Жаҳон | 08:53 / 26.02.2024
6550
3 дақиқада ўқилади

NYT: МРБ раҳбари Уилям Бернс Украинага яширинча ташриф буюрган

Марказий разведка бошқармаси директорининг икки йил ичида Украинага ўнинчи ташрифи Вашингтон Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишига янги ишора бўлди, деди The New York Times нашрига разведка агентлигидаги манба.

Фото: Lamkey Rod/CNP/ABACA/picture alliance

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уилям Бернс 15 феврал куни Украинага яширинча ташриф буюриб, АҚШ томонидан молиялаштиришнинг янги миқдорига рози бўлишдаги муаммолар фонида мамлакат раҳбарларини «тинчлантириш» учун келган. Бу ҳақда 25 феврал, якшанба куни The New York Times (NYT) манбаларига таяниб ёзди

Баъзи Украина разведка ходимлари америкалик ҳамкасбларидан, агар муваффақиятсизликка учраса, Марказий разведка бошқармаси улардан воз кечадими ёки йўқми, шуни сўради. «Бу Афғонистонда аввал ҳам содир бўлган, энди Украинада ҳам бўлади», - дея хавотир билдирди украиналик юқори мартабали зобит.

«Биз кўп йиллар давомида Украинага аниқ содиқлигимизни намойиш қилдик ва бу ташриф АҚШ мажбурияти давом этишига яна бир кучли сигнал бўлди», деб тушунтирди АҚШ разведка манбаси жавобида. 

Разведка хизматлари ўртасида муваффақиятли ҳамкорлик 10 йилдан бери давом этяпти

Нашр ёзишича, бу - Бернснинг сўнгги икки йил ичида Украинага ўнинчи ташрифи. Газетанинг таъкидлашича, Марказий разведка бошқармаси ва Украина разведка хизматлари ўртасида 2014 йилдан бери яқин алоқалар мавжуд. NYT қайд этишича, бу вақт ичида Украина Кремлга қарши курашда Вашингтоннинг разведка хизматлари бўйича энг муҳим шерикларидан бирига айланди. 

Алоқалар шу қадар мустаҳкамландики, Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан сўнг, мамлакатда ишлаган Марказий разведка бошқармаси айрим ходимлари бошқа америкалик ходимлар билан бирга эвакуация қилинмади. Улар Бернснинг талабига биноан, Украина Хавфсизлик хизматидаги (СБУ) ҳамкасбларини ташлаб кетмаслик учун фақат Украина ғарбидаги меҳмонхона мажмуасига кўчиб ўтди. Уруш бошланганидан бери Марказий разведка бошқармаси расмийлари Украина расмийларига муҳим маълумотларни, жумладан, Россия зарбаларни қаерда режалаштираётгани ва қандай қурол тизимларидан фойдаланиши ҳақида тақдим этган. 

«Уларсиз биз руслар билан курашиш ёки уларни мағлуб этиш имконига эга бўлмаган бўлардик», дея ўша пайтда СБУ раҳбари бўлган Иван Бакановнинг сўзларидан иқтибос келтиради газета. 

Мавзуга оид