«Барса» ўсмирлар билан амаллади, «Арсенал»да драматик ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
Чемпионлар лигаси чорак финалида ўйнайдиган 8 жамоадан 6 таси маълум. «Бавария», «ПСЖ», «Реал», «Сити» жамоаларига «Барселона» ва «Арсенал қўшилди».
«Барселона» ўтган мавсум яримфиналчисини турнирдан чиқариб юборди
«Барселона» — «Наполи» 3:1
Голлар: Лопес (15), Канселу (17), Левандовски (83) — Рраҳмани (30).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси, Канселу, Кристенсен (Ромеу, 61), Гундўған, Фермин Лопес (Серхи Роберто, 60), Рафиня (Феликс, 81), Ямал, Левандовски.
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани, Мариу Руй (Оливера, 64), Лоботка, Замбо-Ангисса, Траоре (Распадори, 78), Политано (Линдстрем, 64), Кварацхелия (Нгонж, 90+3), Осимҳен
Огоҳлантиришлар: Кристенсен (19), Ямал (44), Жезус (45), Траоре (63), Оливера (67).
Биринчи ўйин — 1:1.
«Барса» – Европанинг топ-8 жамоалари қаторида. Испаниянинг амалдаги чемпионлари Италиянинг амалдаги чемпионлари дарвозасига учта гол урди ва Чемпионлар лигасидаги курашни давом эттирадиган бўлди.
«Барселона» ЕЧЛ плей-оффида бир вақтнинг ўзида 18 ёшдан кичик бўлган икки футболчини бошланғич таркибда туширган илк жамоага айланди. Хави 17 ёшли марказий ҳимоячи Кубарси ва 16 ёшли вингер Ямални илк дақиқалардан ўйнатди. Ламин учун «Наполи»га қарши ўйин – ЕЧЛдаги саккизинчиси бўлди, бу ёшдаги футболчилар асосий еврокубокда кўпи билан тўрт ўйин ўтказган. Кубарси учун эса бу турнирдаги дебютга айланди. Бундан ташқари, Френки де Йонг ва Педрининг жароҳати туфайли 20 ёшли Фермин Лопес асосий таркиб футболчисига айланмоқда.
«Барселона»нинг порлаётган ёш юлдузлари илк дақиқаларданоқ диққат марказида турди. Кубарси жамоаси жарима майдони ичида Осимҳендан тўпни олиб қўйиб хавфни бартараф этган бўлса, Ямал ўйиндаги илк хавфли зарба муаллифи бўлди. Умуман олганда, интенсив ва томошабоп кечди. Жамоалар рақибни шунчаки позицион мудофаада кутмасдан, бир-бирини анча олдинроқда қарши олишди ва прессинг билан хатоларга мажбур қилишди. Ўзини ҳаддан ташқари эркин ҳис қилмаслиги учун Ямални бир неча бор йиқитишди, нидерландиялик ҳакам Маккели эса ўйнашга қўйиб берди.
«Наполи» ҳимоячилар ортига узатмалар орқали Осимҳенни олдинга бошлашга урғу қаратди (нигериялик форвард кўпинча офсайдда қолиб кетди), Хави жамоаси ҳам шундай қуролдан фойдаланди. Шундай ҳужумлардан бирида Фермин Кубарсининг қойилмақом пасидан кейин яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо вазиятдан фойдалана олмади. Аммо ушбу яримҳимоячи бир неча дақиқа ўтиб хатосини тузатди. «Барселона» тўпга эгалик қилаётганида уч ҳимоячи орқада қолди, Ямал ва Канселу эса қанотларни кенгайтирди. Голли ҳужумни максимал даражада қанот чизиғига яқин ҳолатда очилган португалиялик футболчини тўп билан таъминлаган Кубарси бошлаб берди, шундан кейин Канселу Рафиняни олдинга бошлади, бразилиялик ҳужумчи эса рақиб жарима майдони марказида бўш қолдирилган Ферминни топди. Чиройли комбинация тўпга бир тегинишда гол билан якунланди.
«Наполи» ўтказиб юборилган голдан ўзига келиб улгурмасидан каталонияликлар иккинчисини ҳам уришди. Ямал томонидан ривожлантирилган тезкор қарши ҳужум давомида Рафинянинг зарбаси устундан қайтди, қайтган тўпга эса Канселу етиб келди.
Бу дақиқаларда меҳмонлар пароканда бўлиб кетгандек ва ўйинни жангсиз бой берадигандек кўринаётганди. Лекин «Наполи» ўйинга қайтишга ўзида куч топа олди. Иккинчи голдан кўп ўтмай италияликлар ҳимоячилари ўзини кўрсатишди. Рраҳмани каталонияликларнинг биринчи голини эслатиб юборадиган жавоб голини урди, кейин эса шу куни еврокубоклардаги 100-ўйинини ўтказаётган тер Штеген Ди Лоренцонинг айёрона зарбасини тўсин остидан қайтариб юборди.
