Жаҳон | 10:34 / 11.03.2024
9935
7 дақиқада ўқилади

Янги босқин хавфи ва даҳшатли очлик: Ғазо Рамазонни қандай қаршиламоқда?

Ғазо сектори айни дамда дунёнинг яшаш энг хавфли ҳудудига айланиб бўлди. Шундоғам жуда кичик ҳудудда яшайдиган 2 миллионга яқин одам ҳозир Ғазонинг бир бурчагидаги Рафаҳ шаҳридаги омон қолган бинолар ёки палаткаларда жон сақлашга мажбур. Ғазо мусулмонлари ислом олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойини мана шундай кутиб олмоқда.

Тинчлик келишуви бўлмайди

Тинчлик музокараларида воситачилик қилаётган АҚШ, Миср ва Қатар Рамазон ойигача томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича муросага келишига умид қилаётганди. Аммо, афсуски, Рамазон ойида Ғазода тинчлик келишуви бўлмайди ва уруш давом этади. ҲАМАС вакиллари Қоҳирадаги музокараларни тарк этиб, кейинги ҳафтадагина қайтишларини маълум қилишган. Ўз навбатида, Исроил ҳудуддаги амалиётлар тўхтамаслиги, хусусан, ҳозир 2 миллионга яқин фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳда ҳам давом эттирилишини айтмоқда.

Ғазодаги болалар овқат олиб қайтмоқда. Фото: AFP

ҲАМАС вакиллари музокараларда гаровда қолаётган одамлар фақат Исроил армияси сектордан чиқиб кетганидан кейин қўйиб юборилишини очиқ айтган. Исроил эса ҲАМАС йўқ қилингунга қадар жанг қилишда давом этиб, асирларни керак бўлса куч билан қайтаришини иддао қилмоқда. Мисрдаги музокараларда Исроил вакиллари иштирок этмади. Чунки аввалроқ ҲАМАС вакиллари гаровда қолаётган одамлар ҳақида маълумот беришни рад этган.

Даҳшатли очлик

Ғазога турли давлатлар осмондан гуманитар ёрдам юклари ташлашда давом этмоқда. Аммо бу муаммони ҳал қилиш учун етарли бўлмаяпти. Қолаверса, осмондан ташланган юкларнинг баъзилари парашюти очилмай қолиши туфайли одамлар устига тушиб, 5 киши ўлимига сабаб бўлди.

Ғазога осмондан ташланаётган ёрдам юклари
Фото: SAID KHATIB / AFP

Секторда бўлиб турган БМТ вакиллари Ғазода очлик жуда жиддий муаммога айлангани, боргани сари кўпроқ болалар очликдан ҳалок бўлаётганини айтмоқда. Ҳозир Рафаҳдаги лагерларда минглаб одамлар Ғазонинг бошқа ҳудудларидаги уйларини ташлаб келиб яшамоқда. Улар палаткаларда жон сақлашга мажбур. Ҳудуддаги деярли ҳамма даромад манбасини йўқотган ва фақат инсонпарварлик ёрдами эвазига қорнини тўқлаши мумкин.

Рафаҳда овқатга навбатга турган болалар
Фото: Reuters / Mohammed Salem

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Британия гуманитар ташкилотлари Ғазодаги ўт очишни тўхтатишни талаб қилиб акция ўтказишди. Улар уруш бошланганидан буён кўплаб аёллар ва қизлар ҳалок бўлганини эслатишди.

Ғазо харобаларидан репортаж

Мусулмонлар ўз нафсига очлик орқали ҳужум қиладиган Рамазон ойи кириши арафасида Ғазода 2 миллионга яқин одам чинакам очликда қолди. France 24 мухбири Ғазо харобаларидаги палаткалардан репортаж тайёрлади.

«Мана бу она кўзи илинаёзган қизалоғини кўтариб Ғазо жанубидаги харобалар ичида жойлашган палаткага секин ўтирди. Палатка атрофида Рамазон рамзига айланган пластик чироқларни кўриш мумкин. Мусулмонлар ислом календарининг тўққизинчи ойи бўлмиш Рамазонда саҳардан шомгача рўза тутиб ўтказишади. Бу ойнинг энг яхши дамлари эса оила ва дўстлар даврасидаги ифторликдир.

Фото: SAID KHATIB / AFP

Аммо бу йил Ғазо учун ҳаммаси бошқача. 2,4 миллион аҳолиси бўлган ҳудуднинг аксар қисми жаҳаннамга айланиб бўлган. Кварталлар бомбаланган, болалар оммавий қабрларга кўмилиб, устидан қум тортилган.

Ғазода ҳалок бўлганлар оммавий қабрга кўмилмоқда
Фото: SAID KHATIB / AFP

Навин исмли бу аёл Рамазонни одатдагидек ифторликка қўй гўшти ва ширинликлар тайёрлаб кута олмайди. У бошқа қўшнилари билан бошпана аталмиш хароба палаткани ватан тутишга мажбур. Ифторга эса нимадир топа олишса ейишади. Ислом оламининг бошқа ўлкалари ҳозир нархлар ошиши каби ўз муаммолари билан банд бўлиши мумкин. Аммо дунёдаги кўп мусулмонлар Рамазон давомида хаёллари Ғазодаги мусулмонлар билан эканини айтмоқда», деб ёзади француз нашри мухбири.

Бўтқага навбатда турган болалар
Фото: Ahmad Hasaballah/Getty Images

«Ўтган йил ҳаммаси бошқача эди. Рамазонда ҳамма ерни безатиб, қувонгандик. Бу йил эса уни уруш ва азоб билан кутиб оляпмиз», дейди мухбир билан суҳбатда аёл.

«Иорданияда нархлар ошган, аммо озиқ-овқат сотиб олиш мумкин. Ғазода эса нон қилиш учун ҳайвонлар емидан фойдаланишмоқда», деб 44 ёшли иорданиялик эркакнинг сўзларини келтирган France 24.

Нашр билан суҳбатлашган Мисрда ўқиётган ғазолик йигит ўз исмини айтмаслик шарти билан ҳиссиётларини бўлишди. «Умримда биринчи марта Рамазон ҳақида хурсандчилик билан ўйлай олмаяпман. Рамазон чироқларини кўришим билан юрагим қайғуга ботади. У ерда менинг биродарларим кунига бир марта овқатлана олмаётган бир вақтда қандай қилиб ҳеч нарса бўлмагандек бемалол таом ейман? Мана шу ўй менга тинчлик бермаяпти», дейди у.

Хон-Юнусдаги оила эшак аравада уйини тарк этмоқда
Фото: AFP/Getty Images

Исроил АҚШни менсимаяптими?

АҚШ президенти Жо Байден журналистлар билан учрашув вақтида Рамазон ойига қадар тинчлик келишувига эришиш жуда муҳим эканини айтганди. «Тинчлик келишувига эришиш керак. Агар бу Рамазонда ҳам давом этса... бу жуда хавфли бўлади, жуда хавфли. Шу сабаб оташкесимга эришишга қаттиқ умид қиляпмиз», деганди Байден.

АҚШ етакчисининг бу гаплари эса Исроилда эътиборсиз қолдирилмоқда. Чунки айнан шу баёнотдан кейин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «халқаро босимга қарамай» уруш ҲАМАС йўқ қилингунга қадар давом этишини иддао қилди. Яъни, Исроил очиқчасига АҚШнинг мусулмонлар учун муқаддас ой олдидан оташкесимга эришиш бўйича сўровини рад этди.

Агар Рафаҳга ҳужум бўлса...

Дунё жамоатчилигининг норозилиги ва асосий иттифоқчиси АҚШнинг сўровига қарамай, Нетаняҳу ҳукумати Рамазонда уруш тугамаслиги, қайтанга Рафаҳда ҳам ҳарбий ҳаракатлар бошланишини маълум қилди.

Рафаҳдаги палаткалар лагери
Фото: The Guardian

Бу ҳудудда ҳарбий амалиёт бошланиши қандай оқибатларга олиб келишини эса шунчаки мана бу рақамлардан билиб олиш мумкин: 63 квадрат километр ҳудудда 1,5 миллиондан ортиқ одам яшамоқда. Бу 1 квадрат километрга 22 200 киши дегани. Таққослаш учун, бу Ню-Йоркдаги аҳоли зичлигидан икки баравар кўпроқ. АҚШ Исроилни Рафаҳга босқиндан қайтармоқчи бўлмоқда, аммо Нетаняҳунинг баёнотларига қараганда бу операция содир бўлмаслиги эҳтимоли жуда паст.

Мавзуга оид