Ўзбекистон | 12:58 / 18.03.2024
6193
2 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори оширилади

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини ошириш тўғрисидаги қонун имзоланди. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жазони кучайтирувчи қонун имзоланди.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат жойлари, омборлар, ётоқхоналар ва турар жой биноларида, тегишли объектларни лойиҳалаш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш вақтида ёнғинга қарши воситалардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори оширилмоқда.

Биринчи қоидабузарликда фуқаролар учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1−1 бараваридан (34 минг − 340 минг сўм) 1−3 бараваригача (340 минг − 1,02 млн сўм), мансабдор шахслар учун БҲМнинг 1−3 бараваридан 3− 7 бараваригача (1,02−2,38 млн сўм) оширилади.

Йил давомида такрор содир этилган қоидабузарликлар учун жарима миқдори фуқароларга БҲМнинг 3−5 бараваригача (1,02−1,7 млн сўм), мансабдор шахслар учун 7−15 бараваригача (2,38−5,1 млн сўм) оширилади. Ҳозирги вақтда ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарималар мос равишда БҲМнинг 1−3 ва 3−7 бараварини ташкил қилади.

Фуқаролар учун ёнғин содир бўлишига олиб келган қоидабузарлик учун жарима миқдори БҲМнинг 3−5 бараваридан 5−7 бараваригача (1,7−2,38 млн сўм), мансабдор шахслар учун эса БҲМнинг 7−10 бараваридан 15−20 бараваригача (5,1−6,8 млн сўм) оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид