Жаҳон | 13:34 / 22.03.2024
6345
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳусийчилар билан Қизил денгизда юк ташиш бўйича келишиб олди

Хитой билан ҳам Қизил денгизда хавфсиз юк ташиш бўйича келишувга эришилди. Бундан буён Россия ва Хитой кемалари ҳусийчи исёнчилар ҳужумидан қўрқмасдан Қизил денгизда ҳаракатлана олади.

Россия ва Хитой Ямандаги ҳусийчи исёнчилар билан Қизил денгизда хавфсиз юк ташиш бўйича келишиб олди. Bloomberg агентлигининг 21 март, пайшанба куни хабар беришича, ҳусийчилар Қизил денгиздаги Россия ва Хитой кемаларига ҳужум қилмасликка ваъда берган

Ҳусийчилар 2023 йил ноябр ойидан бери Қизил денгизда Исроил билан алоқадор деб ҳисоблаётган кемаларга ҳужум қилмоқда. Уларнинг айтишича, ҳужумлар Исроил Ғазо сектори блокадаси ва Фаластин ҳудудидаги ҳарбий амалиётини тугатмагунча давом этади. Қизил денгизда дунёнинг энг муҳим савдо йўллари жойлашган. 

«Қаршилик ўқи»

Ҳусийчилар Яманнинг айрим қисмларини, шунингдек, бу мамлакат қирғоқларини назорат қилади. Улар Эрон бошчилигидаги «Қаршилик кўрсатиш ўқи»га мансуб ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватлайди.

Қизил денгизда юк ташишни ҳимоя қилиш учун Қўшма Штатлар 2023 йил охирида Operation Prosperity Guardian («Фаровонликни ҳимоя қилиш бўйича операция») ташаббусини бошлади, унга қатор давлатлар қўшилди. Германия Қизил денгизга Hessen фрегатини юборди. У Европа Иттифоқининг Aspides операциясида иштирок этяпти.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 31,5 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид