Жаҳон | 11:17 / 28.02.2024
5425
3 дақиқада ўқилади

Россияда 9 йил олдин отиб кетилган сиёсатчи Борис Немцов хотирланди

Россиянинг қатор шаҳарларида Борис Немцов ўлдирилгани 9 йиллиги муносабати билан одамлар сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликларга гул ва шамлар олиб келди.

Фото: VOA

Мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов Москвада ўлдирилганининг тўққиз йиллиги муносабати билан – 27 феврал, сешанба куни Россия қатор шаҳарлари аҳолиси сиёсий қатағон қурбонлари ёдгорликлари пойига гул қўйди. Айримлар 16 феврал куни Россия колониясида вафот этган сиёсатчи Алексей Навалнийнинг суратларини ҳам ёдгорликларга олиб келди.

Оммавий ахборот воситалари ва Telegram-каналларида ёзилишича, Борис Немцовни Москва, Самара, Владивосток, Томск, Новосибирск, Барнаул ва бошқа шаҳарлар аҳолиси хотирлаган. Россия пойтахтида кўпчилик «Немцов кўприги» деб атайдиган Болшой Москворецкий кўпригида мухолифат етакчиси ўлдирилган жойга одамлар гуллар ва шамлар олиб келди. «Можем объяснить» Telegram-канали ёзганидек, кўприкда полиция навбатчилик қилган. Бироқ қўлга олинганлар ҳақида хабар берилмаган. 

АҚШнинг Россиядаги элчиси Лин Трейси ҳам Болшой Москворецкий кўпригига гуллар олиб келди. «Борис Немцовнинг мероси россияликлар ва бутун дунё халқларини коррупцияга қарши курашиш, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун илҳомлантиришда давом этмоқда», — дейилади АҚШнинг Россиядаги элчихонаси X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. 

Санкт-Петербург аҳолиси Соловецкий тошига тўққиз йил аввал ўлдирилган сиёсатчи хотирасига гуллар олиб келди. 

Борис Немцовнинг ўлдирилиши 

Борис Немцов 2015 йилнинг 27 феврал куни кечқурун Кремлдан юз метр узоқликдаги Болшой Москворецкий кўпригида отиб ўлдирилган. Суд беш нафар Чеченистон фуқаросини айбдор деб топди ва узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди, улар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор. Булар Заур Дадаев (қотилликнинг бевосита ижрочиси), ака-ука Анзор ва Шадид Губашев, Темирлан Эскерханов ва Хамзат Бахаевдир. 

Қотиллик ташкилотчилари ҳозирча аниқланмаган. Немцовнинг тарафдорлари ва қариндошлари терговни танқид қилган, уларнинг аксарияти сиёсатчи ўлдирилишига Чеченистон ёки Россия раҳбарияти алоқаси борлигига ишончи комил. 

2015 йилда Немцовнинг яқинлари ИҲЕСга мурожаат қилган. 2023 йил июлида суд Россияда мухолифат етакчисининг ўлдирилиши бўйича самарали тергов ўтказилмагани ҳақида қарор чиқарди. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 2-моддаси («Яшаш ҳуқуқи») бузилган. Россия давлати сиёсатчининг жабрланувчи сифатида тан олинган қизи Жанна Немцовага 20 минг евро миқдорида товон тўлаши керак, деб қарор қилди ИҲЕС. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид