Ўзбекистон | 16:10 / 06.03.2024
6679
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистонга Россия гази транзитини қарийб 4 баробарга кўпайтирмоқчи

2026 йилдан бошлаб Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга импорти 3 млрд куб метрдан 11 млрд куб метргача оширилиши мумкин.

Фото: AP

Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит ҳажмини 2026 йилдан бошлаб дастлаб режалаштирилган йилига 3 млрд куб метрдан 11 млрд куб метргача ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлигига таяниб, ТАСС хабар берди.

“Ўтган йили давлатимиз раҳбари иштирокида мамлакатимиз ҳудуди орқали Ўзбекистонга йилига 3 млрд куб метргача Россия газининг транзити йўлга қўйилди”, – деди Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев.

Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонга газ транзити ҳажмини 11 млрд куб метргача ошириш режалаштирилгани келтириб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон илк марта Россиядан газ импорт қила бошлади. UzGasTrade ва “Газпром” ўртасида йилига 2,8 млрд куб метр ёки кунига 9 млн куб метргача газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Шундан кейин томонлар ўртасида ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар бошланган.

2024 йилги давлат дастурига кўра, “шимолдан импорт қилинадиган” табиий газ ҳажми кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача оширилади. Республика магистрал газ тизимини бунга тайёрлаш учун ташқи қарзлар ҳисобидан 500 млн доллар ажратиш режа қилинган.

Мавзуга оид