Жаҳон | 14:59 / 22.02.2024
38545
9 дақиқада ўқилади

«Бизга чекинишни айтишди, аммо руслар ортимизда эди». Авдийивка ташлаб чиқилиши тафсилотлари

Украин ҳарбийлари шаҳар шарқидаги «Зенит» таянч пунктидан чекинишга кечиккан ва қуршовда қолиб кетган. Қуршовдан чиқиш учун ҳарбийлар мустақил ҳаракат қилишига тўғри келган ва уларнинг бир қисми йўлда ҳалок бўлган. Ярадорлар ҳарбийлар таянч пунктида қолдирилганди, лекин улар асир олинмаган, ижтимоий тармоқларда уларнинг жасадлари акс этган видео тарқалди.

Фото: Getty Images

Украина ҳукумати ўтган ҳафтада РФ армияси назоратига ўтган Авдийивка шаҳрида украиналик ҳарбий асирлар отиб ташлангани эҳтимоли юзасидан текширув ўтказмоқда. Украин қўшини чекинаётганда шаҳар шарқидаги «Зенит» таянч пунктида олти нафар ярадор ҳарбий қолдирилган: қариндошлари ва бошқа украин ҳарбийларига кўра, улар асир тушишга тайёрланган. Аммо кейинроқ Россиядаги телеграм-каналлар ушбу ҳарбийларнинг жасадлари акс этган видеони намойиш этди.

BBC ўша фожиали воқеалар кетма-кетлигини аниқлаш учун қуршовда қолиб кетган ушбу ҳарбийларнинг қариндошлари, шунингдек «Зенит»да бўлган бошқа ҳарбийлар билан гаплашди.

Уларнинг ҳикоялари нафақат россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақида, балки украин қўшини тартибсиз чекингани ва эҳтимол шахсий таркибда кўплаб йўқотишларга учралгани тўғрисида картина ҳосил қилади.

17 феврал куни эълон қилинган Авдийивкадан чиқиш бошланишидан олдинроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа қисми жойлашган «Зенит» таянч пунктидаги ҳарбийлар ўз қўмондонлигига зудлик билан чекиниш лозимлигини билдирган. 110-Алоҳида механизациялашган бригададан бўлган ва сўнгги ҳафталарни «Зенит»да ўтказган Виктор Билякнинг айтишича, аскарлар ҳатто ротада хизмат қилишдан бош тортишини маълум қилишганди.

«Мен нима қилишни билмаяпман»

Жанг қилиб чекиниш ҳақида буйруқ келганида эса жуда кеч бўлганди — уларнинг позицияси аллақачон қуршаб олинганди.

Ҳарбий шифокор Иван Житник 13 феврал куни ўз куёви Дмитрога шундай ёзади: «Бизга чекинишни айтишди, ортда эса [россияликлар]. Мен нима қилишимни билмайман. Шокдаман».

Иван Житник россияликлар позицияга кириб келишидан бир неча соат олдин қариндошлари билан гаплашган

Ҳудуддан чиқишга уринган биринчи гуруҳ амалда рақибни яксон қилиб, қолганлар учун ўтиш йўлини таъминлаши режалаштирилганди. «Булар энг жасур аскарлар эди», — дея хотирлайди Виктор Биляк. Бу гуруҳдан Иван Житник, шунингдек унинг хизматдоши Андрий Дубницкий ҳам жой олганди. Улар ўшанда ҳали «Зенит»да ташлаб кетиладиган олти ҳарбий ичида бўлишларини билишмасди.

Уларнинг гуруҳи 13 февралдан 14 февралга ўтар кечаси йўлга чиқади. «Ташқарига чиқиши билан улар рақиб билан тўқнашади, — дея ҳикоя қилади Биляк. — Отишма бошланади ва уларнинг устига артиллерия ўқлари ёғдиришади». Гуруҳ ортга қайтишга мажбур бўлади. Базага ўн кишидан фақат уч киши, жумладан Житник ва Дубницкий қайтиб келади.

Аммо Иван икки оёғидан жароҳатланганди. У йўлда йиқилади ва ўрнидан қимирлай олмайди. Тонг отганда «Зенит»даги қуролдошлари уни қутқариш учун чиқишади.

Виктор Биляк ва яна уч аскар Иванни замбилга ортади ва миномёт зарбалари остида ҳаракатланишади. Миналардан бири Викторнинг ёнида портлайди: у яраланади ва базага қайтишга мажбур бўлади. Унинг ўрнига Георгий Павлов чиқади, кейинроқ у ҳам ташлаб кетилган олти аскар қаторида бўлади.

Иванни «Зенит»га олиб қайтишади, аммо уни қутқариш учун борган ҳарбийларнинг барчаси бу вақтга келиб жиддий жароҳат олганди.

Россиядаги манбалар эълон қилган видеода Андрий Дубницкийнинг жасадини ҳам танишган

«Ярадорларни қолдиринг»

Қариндошларнинг сўзларига кўра, қўмондонлик ярадорларни эвакуация қилишга ваъда берган, аммо бундай гуруҳ барибир бормаган. Иван рация орқали алоқага чиқиб, уларни қачон олиб кетишларига қизиққанида унга барча ўзи мустақил равишда қуршовдан чиқиши кераклигини айтишган. «Ярадорлар билан нима бўлади?» — дея сўраган у. «Ярадорларни қолдиринг», — дея жавоб берган штаб бошлиғи.

