Жамият | 14:21 / 14.02.2024
34828
8 дақиқада ўқилади

“Ота-оналар фарзандини кимдан ҳимоя қилишни билиши керак” — педофилия қурбонининг ҳикояси

Ёш болангизни дуч келган одамга ишониб топширишга мойилмисиз? Kun.uz'нинг “Ниқоб” лойиҳаси илк сони бу ҳақда ўйлаб кўришга ундайди. Аноним видеоҳикояда 10 ёшида педофил ҳамласига дучор бўлган, кейин эса умри давомида ўша кунни ёдидан чиқаролмай, руҳий жароҳатни енгиш учун унинг асоратлари билан курашиб келаётган кишининг кечинмалари билан танишасиз.

Бошланғич синфда ўқиётган пайтларим эди, ёшим 10 да эди. У даврда сартарошхоналар кўп бўлмасди. Бизнинг маҳаллада этикдўзлар ишлайдиган кичкина кулбада сартарошхона очилди. Ўртоғимнинг онаси биз – 3-4 та болани ўша ерга олиб бордилар биринчи марта. Сартарош 50 ёшлардан ошган одам эди. Ўртоғимнинг онаси бизни ўша ерга ташлаб кетди, сочимизни кал қилиб олдириб чиққанмиз. У одам кулиб турарди, бизни ҳам кулдириб гапиргани учун яна боргимиз келарди.

Бир-икки ой ўтгач, яна бордик соч олдиришга. Ўшанда менга сен дўмбоққина экансан, юзларинг ширин экан, деб ҳар хил гаплар айтди. Сочимни олаётганда бадамюнимнинг ҳар жойига тегиб кетиб, ноқулай ҳолатга туширадиган ҳаракатлар қилган. Бизга ҳеч ким бу нарса ҳақида айтмаган, шунинг учун соч олаётган пайтда тегиб кетаётгандир, деб ўтираверганман. Чиқиб кетаётганимда елкамга уриб, «Сен келгин, албатта, кутаман» деди. Болалар билан соч олдиришга бориб турдик.

Июнь ойлари эди, 4-синфни битираётганимда сартарошхонага бир ўзим боришимга тўғри келиб қолди. Борсам, бир кексароқ одамнинг соқолини олаётган экан, мени кўриб хурсанд бўлиб кетди. Кекса одам кетгач, яхши гапириб менинг сочимни олди. Қарши бўлмасанг, ойнани ёпаман, деди, нимага бундай деганини билмай рози бўлдим. Хона қоронғироқ бўлди. Эшикни ҳам ёпган экан, сезмагандим. Кейин олдимга келиб, сени яхши кўриб қолдим, ширингина, дўмбоқ бола экансан, қўрқма, мен сенга ёмонлик қилмайман, деб гапириб бошлади. Шундан кейин оёқлари билан оёғимни қисиб юзимга тегинишни бошлади, қўрқиб кетдим. Томоғимдан қисиб олди, гапиролмай қолдим, худди ўлдириб қўядигандай эди. «Қўрқма» деб бир қўли билан шалваримни туширишни бошлади. Мен титрай бошладим. «Сени яхши кўраман, қўрқма, яхши бўлади. Ўғил боласан-ку...» деган гаплар айтди. Қўрққанимдан терлаб, кўзимдан ёш оқа бошлади. Нима бўлаётганини билмасдим, тураман десам, қўли билан орқага босиб турди. Яхши кўраман деган гапни кўп айтаверди. Айтишга ҳам қийналаман. Бошини пастимга олиб... 2-3 дақиқа давом этди, лабларини, соқолини сездим. Кейин тортмадан нимадир олиб артди... «Сенга айтдим-ку, маза қиласан» деди. Нима бўлганини билмасдим, қўрқиб кетдим. Туришга ҳам ҳолим йўқ эди. Мени турғизаётганда ҳам ўпишга ҳаракат қилдим, ижирғаниб юзимни олиб қочдим. Қанақадир суюқлик чиққанидан қўрқиб кетдим. Ота-онамиз ё бошқа биров бизга бунақа нарсалар ҳақида гапирмаган. Мени ўлдириб қўяди деган ўй ўтаверди. Кўнглим айниб кетаверди. Ойналарни очиб, кўчага кичкина стулчага ўтқазди мени. Сув олиб чиқди, лекин уни ичишдан қўрқдим, ичига нимадир солиб қўйган деб ўйладим. Бошқа одамларни сартарошхона ишламаяпти деб қайтариб юбораверди. Қўл-оёқларим увишиб ўрнимдан туролмасдим, ичимда «қочиб кет» деган овоз келарди, лекин ҳеч қаерим ишламасди. Билмайман қанча ўтирганимни. Кўнглим айнийверди, у одамдан бадбўй ҳид келарди. Ўша ҳид ҳали ҳам миямда қолиб кетган.

Сал ўзимга келганимдан кейин олиб бориб қўяман деди, йўқ дедим, ўзим бир амаллаб куч топиб турдим. «Яхши бўлди-ку, маза қилдинг-ку» деган гаплар айтди, яна нималар деб қолганини эслолмайман. Уйга қандай етиб борганимни ҳам билмайман. Ўзимни худди кирдай ҳис қилардим. Ҳовлига киришим билан шлангдан чиқаётган сувни устимдан қуйдим. Соч олдирганим учун шунақа қиляпти деб ўйлашди ота-онам. Хонага киргач, фақат кўзимга ёш келаверди. Ўзимча у одам менга қанақадир касал юқтирди, йирингли нарса бўлса керак, деб ўйладим. Онамга айтгим келди. Кўзимни юмсам, мени бўғаётгани тасаввуримда пайдо бўлаверарди. Онамнинг соғлиғи яхши бўлмагани учун айтишга қўрқдим. Ўзимни айблор ҳис қилаверардим. Кўнглим айнийверарди. Яқин дўстимга айтмоқчи бўлдим, лекин айтолмадим.