Барча муаммоларига қарамай, «Барса» ва «Наполи» биргаликда ЕЧЛ 1/8 финалидаги энг ёрқин ўйинни намойиш этишди. Биринчи бўлим давомида жамоалар дарвозалар сари жами 18 бор зарба беришди (мезбонлар фойдасига 12:6). Иккинчи бўлим ҳам биринчисидан қолишмади. Кварацхелия ташаббусни қўлга олиб йўллаган хавфли зарба дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди, мезбонлар жарима майдонидаги ваҳимадан фойдаланган Замбо-Ангиссанинг зарбаси ҳимоячилардан қайтди, Мерет Рафиня ва Левандовскининг ҳужумларидан кейин сейвлар намойиш этди, Ямалнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, Осимҳен Кубарси билан контактдан кейин йиқилиб 11 метрлик жарима зарбаси сўради, ҳакам эса у зарбадан эмас, ўз ташаббуси билан йиқилган деб топди...
Иккинчи бўлимдаги юқори даражадаги фаоллик барибир «Наполи»га гол келтирмади. Кейин эса Хави алмаштиришлар қилиб, ўйинни бироз тинчлантирди – Серхи Роберто ва Ромеу каби тажрибали футболчилар майдонга тушди.
«Наполи»да бу ўйинда ҳам, икки учрашув якунига кўра ҳам ҳисобни тенглаштириш учун яққол вазият бўлди, аммо Линдстрёмнинг дарвозабон ҳудудидан туриб бош билан йўллаган зарбаси хато кетди. Каталонияликлар эса дарҳол ўйинга нуқта қўйди. Гундўған ва Роберто «Барселона»нинг энг яхши дамларини ёдга солиб, Левандовскини бўш дарвоза қаршисига чиқаришди. Кўк-анорранглилар жамоаси Хави мавсум якунида кетишини эълон қилганидан буён мағлубият нималигини билмаяпти.
«Арсенал» 14 йил ичида илк бор ЕЧЛ 1/4 финалига чиқди
«Арсенал» — «Порту» 1:0
Пеналтилар серияси — 4:2.
Гол: Троссар (41).
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Кивер (Зинченко, 106), Жоржинио (Жезус, 83), Эдегор, Райс, Ҳавертц, Троссар (Нкетиа, 106), Сака.
«Порту» – Кошта, Жоау Мариу (Санчес, 86), Пепе, Отавио, Венделл, Нико Гонсалес (Эуштакиу, 101), Варела (Груйич, 90), Пепе Акино, Галено, Консейсау (Боржеш, 101), Эванилсон (Торимий, 88).
Огоҳлантиришлар: Салиба (39), Пепе (73), Ҳавертц (116).
Биринчи ўйин — 0:1.
«Арсенал» Чемпионлар лигаси 1/8 финали жавоб учрашуви олдидан қийин ҳолатда эди. Португалиядаги ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ўтказиб юборилган гол туфайли кейинги босқичга йўл олиш учун битта гол уриш ҳам етарли бўлмаслиги мумкин эди. Лекин Микел Артета жамоаси фаворитлигича қолди – АПЛнинг биринчи ўриндаги клуби Португалиянинг учинчи клубидан мағлуб бўлиб турнирни тарк этиши сенсацияга айланарди.
Илк 10 дақиқаликда ўйин нисбатан тенг кечди, кейин эса «Арсенал» меҳмонлар дарвозасига босимни оширди ва зарбалар бера бошлади. Натижада ноёб статистика юзага келди: лондонликлар биринчи бўлимда йўллаган етти зарбанинг барчаси жарима майдони ичкарисидан йўлланди.
Мезбонлар агар биринчи бўлиб гол ўтказиб юборилса 1/4 финалга чиқиш вазифаси ҳаддан ташқари қийинлашиб кетишини билиб туришарди. Шу туфайли «Порту» ҳужумлари бошланғич босқичидаёқ тўхтатилди. Биринчи бўлимдаги ягона сариқ карточка ҳам рақиб ҳудудида ишлатилган фол учун Вилям Салибага кўрсатилди. Умуман олганда, «Порту» футболчилари кўп вазиятларда газонга ётиб олаверди. Жамоаларнинг биринчи ўйинида бўлгани каби вақт чўзишга ҳаракат қилинди. Аммо «Арсенал» биринчи бўлим охирида барибир ҳисобни очди.
Лондонликларнинг навбатдаги ҳужумида жамоа сардори Мартин Эдегор уч ҳимоячи орасидан кесиб ўтувчи пас узатди. Чап қанотдан ёриб кирган Леандро Троссар эса олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Тўп 41 ёшида ЕЧЛ тарихидаги энг кекса футболчига айланган, Артетанинг тенгдоши бўлган Пепенинг оёқлари орасидан ўтди.
