Жаҳон | 23:36 / 26.03.2024
16594
5 дақиқада ўқилади

Балтиморда контейнер ташувчи кема кўприкка урилиб, уни қулатди: олти киши қидирилмоқда

АҚШнинг Мэриленд штати Балтимор шаҳридаги 2,5 километр узунликка эга Фрэнсис Скотт Ки автомобил кўпригига юк кемаси урилиб, қулатиб юборди. Бу вақтда кўприк узра автомобиллар ҳаракати тўхтатилган эди.

Қулатилган Фрэнсис Скотт Ки кўприги. Фото: EPA

Лекин шунга қарамасдан, маҳаллий мулозимларнинг маълумотига кўра, Патапско дарёси узра қурилган кўприкнинг қулаши туфайли бир нечта автомобил, жумладан тиркамали юк машинаси ҳам сувга қулаган.

Кўприкка Сингапур байроғи остида сузаётган, Шри-Ланка пойтахти Коломбо шаҳри томон йўл олган 300 метрли Dali контейнер ташувчи кема келиб урилган. Кема Maersk йирик кемачилик компанияси томонидан ижарага олинган эди. Кемага жиддий зиён етмаган, у қулаган кўприк бўлаклари орасига тиқилиб қолган.

АҚШнинг киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги бўйича федерал агентлиги ошкор қилган маълумотларга кўра, кўприк таянчига келиб урилишидан аввал Dali кемаси «бошқарувни йўқотган».

Мэридленд штати транспорт вазири матбуот анжуманида олти киши бедарак йўқолганини айтган. Улар сувга чўкиб кетган бўлиши мумкин, деб ёзади BBC.

Аввалроқ икки киши сувдан олиб чиқилган ва улардан бири тиббий ёрдамдан бош тортган. Иккинчиси эса оғир аҳволда шифохонага етказилган, деган Балтимор ёнғин департаменти бошлиғи Жеймс Уоллес.

Сувдан қутқарилган ва бедарак кетганларнинг барчаси тўқнашув юз берган тунда кўприкдаги йўл қопламасини таъмирлаётган ишчилар бўлишган. Мэриленд губернатори Уэс Мурнинг хабар беришича, тўқнашувдан аввал кема фалокатга учраганлик сигналини берган ва кўприк бўйлаб ҳаракат тўхатилган. Бироқ кўприкни тарк этишга улгурмаган автомобиллар ҳам бўлган.

Балтимор қўлтиғидаги сувнинг ҳарорати айни дамда +9 даражани ташкил этади. Бундай сувга кириш жуда хавфли, чунки инсон танаси ҳарорати 35 даражадан пасайса совуқ уриш содир бўлади.

Қулатилган Фрэнсис Скотт Ки кўприги. Фото: EPA

Штат губернатори фавқулодда ҳолат эълон қилган. У шунингдек федерал ҳукумат ёрдамидан умид қилаётганини билдирган. Воқеа жойида федерал тергов бюроси ходимлари ҳам иш олиб боришмоқда.

Кемани ижарага олган Maersk компанияси эълон қилинган баёнотда кемадан мижозларнинг юкларини ташиш учун фойдаланилгани айтилган. Кемани Synergy Group компанияси бошқарган. Maersk компаниясининг ходимлари кема саҳнида бўлмаган.

«Биз Балтиморда содир бўлган воқеадан даҳшатга тушдик ва барча ўй-фикрларимиз бу воқеага тааллуқли бўлган инсонларда», — дейилади баёнотда.

«Биз маҳаллий ҳокимият ва Synergy Group томонидан олиб борилаётган суриштирувларни диққат билан кузатмоқдамиз ва мижозларимизни бўлаётган воқеалардан хабардор қилиб туриш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», — деган Maersk компанияси.

Synergy Marine Group эса Dali кемаси экипажи 22 кишидан иборат экани ва уларнинг барчаси Ҳиндистон фуқароси эканини маълум қилган. Уларнинг бирортасига жиддий шикаст етмаган, фақат бир кишининг боши тирналган.

Балтимор порти автомобиллар ва тиркамалар каби ғилдиракли транспорт воситалари ва қуруқ юклар дохил бир неча юклар тоифаси бўйича АҚШдаги энг йирик порт ҳисобланади. 2023 йилда портга 800 минг автомобил кириб чиққан ва 1,3 млн тонна импорт юклар ўтган.

Ушбу ҳалокат «АҚШнинг шарқий соҳилида америкалик импортчилар ва экспортчилар учун жуда катта муаммоларни келтириб чиқаради», — деган BBC’га контейнер ташувлари бўйича мутахассис Ларс Янсен.

Мутахассисга кўра, «энди 21 мингта контейнер ҳудуддаги бошқа портларга йўналтирилиши керак бўлади, боз устига кўплаб савдо кемалари Балтимор портида қамалиб қолган». Уларнинг орасида контейнер ташувчи кемалар йўқ, лекин қуруқ юк ташийдиган кўпгина кемалар бор.

Унинг фикрича, ушбу ҳодиса минтақавий миқёсда ишларнинг тўхтаб қолишига ва ортиқча харажатларга олиб келади. Глобал миқёсда унинг оқибатлари жуда кам.

Нега бундай бўлди?

Содир бўлган воқеанинг сабаблари ҳозирча номаълум, бироқ BBC Verify жамоаси Dali кемасининг кўприк билан тўқнашуви ва унинг кемалар ҳаракатини кузатувчи MarineTraffic платформасидаги траекториясини таҳлил қилган.

Қулатилган Фрэнсис Скотт Ки кўприги. Фото: EPA

Контейнер ташувчи кема Балтимор портидан 26 март куни маҳаллий вақт билан соат 00:24 (Гринвич вақти билан 04:24) да чиққан.

У бир маромда тезлигини ошириб борган ва Патапско дарёси бўйлаб жанубий шарқ томон ҳаракатланган.

MarineTraffic соат 01:25 да кема кутилмаганда тўғри йўналишдан оғиб секинлай бошлаганини кўрсатган.

Кўприк билан тўқнашган Dali. Фото: Reuters

Видеода деярли шу вақтда кемадаги чироқлар ўчиб қолгани ва дудбўрондан тутун ўрлаб чиққанини кўриш мумкин.

Соат 01:28 да Dali кўприкнинг таянчига келиб урилган ва кўприк қулаб тушган.

Мавзуга оид