«Бу гапларни рация орқали барча эшитди», — дейди Виктор Биляк.

Якунда ўзи ҳаракатлана олмайдиган беш ҳарбий, жумладан Иван Житник, Андрий Дубницкий ва Георгий Павлов таянч пунктда қолишади.

Қуролдошларни ташлаб кетиш осон бўлмайди, аммо барча уларни олиб чиқиш имкони йўқлигини тушуниб турарди.

Георгий Павлов позицияда қолган ҳарбийлардан бири эди

«У ерда масофа [катта] эди, қоронғилик, вайрон бўлган йўллар, тинимсиз отишмалар. Елкалаб олиш жуда қийин, доим тўхташга ва одамлар тўпланиб юришига тўғри келарди. Шунчаки омон қолиш учун ҳаракатланиш керак эди», — дея изоҳлайди Биляк.

Аммо қолган олти киши орасида Микола Савосик ҳам бор эди. У яраланмаганди, аммо қуролдошларига ғамхўрлик қилиш учун қолишга қарор қилади. У асирга тушишса, омон қолдиришларига умид қилган.

Биляк билан бирга қуршовдан чиқишга ҳаракат қилганларнинг кўпчилиги ҳам кейинги пунктга етиб кела олмайди.

«Биз кичик гуруҳларга бўлиниб ҳаракатландик, — дея ҳикоя қилади Биляк. — Очиқ майдон бўйлаб бир километр. Душман ўт очди — миномётлар, танклар, артиллерия, тунги камикадзе дронлардан — барчасидан бирданига».

Викторнинг ортидан ҳаракатланган гуруҳ снаряд зарбасига учрайди. Улардан ҳеч бири омон қолмайди.

«Уларни россияликлар ўлдиришган»

Виктор ва бошқалар Авдийивкадаги асосий позициягача етиб олишга ҳаракат қилаётганида «Зенит» таянч пунктидаги ярадорларни азобли дақиқалар кутаётганди.

Улар ўз қариндошларига қўнғироқ қилишади ва бўлаётган воқеаларни айтиб беришади.

Иван ўз синглиси Екатерина билан боғланади. Ижтимоий тармоқларда у йиғлаб, акасидан уларни нега ташлаб кетишганини сўраётган видео тарқалган.

110-бригада матбуот хизмати тарқатган баёнотга кўра, «Зенит» таянч пункти тўлиқ қуршаб олингани туфайли, украиналик ҳарбийлар ичкарида қолган ярадорларга ёрдам кўрсатилиши учун «душман томон билан асирлар алмашинуви бўйича музокаралар олиб борадиган ташкилотлар»га алоқага чиқишган.

Хабар қилинишича, Россия томони уларни эвакуация қилишга, кейин  эса алмашишга рози бўлган.

Бу маълумот Иванга ва «Зенит»да қолган бошқа ҳарбийларга етказилади. Уларга қаршилик кўрсатмаслик ва ўз жонини сақлаш буюрилади, аммо улар россияликлар ярадорларни омон қолдиришига у қадар ишонмаган.

Россия расмийлари бу ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.

15 феврал куни соат 11:15 да Инна Павлова ўғли Георгийдан шундай хабар олади: «Она, россияликлар биз шу ерда қолганимизни билишади». Шундан кейин у алоқага чиқмайди.

Худди шу вақтда Иван ўз куёви Дмитро билан яна боғланади. Мулоқот вақтида россияликлар улар жойлашган бинога кириб келишади. Дмитро видеоқўнғироқни ёзиб олган ва унда овозларни эшитиш мумкин. «Улар аллақачон шу ердами, Ваня?», — дея сўрайди Дмитро. «Ҳа» — дея секин жавоб қайтаради Иван.

Дмитро шу вақтда ёзишни тўхтатади, аммо қўнғироқ яна бир неча дақиқа давом этади. У Ивандан телефонни россияликларга беришни сўрайди ва улардан йигитларни ўлдирмасликни сўрамоқчи бўлади, аммо фақат шундай сўзларни эшитади: «Телефонни ўчир».

Ҳарбийнинг қариндошлари уларни асир олишларига ишонишганди. «Улар қаршилик кўрсатмади, — дейди Иван Житникнинг синглиси Екатерина. — Улар автоматларини четга қўйишди. Уларда ҳеч нарса йўқ эди. Ваня фақат сув олишни сўради».

Кейинги куни улар ижтимоий тармоқларда Россия каналлари тарқатган карахт қилувчи видеони кўришди. Улар қон кўлмагида ётган жонсиз жасадларни танишади. Иван сув солинган пластик бутилкани ушлаганча ётади. Андрий Дубницкийнинг рафиқаси қўлидаги татуировкаси танийди. Георгийнинг онаси Инна Павлова ҳам юзтубан ётган аскар — унинг ўғли эканига шубҳа қилмайди.

Ҳарбий асирларни ўлдириш ҳарбий жиноят саналади. Аммо қариндошлар яқинларининг ўлимида украин ҳарбий бошлиқларини ҳам айбламоқда. «Уларни россияликлар ўлдиришди, — дейди Инна Павлова, — бизнинг ҳарбий раҳбарият бунга йўл қўйиб берди».

Мавзуга оид