Ўзбекистон | 13:50 / 17.02.2024
24500
1 дақиқада ўқилади

Tashkent Index'да автотураргоҳларнинг том қисми машиналар устига қулагани айтилмоқда

Автотураргоҳларнинг енгил конструкцияли том қисми кеча ёғган қорни кўтаролмай қулагани тахмин қилинмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Tashkent Index бозорида автотураргоҳларнинг том қисми машиналар устига қулагани тасвирланган видеолар тарқалди.

Видеоларда автотураргоҳларнинг енгил конструкцияли устунлари ва том қисми кеча ёғиб ўтган қорнинг оғирлигини кўтара олмай қулаши натижасида ўнлаб автомобилларга шикаст етгани кўринади.

Том остида қолиб шикастланган импорт машиналарда авторақамларнинг йўқлиги улар сотиш мақсадида бу ерга олиб келиб қўйилганидан дарак беради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ҳодиса ҳақида маълумот йўқлигини, Tashkent Index'дан изоҳ олиш лозимлигини билдирди.

Kun.uz ҳодиса юзасидан изоҳ олиш учун Tashkent Index'нинг Telegram-каналида кўрсатилган рақамига қўнғироқ қилди. Бироқ рақам ишламаяпти.

Аввалроқ, бир неча марта Сергели туманида жойлашган машина бозори Tashkent Index'га кўчирилиши ҳақида гап-сўзлар тарқаган. Бироқ Сергели машина бозори раҳбарияти бундай топшириқ бўлмаганини айтиб чиққанди.

Мавзуга оид