликларга очилади, камчиликни тўлдиришга ҳаракат қилади. Учинчиси, онгли лаёқатлилик бўлади, бундай одамлар ўзининг нима қилаётганини, нимани қилишини яхши билади. Тўртинчиси, онгсиз лаёқатлилик, булар ҳамма нарсани тўғри қилади, лекин нима учун шу тўғри эканини билмайди, асослаб беролмайди. Энг хавфлиси биринчи ва тўртинчисидир. Энг яхшиси эса учинчи босқич. Ўқитувчиликда ҳам уларнинг қайси босқичда эканини аниқлаб, имкон қадар биринчи ва тўртинчи босқичдагиларни камайтириш керак бўлади.

Педагог ким? Менимча, ўқитувчи соҳаси бўйича ўзигача бўлган ҳамма билимларни ўқувчиларга проекция қилиб берадиган, уларнинг дунёқараши, хулқ-атвори шаклланишида 30 фоиз ҳисса қўшадиган шахс. Ўқитувчи билимларни проекция қилиб беради, токи ўқувчиларда кейинги билимларга асос пайдо бўлсин. Ўқитувчининг гаплари, юриш-туриши ўқувчи хулқи шаклланишида рол ўйнайди, айниқса бошланғич синфларда.

Дейлик, мен сентябрда янги синфга кириб, диктаторга ўхшаб қоидалар ўрнатадиган бўлсам, ўқувчи хулқига раҳбар ҳақ, итоат қилиш керак, деган нарсани сингдириб қўйиши мумкин. Лекин бошқача тарзда қилиш мумкин. Кириб туриб, 3 та қоидамиз бўлади: ўқитувчи амал қиладиган, ўқувчилар амал қиладиган ва қоида бузилгандаги жазо қўллаш, деган нарсани тушунтириб, муҳокама қилиб, болалар билан синф кодекси тайёрлаб хонага илиб қўйсак, ўқувчи ўзини жамиятда тенг ҳуқуқли инсон сифатида кўради, масъулиятли ҳам бўлади.

Масалан, мен она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлсам, 45 дақиқалик дарсим билим бермаслиги мумкин, лекин боланинг дунёқараши шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Биз жамоавий ўйинларда ғалаба қилолмаслигимиз негизини таълимда деб биламан. Таълимда кўпроқ индивидуал ишланади. Жамоавий ишлашга эътибор берсак, шунда бир-бирини тўлдиришни, жамоавийликни ўрганади.

Ҳар қандай ўқитувчида назарий билим бўлиши керак. Шу пайтгача таълимда исботланган назариялар, ҳар хил «-изм»лар мавжуд ва улар амалда ишлаши исботланган. Бу билимлар асосида инсоннинг ўрганиш жараёни қандай кечади, деган саволга жавоб бор. Ҳар қандай фан ўқитувчиси учун бу педагогика назарий билимлари муҳим ҳисобланади.

Бир мисол айтаман. Психолингвистика фанида тил ва инсон мияси муносабати ўрганилади. Одамнинг тили қандай чиқади, ниманинг ҳисобига сўз ясайди, бир бола сўзни нотўғри ишлатаётганига сабаб нимада, деган масалаларни ўргатади бу фан. Шу фанни ўқиганимдан кейин тил ўқитишга муносабатим ўзгарган, яъни тил ўқитиш ҳам мана шу мия ва тил муносабатига мос бўлиши керак, деб ўйлаганман.

— Малака ошириш ёки тоифа олиш тизимлари 5 йил олдингига нисбатан фарқли экани айтилади. Айримлар бунинг анча енгиллашиб, қизиқарлироқ, фойдалироқ бўлганини, бошқалар эса аксинча мураккаблашганини таъкидлайди.

— 5 йил олдинги ва ҳозирги малака ошириш тизими катта фарқ қилмайди, деб ўйлайман. Чунки ҳалигача билим ва кўникмани ажратмаяпмиз. Ўқитувчининг билими устида олий таълим ишлаб бўлган, дипломини берган. Шу нарса ўқитувчилар орасида кўп эътирозга сабаб бўлади, яъни мактабда ўқидим, ўқишга шундан имтиҳон топшириб кирдим, олий таълимда ҳам ўқидим, булар эса яна шуни сўраяпти, деган маънода. Шахсан мен учун ҳам ортиқча жараён бу, асабийлаштиради. Имтиҳон эса доим стрессли бўлади қанчалик тўғри ва шаффоф бўлмасин. Умуман, малака ошириш ва аттестациядан ўтказиш тизимини яхши деёлмайман.

