Спорт | 23:42 / 19.03.2024
20482
1 дақиқада ўқилади

Россия ва Беларус спортчилари Париж-2024 очилиш маросимида қатнашмайди

Улар мусобақаларда «нейтрал мақомда», алоҳида тасдиқланган байроқ остида иштирок этади.

Фото: Getty Images

Россия ва Беларус спортчилари Париждаги ёзги Олимпиада ўйинларида «нейтрал мақомда» иштирок этади, улар очилиш маросимида қатнашмайди. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитасига (ХОҚ) таяниб Interfax хабар берди.

Қайд қилинишича, россиялик ва беларуслик спортчилар қўлга киритган медаллар Олимпия ўйинларининг умумий жадвалига кўринмайди, уларни тақдирлаш маросимида мадҳия эмас, бошқа мусиқа чалинади.

«Нейтрал спортчилар»нинг ёпилиш маросимида иштирок этиши ҳақидаги қарор кейинроқ қабул қилинади.

Маълум қилинишича, 2024 йилги Олимпия ўйинларида кўпи билан 55 нафар россиялик иштирок эта олади. Ҳозиргача 12 нафар спортчи сараланган.

Россия ва Беларуснинг нейтрал спортчилари учун алоҳида байроқ ва мадҳия ҳам тасдиқланди. ХОҚ россиялик ва беларуслик спортчиларни 2024 йилги Олимпиада ўйинларига киритиш қоидаларига Россия томонидан Украинада бошлаган урушни қораловчи бандни киритмаган.

Ёзги Олимпиада ўйинлари Париж шаҳрида 2024 йил 26 июлдан 11 августга қадар ўтказилади.

Мавзуга оид