Ўзбекистон | 13:58 / 12.03.2024
68964
7 дақиқада ўқилади

Ғарб давлатларининг ўзбек уранига эҳтиёжи ортмоқда. Нега?

“Навоийуран” табиий уранни Санкт-Петербург портидан АҚШ ва Канададаги заводларга ташиш бўйича тендер эълон қилди. Ўзбекистон – уран захиралари ва уни экспорт қилиш бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Хўш, бу қазилма бойликдан нима мақсадларда фойдаланилади, унинг нархи қанча?

Фото: AP

“Навоийуран” давлат корхонаси табиий уранни Россиянинг Санкт-Петербург портидан Converdin Enterprise (АҚШ) ва Cameco Corporation (Канада) қайта ишлаш заводларига ташиш бўйича тендер эълон қилди.

Тендерга илова қилинган ҳужжатларга кўра, “Навоийуран”нинг АҚШ ва Канададаги бу икки заводга табиий уран ташиш учун транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича эҳтиёжи 2024 йилда 300 дона 20 футлик контейнерни ташкил этиши мумкин. Хусусан, Cameco Corporation'га 200 та ва Converdin Enterprise'га 100 та. Бир 20 футлик контейнердаги юкнинг нетто вазни 12,5 тонна, брутто вазни 19,1 тоннани ташкил этади. Юкнинг умумий ҳажми 3 750 тоннагача (300 та контейнер) бўлиши мумкин.

Бир транспортировкада юкнинг вазни харидорнинг талабига қараб 100 дан 300 тоннагача ўзгариши мумкин. Харидорнинг эҳтиёжига қараб ойига 8 тадан 24 тагача контейнерлар юкланади. Ташиш денгиз, темирйўл ва автомобил транспорти орқали амалга оширилади. Хизматлар 2024 йил давомида кўрсатилади. Ҳар бир ташиш Санкт-Петербург портига юборилган санадан бошлаб 10-15 кун ичида амалга оширилиши керак.

Тендернинг бошланғич нархи 9 млн доллар қилиб белгиланган. Таклифларни қабул қилиш 29 мартгача давом этади.

Уран нима?

Уран – ер остидан қазиб олинадиган маъдан бўлиб, табиий равишда учрайдиган элементлар орасида энг оғирларидан бири ҳисобланади. Ундан атом электр станциялари (АЭС) ҳамда денгиз ва сувости кемаларини бошқарадиган ядро реакторлари учун ёқилғи сифатида кенг фойдаланилади. Шу билан бирга, у ядровий қуроллар, радиациядан ҳимоя тизимларида ҳам ишлатилади.

Бутунжаҳон ядро уюшмаси таҳлилларига кўра, дунё бўйича 2022 йилда ураннинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 49 355 тоннани ташкил қилган. Бу уранга бўлган талабнинг 74 фоизига тенг.

Ураннинг асосий истеъмолчилари сифатида АҚШ, Хитой, Франция, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония каби мамлакатлар келтириб ўтилади.

Прогнозларга кўра, уран истеъмоли 2030 йилга бориб, 79 400 тоннага, 2040 йилга бориб эса 112 300 тоннага етиши мумкин. Бундай кескин ўсишга сабаб сифатида Хитой, Ҳиндистон ва бошқа бир қанча мамлакатларда янги реакторларнинг ишга туширилиши кутилаётгани келтириб ўтилган.

Ғарб давлатларининг ўзбек уранига эҳтиёжи кучаймоқда?

Ўтган йилнинг декабр ойида АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси бойитилган уранни Россиядан олиб киришни тақиқловчи қонун қабул қилганди. Бу қонун ҳали кучга кирмаган бўлса-да, Қўшма Штатлар Россия уранига муқобил манбалар топилиши билан, ҳамкорликни тўхтатиш устида ишлаяпти.

АҚШ ва Европадаги атом электр станцияларини қувватлантириш учун ишлатиладиган бойитилган уран ёқилғисининг 20 фоиздан ортиғини “Росатом” етказиб беради. Шу сабабли ҳам ҳалигача Россия атом саноати Ғарб санкциялари остида қолмаган. Шу жиҳатдан, рус уранига қарам кўплаб мамлакатлар Марказий Осиёнинг бу ресурсга бой мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш ниятида. Хусусан, ўтган йили ноябрда Франция президенти Эммануэл Макрон Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифи чоғида уран етказиб беришни кўпайтириш масаласи асосий муҳокама мавзуларидан били бўлиши ҳақидаги хабарлар тарқалганди.

