Жаҳон | 13:16 / 06.03.2024
3609
3 дақиқада ўқилади

Россия судлари 180 та компанияни миллийлаштириш бўйича даъволарни кўриб чиқмоқда

Миллийлаштирилиши режалаштирилаётган компанияларнинг умумий активлари тахминан 1,04 триллион рублни ташкил қилади. Бу 2023 йил учун Россия ялпи ички маҳсулотининг 0,6 фоизини ташкил этади.

Фото: Mikhail Tereshchenko/dpa/TASS/picture alliance

Россия Бош прокуратураси Украинада уруш бошланганидан бери 180 дан ортиқ хусусий компанияларни миллийлаштириш бўйича рекорд даражадаги 40 та даъво қўзғатди. Бу ҳақда 5 март, сешанба куни чоп этилган «Новая Газета Европа» ва «Трансперенси Интернешл - Россия» қўшма суриштирувида айтилган.

Суриштирув муаллифлари суд қарорлари асосида давлат фойдасига мусодара қилиниши режалаштирилган компанияларнинг умумий активлари тахминан 1,04 триллион рублни ташкил этишини аниқлади. Бу 2023 йил учун Россия ялпи ички маҳсулотининг 0,6 фоизини ташкил қилади. 

Миллийлаштириш бўйича энг кўп даъволар ҳарбий-саноат комплекси ва машинасозлик, озиқ-овқат ва балиқчилик саноати корхоналари, шунингдек, портлар, кўчмас мулк, қурилиш компанияларига тегишли. Суриштирувчилар таъкидлашича, мусодара қилишнинг расмий сабаблари кўпинча мулкка ноқонуний эгалик қилиш ва коррупцияга қарши қонунчиликни бузиш, шунингдек, Украина қуролли кучларини молиялаштириш бўлган. 

Россияда хусусий компанияларни миллийлаштириш Украинада уруш бошланганидан кейин кучайди 

Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳужуми ортидан даъволар сони кескин ошди. Шундай қилиб, 2020 ва 2021 йилларда Россия Федерацияси Бош прокуратураси ҳар йили судга атиги уч марта мурожаат қилган, 2023 йилда уларнинг сони деярли беш баравар кўпайган. Бунинг сабаби Россия қонунчилигининг қатъийлашувидир. Хусусан, 2022 йилда стратегик муҳим корхоналарда хорижий улушлар билан битимлар тузишни тақиқловчи фармон қабул қилинган бўлса, 2023 йилда дўст бўлмаган давлатларнинг компаниялари ёки жисмоний шахслари активлари устидан вақтинчалик назорат ўрнатиш имконияти тўғрисидаги фармон имзоланган, бу уларнинг миллийлаштирилишига олиб келди.

«Трансперенси Интернешл - Россия» бош директори Иля Шумановнинг сўзларига кўра, мудофаа секторини миллийлаштириш давлат томонидан Украинадаги уруш учун ишлайдиган корхоналарни назорат қилишда зарур. Қурилиш компаниялари кўчмас мулк ва ер нархлари, балиқ овлаш соҳаси балиқ овлаш квоталари ва флот туфайли Россия ҳукумати учун қизиқиш уйғотади. 

Бундан ташқари, Шумановнинг таъкидлашича, Россия Федерациясидаги миллийлаштириш тўлқини ўзига хос хусусияти Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) унда иштирок этишидир. Суриштирув натижаларига кўра, ФСБ материаллари бир вақтнинг ўзида бир нечта суд жараёнларида пайдо бўлган. 

Мавзуга оид