Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белгия бош вазири ЕИни Россия ядро ёнилғисидан воз кечишга чақирди
Александр де Кроонинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи карбонат ангидрид ташламаларини камайтириш истагида бир қарамликни бошқасига алмаштирмоқда.
Белгия бош вазири Александр де Кроонинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатлари Европанинг паст углеродли энергияга қизиқишини жонлантириш жараёнини тўхтатиш учун Россия ядро ёнилғисидан «иложи борича тезроқ» воз кечиши керак. Бу ҳақда у 24 март, якшанба куни Financial Times (FT) газетасига берган интервюсида айтиб ўтди. «2022 йилда Россия томонидан бойитилган ураннинг Европа Иттифоқига етказиб беришдаги улуши 30 фоизни ташкил этганлиги сабабли, шу йўл билан бир қарамликни бошқасига алмаштириш хавфи бор», - дея таъкидлади де Кроо.
Белгия бош вазири ядровий таъминот занжирларини ўзгартириш мураккаб вазифа эканини ва шунга қарамай, уни тезда ҳал қилиш зарурлигини тан олди: «Биз Россия ядро ёнилғисидан ажралиб чиқишимиз керак, бироқ айни пайтда нол ташламалар билан электр энергияси ишлаб чиқаришимиз мумкинлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак».
Белгия 2023 йил охирида ядровий реакторларнинг ишлаш муддатини узайтирди
2023 йил декабрида БМТнинг COP28 глобал иқлим конференциясида Белгия 2025 йилда ёпилиши керак бўлган иккита ядровий реакторнинг ишлаш муддатини узайтиришга қарор қилди. Энди улар 2035 йилгача ишлайди, гарчи де Кроонинг шахсан ўзи улар хизмат муддатини 20 йилга узайтириш керак деб ҳисоблаяпти. Ўшанда 25 давлат, жумладан Канада, Британия ва АҚШ 2050 йилгача атом электр станцияларининг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини уч баравар ошириш мажбуриятини имзолади.
Белгия бош вазирининг ташаббуси 21 март куни Брюсселда бўлиб ўтган ядро энергетикаси бўйича биринчи халқаро саммитда 30 дан ортиқ давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди. Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси ядровий саммит «бўлаётган ўзгаришларни кўрсатиши ва бу жуда ажойиб» эканлигини айтди.
Германия саммитда иштирок этмади
Саммитда, жумладан, Франция, Нидерландия ва Полша давлат ва ҳукумат раҳбарлари, АҚШ, Хитой ва Япониянинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди. Атом энергиясидан воз кечган Германия анжуманда қатнашмади.
Саммит халқаро экологик ташкилот «Гринпис» томонидан уюштирилган норозилик намойишлари фонида бўлиб ўтди. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 415 та атом электр станцияси ишламоқда.
Украина Болгариядан иккита ядровий реактор сотиб олмоқчи
Украина 2022 йил февралида Россия томонидан эгаллаб олинган ва шу кунгача ушлаб турилган Европадаги энг йирик Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) йўқотилишининг ўрнини қоплаш учун Болгариядан иккита ядровий реактор сотиб олиш бўйича шартномани июн ойида имзолашга умид қилмоқда. Янги реакторлар Украина ғарбидаги Хмелницкий атом электр станциясида қурилади ва Киев Болгариядан олиб келмоқчи бўлган Россияда ишлаб чиқарилган ускуналар билан жиҳозланади. Украинанинг «Энергоатом» давлат компанияси икки-уч йилдан сўнг ушбу реакторларнинг биринчисида ишга тушириш ишларини бошлашга тайёр бўлиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
19:23 / 14.04.2025
Етти йилдан бери қидирувда бўлган ҳиндистонлик миллиардер Белгияда ҳибсга олинди
14:15 / 09.04.2025
Белгия Украинага миллиард евро ва F-16 қирувчиларини беради
12:03 / 03.04.2025
Белгия ҳукумати «коррупция ва пул ювиш» жиноятлари доирасида мусодара қилинган 108 млн долларни Ўзбекистонга қайтармоқчи
18:44 / 02.04.2025