Ўзбекистон | 11:09 / 15.02.2024
8210
4 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги экинларини совуқдан асраш бўйича тавсиялар берилди

16 февралдан Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво массалари кириб келади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги етиштирилаётган экин ҳамда ўсимликларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан қандай асраш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги республикага совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши муносабат билан қишлоқ хўжалиги экинларини асраш юзасидан ўз тавсияларини эълон қилди.

Вазирликка кўра, етиштирилаётган экин ҳамда ўсимликларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан асрашда қуйидагиларга амал қилиш тавсия этилади:

  • Ўраб қўйиш. Дарахтлар ва ўсимликларни совуқ уриши ва қордан ҳимоя қилиш учун махсус материаллар (мато, плёнка, крафт-қоғоз, спанбонд) билан ёпиш зарур. Бу гуллайдиган куртакларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан сақлаб қолишга ёрдам беради;
  • Озуқа моддалари билан суғориш. Совуқ ҳаво массаси кириб келишидан олдин дарахтлар етарли даражада намлик ва озуқа олган бўлишига ишонч ҳосил қилиш керак. Одатда сувга ва фойдали моддаларга тўйинган дарахтлар паст ҳароратларга кўпроқ чидамлироқ бўлади;
  • Мулчалаш. Экинлар илдиз зонасини махсус озуқа моддалар билан қоплаш тупроқдаги иссиқлик ва намликни сақлаб қолишга ёрдам беради, бу эса илдизларни совуқдан ҳимоя қилади;
  • Шикастланган шохларни кесиб ташлаш. Қор оғирлиги остида баъзи шохларни синиши ёки совуқ уриши хавфини камайтириш учун қуриб қолган ёки шикастланган новдаларни кесиб ташлаш мумкин. Сўнг, кесилган жойни мис сулфатнинг сувли эритмаси (1 литр сув учун 1 чой қошиқ модда) билан ишлов бериш керак;
  • Шамолдан ҳимоя қилиш. Имконият бўлса, дарахтлар ва ўсимликлар атрофида вақтинчалик шамол тўсиқларини яратиш зарур. Бу тўсиқлар экинларни елвизаклардан асрашга ёрдам беради.

 Шунингдек, суғориш имконияти бор худудларга ғаллани шарбат билан суғориш тавсия этилади. Гектарига 150 - 200 кг.дан аммиакли селитра ёки сулфат аммоний ўғитидан берилиши ҳам ғалла майсаларнинг ўсиш ва ривожланишини тезлатиб, илдиз тизимини яхши ривожлантиради ва совуқ хароратдан химоя қилади. 

Бундан ташқари, қисқа муддатли совуқ кунлар бўлиб ўтгандан сўнг сабзавот экинларини “стрес” ва “шок” холатдан олиб чиқиш учун қуйидаги агротехник тадбирларни амалга ошириш фойда беради: 

  • ўсимликни қўшимча озиқлантиришга катта эътибор қаратиш лозим, бунда турли микроэлемент, аминокислоталарга бой препаратлар (Viusid, Biotrac сингари таркибида бор элементи мавжуд бўлган озиқалар) билан баргидан озиқлантириш самарали; 
  • ўсимликни ўсиш ва ривожланиш жараёнини тезлаштириш мақсадида азотли ўғитлар билан озиқлантириш зарур, бунда тез таъсир этувчи (сулфат аммония) минерал ўғитлардан фойдаланилиш зарур;
  • Ҳаво харорти ўсимлик учун паст бўлса, эгат устини симбағаз усулида шаффоф пленка билан вақтнича ёпиб туриш мақсадга мувофиқ;
  • барча агротехник тадбирларини интенсив усулда, қисқа муддатларда амалга ошириш зарур, тупроқ намлигини сақлаб туриш учун суғориш керак.

Олдинроқ ҳавонинг кескин совиши Ўзбекистонда эртапишар пиёз ҳосилига салбий таъсир қилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, республика бўйича 2024 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларда август-сентябр ойларида 64 минг гектар, ноябр-декабр ойларида тўқсонбости усулида 82,8 минг гектар майдонда пиёз экилган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 феврал куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17–19 феврал кунлари эса республиканинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади ҳамда ҳаво ҳарорати кечалари –8 даражагача пасаяди

Мавзуга оид