Жаҳон | 06:56 / 25.03.2024
74515
7 дақиқада ўқилади

«Крокус» терактида гумонланувчилар қамоққа олинди. Улар айбига тўлиқ иқрор бўлган

«Крокус Сити Ҳолл»да теракт содир этишда гумонланувчи тўрт шахс икки ой муддатга ҳибсга олинди, уларга уюшган гуруҳ таркибида теракт содир этиш бўйича айблов қўйилди. Москва Басман суди улар айбига тўлиқ иқрор бўлганини маълум қилган. Тўрт айбланувчида ҳам қийноқ излари бор, улардан бирининг боши боғланган, яна бири судга коляскада келтирилган.

Фото: TATYANA MAKEYEVA/AFP

Далержон Мирзоев, Муродали Ражабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Фаридуни Шамсиддин тергов сўровига кўра 22 майга қадар ҳибсга олинди.

Уларнинг барчаси уюшган гуруҳ таркибида одамлар ўлимига олиб келувчи теракт содир этишда айбланган.

Тергов версиясига кўра, уларнинг барчаси 130 дан ортиқ киши ҳалок бўлган «Крокус Сити Ҳолл»га ҳужумда бевосита иштирок этган.

Судда нималар бўлди?

«Крокус Сити Ҳолл»даги теракт иши бўйича илк айбланувчи Далержон Мирзоев судда юзидаги кўкаришлар билан пайдо бўлди.

Унга берилган илк саволлардан кейин терговчи судядан жараённи матбуот учун ёпиқ тарзда ўтказишни сўради ва судя Елена Ленская розилик билдирди, деб хабар беради «Медиазона».

Терговчи очиқ суд мажлиси «тергов сирлари очиқланишига олиб келиши», шунингдек «жараён иштирокчилари ҳамда уларнинг қариндошлари хавфсизлигини таҳдид остида қолдириши» мумкинлигини айтган.

Бунгача, «Медиазона» хабарига кўра, судя таржимон орқали Далержон Мирзоевдан ундан нима сўралаётганини қанчалик тушунаётганини сўраган, у эса бунга қисқача жавоб қайтариб, ўзини тожик тилида таништирган.

«Медиазона» суд залидан хабар беришича, Мирзоевнинг рафиқаси ва тўрт нафар фарзанди бор, унинг Новосибирскда уч ойлик рўйхатга олиш муддати тугаган.

Иккинчи айбланувчи, Саидакрами Муродали Ражабализода, залга боши боғланган ҳолатда келтирилди. Россиядаги ижтимоий тармоқларда бироз аввалроқ «Крокус»га ҳужум иштирокчиларининг қўлга олиниши ва дастлабки сўроқ қилиниши жараёни акс этган видеоёзувлар тарқалган, улардан бирида Ражабализоданинг бир қулоғи кесиб олиниб, оғзига тиқилгани акс этганди.

Бу суд мажлисини Басман суди судяси Тимур Вахрамеев олиб борди. У ҳам гумонланувчилар билан танишувдан кейин жараённи матбуот учун ёпиқ шаклга ўтказган.

Муродали ҳам таржимон орқали тожик тилида жавоб қайтарган. У 30 ёшда экани, рафиқаси, фарзанди борлиги, Россияда регистрация қилгани, аммо қаердалигини — эслай олмаслигини айтган.

Фаридуни Шамсиддинга ҳам айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш бўйича эҳтиёт чораси қўлланган.

Россия агентликлари хабарига кўра, 19 ёшли Файзов судга шифокорлар ҳамроҳлигида каталкада олиб келинган (фотосуратларга қараганда, бу йиғилувчи коляска) ва гапира олмайдиган ҳолатда бўлган. Унинг бир кўзи ўйиб олинган.

Далержон Мирзоев судга юзидаги кўкаришлар билан олиб келинган. Фото: OLGA MALTSEVA/AFP

Қўлга олиш жараёни қандай ўтди?