Бўлимнинг қолган вақти тинч кечди, иккинчи бўлимда эса «Арсенал» яна ташаббусни ўз қўлига олди. Узоқ давом этган ҳужумдан кейин Деклан Райс хавфли зарба берди. Бунга жавобан «Порту» жарима зарбаси ишлади, аммо Франсишку Консейсау яхши позициядан туриб тўпни трибуна томон тепди. 67-дақиқада «Арсенал» барибир иккинчи голни урганди, аммо бош ҳакам Клеман Тюрпен Кай Ҳаверц томонидан ишлатилган фол туфайли Эдегорнинг голи инобатга олинмади. Германиялик футболчи Пепенинг футболкасидан ушлаб қолганди.
Асосий вақтнинг сўнгги қисмини ҳам «Арсенал» ҳужумда ўтказди. Габриэл Жезус 83-дақиқада майдонга тушди ва тўпга илк тегинишдаёқ гол уриши мумкин эди. Кейин Эдегор қулай позициядан хавфли зарба йўллади, аммо тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Кетма-кет бурчак зарбалари ҳам натижасиз тугади ва ўйин қўшимча бўлимларга ўтди.
Биринчи овертаймдаги ягона зарба меҳмонлар томонидан йўлланди – захирадан ўйинга қўшилган Меҳди Торимий мўлжалда адашди. Иккинчи овертаймда эса Букайо Сака қулай позицияга чиқиб борди, аммо сўнгги дақиқада ҳимоячи хавфни бартараф этди. Қўшимча бўлимларда «Порту»нинг узатмалари аниқлиги атиги 59 фоизни ташкил этди, бу эса меҳмонлар тўпни шунчаки узоқлаштириш билан банд бўлганини кўрсатади. Улар нима қилиб бўлмасин ўйинни пеналтилар сериясигача олиб боришди. Аммо футбол лотореясида лондонликлар дарвозабони Давид Райя қаҳрамонлик кўрсатиб, Венделл ва Галенонинг зарбаларини қайтарди.
Ҳолбуки у бунгача фаолиятида фақат тўрт бор пеналти қайтарган, 32 зарбани ўтказиб юборганди. 11 метрлик зарбалар бўйича мутахассис саналган Диогу Кошта эса серияда бирорта зарбани тўса олмади.
Лондонликлар биратўла бир қанча қайғули серияларга барҳам берди:
● «Арсенал» 2009/10 йиллар мавсумидан буён илк бор ЕЧЛ чоракфиналига чиқди: ўшанда ҳам «Порту» тўсиғидан ўтилган, сафардаги 1:2 ҳисобидаги мағлубиятга Лондонда 5:0 билан жавоб қайтарилганди. Аммо кейинги босқичда «Барса»га дуч келинган – икки учрашув натижасига кўра 3:6 ҳисоби қайд этилган. Кейин – жамоа қаторасига саккиз мавсум давомида турнирни 1/8 финалда тарк этади.
● Лондонликлар Чемпионлар лигаси плей-оффида охирги олти ўйинида илк бор ғалабага эришди. 2016 йилда «Барселона» билан 0:2, 1:3 ҳисоблари қайд этилган, 2017 йилда «Бавария»га икки ўйинда ҳам 1:5 ҳисобида мағлуб бўлинган, бу мавсум эса «Порту»га қарши биринчи ўйин 0:1 ҳисобида бой берилганди.
● «Арсенал» 2003/04 йиллар мавсумидан буён (ўшанда ЕЧЛда 1/8 финал босқичи пайдо бўлганди) нимчорак финал ўйинларида 14 бор мағлуб бўлиб, тўққиз бор турнирни шу босқичда тарк этган. Ушбу нохуш серияга ҳам барҳам берилди.
● «Арсенал»нинг бу мавсумдаги формаси юқори даражада: 10 ўйиндан 9 тасида ғалаба, АПЛда қаторасига саккиз ўйинда ғалаба, тўплар нисбати 33:4. Беш бор рақиблар йирик ҳисобда тор-мор этилди. «Порту»га қарши биринчи ўйинда январ ойи бошидан буён илк бор мағлуб бўлинганди, аммо жамоа икки учрашув натижасига кўра вазиятни ўз фойдасига ҳал этди.
● Артетанинг еврокубоклардаги статистикаси – 32 ўйиндан 20 ғалаба, лекин бундан аксар қисми Европа Лигасида қўлга киритилган. Шу билан бирга, «Арсенал» устози плей-офф ўйинларида атиги уч бор ғалаба қозонган: «Порту»га қарши шу ўйин, 2020/21 йиллар мавсумида «Олимпиакос» (3:1) ва «Славия» (4:0) устидан ғалабалар.
Шу тариқа, «Арсенал» чоракфиналга чиққан олтинчи жамоага айланди. Чоршанба оқшомида «Атлетико» – «Интер» (биринчи ўйин 0:1) ва «Боруссия» Д – ПСВ (биринчи ўйин 1:1) жуфтликлари кейинги икки жамоани аниқлаб беради. Чоракфинал учун (ва ўз-ўзидан яримфинал учун ҳам) қуръа ташлаш маросими 15 март кунига белгиланган.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024