Шунингдек, яна бир йирик таъминотчи Нигердаги давлат тўнтаришидан кейин ғарб давлатларининг муқобил уран манбаларига бўлган имкониятлари янада қисқарди. Бу орада Қозоғистоннинг уран хомашёси етказишни ошириш бўйича потенциали кутилганидан пастроқ экани маълум бўлди. Бундан ташқари, Қозоғистон Хитойга ҳам катта миқдорда уран етказиб бериш режаларини эълон қилди. Мана шундай шароитда ўзбек урани экспорти учун янги бозорлар ва йўналишлар пайдо бўлди.

“Евроатом” таъминот агентлигига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон Европага уран экспортини қарийб 2,7 баравар – 441 тоннагача оширган. Бу даврда АҚШга экспорт ҳам қарийб 80 фоизга ошиб, Ўзбекистоннинг Америка бозоридаги улуши 11 фоизга етган.

Ураннинг баҳоси қанча?

11 март ҳолатига кўра, 1 фунт (0,45 кг) уран нархи жаҳон бозорида 93,5 долларга баҳоланган. Ҳозирги нархлардан келиб чиқиладиган бўлса, 2023 йилда Ўзбекистонда 752,4 млн долларлик (3650 тонна ёки қарийб 8 млн фунт) уран қазиб олинган.

Таққослаш учун, 11 март ҳолатига 1 унция (31,1 грамм) олтиннинг жаҳон бозоридаги ўртача баҳоси 2180 долларни ташкил этмоқда. 1 кг олтиннинг нархи эса қарийб 76,9 минг долларга тенг.

Охирги 20 йилликда уран нархлари бўйича энг юқори кўрсаткич 2007 йилнинг 1 июн куни қайд этилган. Бу даврда 1 кг уран нархи 311 долларгача кўтарилган. Кейинги даврда маҳсулот нархининг пасайиши Европа мамлакатларининг атом электр станцияларидан босқичма-босқич тарзда воз кеча бошлаши ва яшил энергетика секторини ривожлантиришга урғу бераётгани билан изоҳланган. Аммо Украинага босқиндан кейин Европа мамлакатларининг Россия газидан воз кечишга бўлган ҳаракатлари АЭС учун зарур уранга нисбатан талабни оширди. Бу эса нархлар сезиларли даражада ошишига сабаб бўлди.

Ўзбекистонда қанча уран захиралари бор?

2021 йилдаги маълумотларга кўра, Ер юзидаги табиий уран захиралари ҳажми 6 миллион тоннадан ортиқ экани прогноз қилинган. Шундан 13 фоизи Қозоғистон, 10 фоизи Канада, 8 фоизи Россия ҳудудларидаги конлар ҳиссасига тўғри келади. Бу борада Ўзбекистондаги уран захираси 131 минг тонна экани қайд этилиб, умумий захираларнинг 2 фоизини ташкил этиши келтириб ўтилган.

Ўзбекистон узоқ йиллардан бери уран қазиб олиш бўйича жаҳондаги бешинчи мамлакат мақомини сақлаб келмоқда. Хусусан, 2022 йилда республикада 3300 тонна уран қазиб олинган. Бу кўрсаткич дунёда олинадиган жами ураннинг 6,4 фоизига тўғри келади.

“Навоийуран” Ўзбекистонда табиий уран олувчи ягона корхона ҳисобланиб, 2022 йилда НКМК таркибидан чиқарилган ҳолда ташкил этилган. Маҳсулот республикада ишлатилмайди ва тўлиқ ҳажмда хорижга экспорт қилинади.

2022 йилнинг июл ойида қабул қилинган президент қарорига кўра, Ўзбекистонда 2022-2030 йилларда уран қазиб олиш ҳажмини икки баравар ошириш режалаштирилган. Хусусан, маҳсулот қазиб олишни 2021 йилдаги 3 526 тоннадан 2030 йилда 7 100 тоннага етказиш кўзда тутилган.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид