Жаҳон | 10:57 / 06.03.2024
3979
2 дақиқада ўқилади

Словакиялик олигарх Европолга қарши судда ғалаба қозонди

Мариан Кочнерга шахсий маълумотлари ошкор қилингани учун товон пули берилди. Илгари у иккита қотилликка буюртма берганликда айбланган, аммо оқланган.

Фото: Petr David Josek/AP

Словакиялик тадбиркор Мариан Кочнер 5 март, сешанба куни Люксембургдаги Европа судида (EuGH) Европа Иттифоқи полиция хизматига қарши судда ғалаба қозонди. Кочнерга Европол унинг телефон суҳбатлари маълумотларини рухсат этилмаган шахсларга бергани учун 2000 евро миқдорида товон пули тайинланган. Кочнернинг шахсий суҳбатлари маълумотлари Словакия матбуоти томонидан эълон қилинган, бу эса тадбиркор шахсий дахлсизлик ҳуқуқини бузган ва унинг обрўсига путур етказган, дейди судялар. 

Словакиялик мултимиллионер 2021 йилда Европа Иттифоқи Адлия суди (EuG) унинг даъвосини рад этганидан кейин Европолни Европа судига берди. Кочнер 100 000 евро миқдорида товон пули талаб қилди. 

Иккита қотилликка буюртма берганлик иши бўйича оқланган 

2023 йил 19 майда Словакия суди беш йил аввал журналист Ян Куцияк ва унинг келинини ўлдиришга буюртма берганликда айбланган словакиялик мултимиллионерни далил йўқлиги учун оқлади. Словакия прокурори Кочнер ва яна икки айбланувчига 25 йил қамоқ жазосини талаб қилди. 

Текширув давомида Европол Кочнернинг иккита мобил телефонидан шахсий маълумотларни олиб қўйди ва кейин уларни Словакия расмийларига топширди. Кейинчалик, Кочнернинг ушбу телефонлардан ўтказилган шахсий суҳбатлари маълумотлари Словакия матбуотида эълон қилинди. 

Мавзуга оид