Ўша сартарошхонага бормай қўйдим. Ўртоқларимдан доим сўрар экан мени. Уйимни, мактабимни суриштирибди улардан. Доим кулиб юрадиган бола эдим илгари, ота-онам сенга нима бўляпти, деб сўрарди. Бир марта мактаб ёнида кўриб қўрқиб кетганман. Ўшанда нииа бўлганини ҳеч тушунолмасдим, биров айтмаган ҳам бизга. Кейинчалик жинсий ҳаёт ҳақида катта акаларимиздан эшитиб била бошладим, лекин у одамнинг қилган ишини тушунолмасдим. Ўзимни айбдор ҳис қилардим, кирдек туюлардим ўзимга. Бир ўзим юришга қўрқадиган бўлиб қолгандим. Мактабга кетишда ҳам ўртоқларим чақиргпч, бирга кетардим.

Катта бўлиб у-бу нарсани била бошлаганимда ўзимдан жирканиб кетардим. Ўзимни энг паст одамдек ҳис қилардим. Олийгоҳга ўқишга кириб, ўқиб юрган пайтларимда педофил ҳақида билганман. У одам қариб қолган, болалари, неваралари бор эди. Топиб бориб ўлдиргим келарди.

Ўша воқеадан бир неча йил ўтиб сартарошхона ўрнида кўп қаватди уйлар қурила бошланган. Орқа маҳаллада яшашини эшитганман, холос. У воқеани унутишга ҳаракат қилардим, чунки жинни бўлиб қоламан деб ўйлардим. Тунлари мени бўғаётгани хаёлимга келаверарди, тушимда кўрардим. Бир-икки марта бориб ўша одамни қидириб кўрдим. Ўлиб кетганини билгач, баттар алам қилди, қанақадир қасос олинмай қолгандек эди. Битта менга қилганми ё бошқа қурбонлари ҳам борми, билмадим...

Мактабларда болаларга тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Аврат жойларини ота-онадан бошқа ҳеч ким кўрмаслиги, тегинмаслигини уқтириш керак. Бизда хунук одатлар бор: кичкина ўғил болалар кўчада иштонсиз юраверади, одамлар ҳазиллашади, расмларгаям оламиз. Кимдир ёмон ният билан қараётгандир, билиб бўлмайди-ку. Болаларга эҳтиёт бўлишни ўргатиш лозим. Қўрқинчли, ёмонлиги билиниб турган одамлардан узоқроқ юришни айтамиз, лекин ҳеч кутилмаган одам ҳам шундай ёмон ниятда бўлиши мумкин. Болалар фақат ёмонлиги билиниб турган одамлардан қўрқишни ўрганади, бизга ҳам шундай ўргатилган. Шунинг учун ҳар қандай бегона одамдан эҳтиёт бўлиш керак, таниш бўлса ҳам.

Бизда жабр кўрганни айбдор санаш ҳам бор. Педофил қурбони ҳеч қачон айбдор бўлмайди. Педофиллар касал бўлади, улар бир кўз остига олган боланинг изидан қолмайди. Ота-оналарга болалар очиқ айта олиш керак, бунинг учун эса уни айбдор қилмасликларини ҳис қилиши керак бола. Болалар кўчадан сал кеч келса ҳам, айбдор қилиб уришиб берамиз. Бундай айбловлар ортидан бола ҳамма нарсани яширишга ҳаракат қилади. Ҳар доим фарзандга ишончли дўст бўлиши керак ота-оналар.

Ўзимга ўхшаб педофилиядан жабр кўрган одамларни учратдим. Уларнинг кўпчилиги ўзини тиклай олмайди, жонига қасд қилганлари ҳам бор. Айниқса, ҳозир жуда кўпайиб кетди педофиллар. Кастрация қилиш керак дейишади, лекин уларнинг касали миясида, улар ҳеч қачон ўзгармайди. АҚШда педофилларнинг очиқ маълумотли рўйхати юритиладиган сайтлар бор, бизда ҳам шундай бўлиши керак. Ўз ҳудудида шундай инсон борлигини билиши керак ота-оналар, болалар-ку тушунмайди. Кастрация қилган билан педофил бошқа ҳар хил йўл билан ўз шаҳватини қондириши мумкин. Шунинг учун очиқ маълумотлар бўлиши керак педофил ҳақида. Ота-оналар ўз боласини кимдан ҳимоя қилиш кераклигини билиши керак.

Ўша вақтларда кечалари ухлолмасдим. Кимдир менга, айниқса, катта инсонлар тегса, сесканиб кетардим. Ҳайрон бўлишарди улар ҳам. Фақат аёл сартарошларга борардим. Олийгоҳга ўқишга кирганимдан кейин яқин бир дўстим менга диний билимлар ўргатарди. Аллоҳга ишонч, намоз орқали ўзимни тинчлантирдим. Рўза пайтим ёки намоз пайти умуман бу муаммоларни эсламайман. Фақат иймоним қутқаради мени. Ота-онам, аёлим, фарзандларим куч беради менга.

Мавзуга оид