Малака ошириш тизими ўқитувчиларнинг муаммосини аниқлай олмаяпти, ечим беришдан олдин муаммони аниқлаш муҳим. Малака ошириш тизимига кирганда диагностик тест берилади, масалан, мен ҳамма тестларни яхши ечдим, фақат қайсидир соҳамда 75 фоиз бўлиб қолди, лекин барибир 18 кредитли ўқишим керак бўлади. Шунда у тестни ечганимдан нима фойда бўлди? Нега муаммоларим йўқ фандан яна кредит олишим керак? Ортиқча иш, ортиқча стресс. У ерда ўргатиладиган маълумотлар мен учун ёқимли бўлса, олдин кўрмаган бўлсам экан ёки жараён қанақадир қизиқ бўлса экан. Минглаб ўқитувчилар малака оширяпти мен билан тенг, лекин онлайн бўлгани учун улар билан гаплашолмайман.

Яқинда Ҳонг Конгдаги бир университетнинг қандай қилиб университетда яхши ўқитувчи бўлиш мумкинлиги ҳақидаги курсида қатнашдим. Уларнинг курси ва бизнинг малака оширишни солиштирса, ўртада жуда катта фарқ бор. Улар ҳар бир нарсанинг назариясини, асосини тушунтиради, топшириқ беради шу бўйича, топшириқни юборгач, улар менга жавоб беришади, нима муаммо борлигини, қандай адабиётларни ўқишим кераклигини айтишади. Бизникида битта мавзу ўқилади, тест чиқади, видеолари ҳам зерикарли, тестларни маъруза матнига қараб ечиб-ечиб кредит ёпилади. Бу нарсани мен ўзимга эп кўрмадим, рости, педагог сифатида ғуруримга тегади бу. Малака ошириш институтидаги устозларга ҳурмат сақлаган ҳолда айтяпман, албатта.

— Малака тоифасини олишдаги мантиқан бошланғич босқич бўлган диагностика тестлари ҳақида сўрамоқчиман. Бу тестлар малака оширишга бўлган эҳтиёжини аниқлаши айтилди. Ўтган йили декабр ойида синов тариқасида имтиҳонлар ҳам бўлиб ўтди.

Кузатувчи ва бевосита қатнашган инсон сифатида айтсангиз, бу тестлар ҳақиқатан ҳам малака эҳтиёжини аниқлаш учун хизмат қилдими? Ўзи бу тестлар орқали малака эҳтиёжини қай даражада аниқлаш мумкин? Аслида идеалда касбий эҳтиёжи қандай, кимлар томонидан аниқланиши керак?

— Давлат, давлат шерикчилигидаги ёки умуман хусусий бўлган ҳар қандай тест маркази томонидан аниқланса бўлади. Диагностик тест деганда фақат вариантли тестни тушунмаслик керак, сўровнома, анкета тўлдириш, оғзаки тарзда, иш фаолиятини кузатиш тарзида бўлиши мумкин. Айтганимдек, ҳар қандай тест маркази томонидан ўтказиш мумкин, тестология қоидаларига мос тарзда, албатта.

Бўлиб ўтган тестларга тўхталсак. Ўзимнинг йўналишимда қатнашдим мен хам, яъни она тили ва адабиётдан. Методика бўйича 5-6 та савол тушди. Бир саволда 4 та вариант бир-биридан биттадан сўз билан фарқланган. Шу вазиятда мен тўғри жавобни биламан, биттадан сўзлар билан фарқлангани учун бу тест айнан қайси китобдан олинганини топиб, шунга кўра тўғри вариантни белгилашим керак бўлади. Тўғри ёки нотўғри жавоб берсам ҳам, менинг савол бўйича билимларим ёки бўшлиқларим аниқланмайди. Тестология қоидасига кўра, нотўғри жавоблар муаммони аниқлашга хизмат қилиши керак. Дейлик, тўғри жавоб А вариант, малака оширувчи Б вариантни белгилади, шундай вазият айнан нега Б жавобни танлагани муаммони очиб бериши керак. Лекин биздаги диагностик тестлар бу талабга жавоб бермайди, ҳаммаси хотира текшириш тестлари холос.

Мен она тили ва адабиёт ўқитувчисиман, лекин менга адабиётдан 1 дона савол тушди, у ҳам қайсидир асарни ким таржима қилгани ҳақида. Яна бир тестда ўқувчининг ўзлаштиришига бевосита таъсир қиладиган омил қайси, деб, диққат, эътибор, хулқ-атвор, тарбия деб бериб қўйибди вариантларни. Шунда мен «диққат» деган жавобни белгиласам, қолганлари ўзлаштириишга таъсир қилмайди деб рад этган бўламан. Лекин қолганларини таъсир қилмайди деб айтолмаймиз, мавҳум нарса бу. Қайсидир педагог олим қўлланмасида шунақа деган, улар эса шундан тест тузиб қўя қолишган. Бундай тестни тўғри ечсам ҳам, нотўғри ечсам ҳам, муаммомни кўрсатиб беролмайди. Ҳатто билимни ҳам текширолмайди бу тестлар.

Бундан ташқари, диагностик тестларда жуда кўп имловий хатолар бор. Хафа бўлишмасин-ку, лекин қўл учида ишлашган. Она тили ва адабиёт фани тестида имловий хато бўлиши бу тестни шунчаки тест сифатида тан олмасликка асос бўлиши керак ўзи.

  • Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видеода томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид