Жамият | 11:56 / 10.03.2024
27601
2 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: арава тортиб Умрага борган отахон

Абдулҳамид Алиёров Бувайда тумани Жалаер маҳалласидан. У бозорда арава тортади, тўй-ҳашамларда самоварда чой қайнатиб, одамларнинг оғирини енгил қилади. Турмуш ўртоғи бир неча йил аввал жигар хасталигидан вафот этган. Икки ногирон фарзандини ҳам ота, ҳам она бўлиб парвариш қиляпти. Отахон пул жамғариб, Умра сафарига ҳам бориб келган.

Асосан деҳқон бозорида арава тортиб тирикчилигини ўтказаётган отахон оиласи ва Умрага бориб келгани ҳақида сўзлаб берди:

“66 ёшдаман. Ҳар якшанба куни бозорга чиқаман. Иш яхши бўлса, 200 минг сўмгача пул топаман.

Бошқа кунлари тўй-маъракаларда самоварда чой қайнатиб, тирикчилик қиламан. Ҳар хил одам бор, биров ўн минг, бошқаси эса беш минг сўм беради. Топган пулимга бозорлик қилиб, уйга қайтаман.

Икки қиз, икки ўғил — тўрт фарзандим, уч неварам ҳам бор. Турмуш ўртоғим 4 йил аввал оғир хасталикдан вафот этган.

Яратганга шукр, куч-қувватим бор. Кирларни ўзим юваман, ош-овқатимни ҳам ўзим қиламан. Икки ногирон ўғилни парвариш қилиб келяпман. Топган пулларим рўзғорга етиб турибди. 800 минг сўм пенсия оламан. Нолимайман, тирикчилик ўтяпти.

Бир марта давлат томонидан Умрага бордим, кейин яна кўргим келди улуғ жойларни.

Ўзим пул йиғиб, яна иккинчи марта Умрага бориб келдим. Муқаддас манзилларга борган одам у ерларга яна боргиси келавераркан. Насиб қилса, учинчи марта ҳам бормоқчиман”.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz

Мавзуга оид