Жаҳон | 20:07 / 25.03.2024
23261
2 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюция қабул қилди

БМТ Хавфсизлик кенгаши 25 март куни Ғазо бўлгасида “ўт очишни зудлик билан тўхтатиш” талаб қилинган резолюцияни қабул қилди. АҚШ ҳужжатга вето қўймади.

БМТ ХКдаги делегатлар йиғилиш бошланишидан олдин Москвадаги теракт қурбонлари хотирасига сукут сақлади. / Фото: Andrew Kelly / Reuters

Резолюция матнида, шунингдек, барча асирларни дарҳол ва шартларсиз озод қилиш талаб этилган.

Кенгашнинг 15 та аъзосидан 14 таси ҳужжатни ёқлаб овоз берди, АҚШ овоз бермади.

Резолюция лойиҳаси Хавфсизлик кенгаши кун тартибига кенгашнинг доимий бўлмаган 10 та аъзоси томонидан киритилди. Улар қуйидагилар – Жазоир, Эквадор, Гаяна, Япония, Малта, Мозамбик, Корея Республикаси, Сьерра-Леоне, Словения ва Швейцария.

“Бу резолюция амалга татбиқ этилиши шарт. Акс ҳолда, буни кечириб бўлмайди”, – дея муносабат билдирди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ҳужум қилган, бунга жавобан Исроил Ғазога кенг кўламли босқин бошлаган 7 октябрдан буён ўт очишни тўхтатиш бўйича бир тўхтамга кела олмаётган эди.

АҚШ Хавфсизлик кенгашининг 22 март кунги йиғилишига илк марта Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюция лойиҳасини киритган, лекин унга Россия ва Хитой вето қўйганди. Исроилнинг бош иттифоқчиси бўлмиш АҚШнинг бу ҳаракати Вашингтоннинг Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига нисбатан давомли танқидларидан кейинги янги босқич бўлганди.

Исроил матбуотига кўра, Нетаняҳу 25 март куни овозга қўйилган резолюция лойиҳасига агар Вашингтон вето қўймаса, Исроил ҳукумати вакиллари, хусусан стратегик ишлар бўйича вазир Рон Дермернинг Оқ уйда бўлиб ўтиши режалаштирилган музокараларини бекор қилиш билан таҳдид қилган.

Мавзуга оид