«Крокус Сити Ҳолл»га ҳужум қилишда гумонланаётган тўрт киши концет залини тарк этган, аммо ўша тундаёқ Брянск областида қўлга олинган: ФХХ бу ҳақда 23 март тонгида хабар берди.

Россиядаги телеграм-каналларда барча гумонланувчиларнинг қўлга олиниш жараёни акс этган видеоёзувлар тарқалган.

Z-блогерлар томонидан тарқалтилган видеолардан бирида Фаридуни Шамсиддин қотилликни «пул учун» содир этганига иқрор бўлаётгани акс этган: ўзининг айтишича, бу иш учун унга ярим миллион рубл ваъда қилинган. Сўроқ видеоси RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян томонидан тарқатилган. Тармоқда дастлабки видео олинишидан олдин унга саволларга қандай жавоб бериши лозимлиги ўргатилаётгани кўринган бошқа видео ҳам тарқалган.

24 март куни аноним телеграм-каналларда Фаридуни ток билан қийноққа солинаётгани видеоси ҳам пайдо бўлди.

Теракт бўйича жами 11 киши қўлга олингани маълум.

Ҳужум қурбонлари сони 137 нафарга етган: ёниб кетган бино ҳудудида янги жасадлар чиққан.

ИШИД нега Россияда теракт содир этиши мумкин?

ФХХ версиясига кўра, жангарилар «машинада Россия-Украина чегараси томон ҳаракатланган ҳолда» яширинишга уринган. Бу ҳақда Путин ҳам «Крокус»даги ҳодиса юзасидан россияликларга қилган мурожаатида айтиб ўтган: 23 март куни у улар учун Украина томонида чегарадан ўтиш учун «туйнук» тайёрланганини айтган. Шу билан бирга, Россия томонининг расмий версияларида бунинг ортида ким тургани ҳақида келтирилмаган. Беларуснинг Москвадаги элчиси эса террорчилар Беларус чегараси орқали чиқиб кетмоқчи бўлгани маълум қилганди. Украина концерт залдаги оммавий қотилликка алоқадорлиги тўғрисидаги ҳар қандай айбловни қатъиян рад этмоқда.

Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган. Унга алоқадор экани айтилган каналлардан бирида ҳужум қилувчиларнинг бири томонидан концерт залда олинган видео тарқатилган.

ФХХ томонидан олинган қўлга олиш видеоларидаги ва ИШИД ресурслари тарқатган видеодаги кийимлардаги деталлар бир-бирига мос келади. ИШИД эълон қилган роликда одамларнинг юзи беркитилган, аммо «Важние истории» журналистлари уларни кийимлари орқали таниш мумкинлигини айтишган.

Масалан, ҳужум қилганлардан бирининг футболкасида TRAVEFS ёзуви бор ва бундай ёзувни гумонланувчилардан бирининг ушланиши чоғидаги ёзувда ҳам кўриш мумкин. Бундай футболкалар бозорда сотилса-да, худди шундай логотиплисини топиб, айб бўйнига қўйилаётган шахсга кийдириб қўйиш қийин бўларди, деб қайд этади журналистлар. Қўлга олиш видеоси эса террорчилик ташкилоти ролигидан бир кун олдин пайдо бўлганди.

Бу ФХХ томондан сохтакорлик қилинганини истисно этади, деб ҳисоблайди «Важние истории»: аввалига айрим шарҳловчилар махсус хизматлар ҳақиқий террорчиларни ушлаганига шубҳа қилаётганди.

Wall Street Journal экспертлардан ИШИД Россияга нега ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида сўраган. «АҚШ ва демократик дунёнинг авторитар державалар — Россия, Эрон ва Хитой билан кураши — Украина ва Ғазодаги уруш фонида кучайди. Аммо ИШИД учун уларнинг барчаси — мусулмон дини душмани ва уларнинг барчаси яксон этилиши керак», — деб ёзган нашр мақоласида. Нашр суҳбатлашган экспертлар содир бўлган ҳодиса ИШИДнинг ҳаракатларига мос келади, деган фикрда.

Мавзуга оид