Ўзбекистон | 20:00 / 30.03.2024
21679
15 дақиқада ўқилади

Кучайтирилган хавфсизлик, Намангандаги ифтор ва “автомобилсиз кун” — ҳафта дайжести

Россияда терактдан кейин мигрантларга нисбатан ксенофобия кучайди. Канада ўзбекистонликлар учун 5 мингта иш ўрнини таклиф қилди. Наманганда йил охиригача электр энергия етишмовчилиги муаммоси қолмаслиги айтилмоқда. Ўзбекистонда коррупционерларнинг неча фоизи қамалаётгани очиқланди. Автомобиллар импортига янги чеклов киритилиши мумкин. Ортда қолган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Тошкентда аҳоли гавжум жойларда хавфсизлик кучайтирилди

Москва яқинида рўй берган қонли терактдан кейин Тошкентда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Шаҳардаги савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, бозорлар ва бошқа одам кўп тўпланадиган жойларда тартиб посбонлари кучайтирилган режимда хизмат олиб бора бошлади. Жараёнга ички ишлар органларининг махсус топшириқли мобил отрядлари ва миллий гвардия бўлинмалари зирҳли транспорт воситалари билан жалб этилган. Пост-патрул хизмати ходимлари гавжум жойларга кираётганларни металлодетекторлар билан текширмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март кунги йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбарияти олдига аҳоли гавжум жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш вазифасини қўйди. У ушбу чораларни амалга оширишда тадбиркорлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Давлат раҳбари фожианинг эртасига россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан қўнғироқлашиб, Россия халқига ҳамдардлик билдирган эди. Якшанба куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, душанбада бош вазир Абдулла Арипов Россиянинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб, таъзия изҳор қилди. Элчихона олдига кўплаб ўзбекистонликлар ҳамдардлик белгиси сифатида гуллар ва болалар ўйинчоқларини олиб келди.

Теракт оқибатида ҳалок бўлган ёки жароҳатланган бир неча юз киши орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги ҳақида ҳозирча якуний ва аниқ маълумот берилмади. Айни пайтда, ҳодиса Россия жамиятида мигрантларни хуш кўрмаслик кайфиятини кучайтиргани кузатиляпти. Айниқса, тожикистонлик мигрантларга нисбатан ксенофобия ҳолатлари ортди. Россия полицияси терактдан кейин мигрантлар яшайдиган ётоқхоналарда рейдлар ўтказди. Давлат думасидаги партиялардан бирининг етакчиси Марказий Осиё давлатлари билан визасиз режимни бекор қилишга чақирди. Бу орада, мигрантларнинг ишлашига чеклов киритган ҳудудлар сони яна биттага кўпайди: энди Новгород областида патентга эга хорижликлар такси ва автобус ҳайдовчиси ҳамда алкоголли ва тамаки маҳсулотлари сотувчиси бўлиб ишлай олмайди.

Ўзбекистон Миграция агентлигининг огоҳлантиришича, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб Россияда бўлиб турган ўзбекистонликлар бесабаб жамоат жойларига бормаслиги, зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юриши, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслиги мақсадга мувофиқ. Телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган материалларни сақламаслик, вокзал ёки аэропортга бораётганда белгиланган вақтдан олдинроқ бориш ҳам тавсия этилмоқда.

Бундан ташқари, Миграция агентлиги Туркияга киришда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳақида хабар берди. Маълум бўлишича, Истанбул аэропортида асосан 20−35 ёшлардаги хорижликларга нисбатан кучайтирилган режим амал қилмоқда. Январ-феврал ойларида Ўзбекистоннинг 163 фуқароси Туркияга киритилмаган. Улардан 54 нафари аввалроқ Туркияга бориб, қонунбузарлик содир этгани учун мамлакатга такроран кирмоқчи бўлганида қайтариб юборилган.

Бу воқеалар фонида ўзбекистонликлар учун Канада эшиклари қисман бўлса-да очилаётгани маълум бўлди. Бандлик вазирлиги канадалик иш берувчилар 5 мингта иш ўрнини таклиф этаётгани ва номзодларни рўйхатга олиш бошланганини эълон қилди. Биринчи босқичда 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган, инглиз, француз ёки испан тилини биладиган қурилиш соҳаси вакиллари ишга жалб этилади. Номзодларда қурилиш-таъмирлаш мутахассислиги бўйича гувоҳнома, сертификат ёки диплом бўлиши керак. Номзодлар ҳақидаги маълумотларни иш берувчи ташкилотлар кўриб чиқади ва ишга қабул қилишдан олдин хорижий тилда суҳбат ўтказилади. Иш ҳақи соатига 12,5 доллардан 30 долларгача бўлиши маълум қилинди.

Автомобил импортига янги чеклов киритилиши мумкин

Ўзбекистонда фуқароларнинг тижорат мақсадида хориждан автомобил олиб кириши тақиқланиши мумкин. Маълум бўлишича, бу борада Техник тартибга солиш агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳада 1 апрелдан бошлаб автотранспорт воситаси учун мувофиқлик сертификати кимнинг номига берилган бўлса, автомобилни божхонада фақат ўша шахснинг номига расмийлаштириш ҳақида сўз боради. Агар бу қарор қабул қилинса, божхона омбори режимидаги товарни бошқа шахсга ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги норма автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Бу ўзгариш рўй берган тақдирда, амалда расмий дилерлардан бошқа импортёрларнинг Ўзбекистонга автомобил олиб кириши қийинлашади. Чунки ҳозирда кўплаб импортёрлар Хитой бозоридаги машиналарни жисмоний шахс сифатида сотиб олиб, уни Ўзбекистонга олиб киришда юридик шахс, яъни автосалон номига ўтказган ҳолда, бирламчи бозорда сотиб келяпти.

Эслатиб ўтамиз, “иномарка”ларни фақат дилерлар томонидан импорт қилиш тартибини тиклаш ва жисмоний шахсларнинг тижорат мақсадида автомобил олиб киришини тақиқлаш масаласи кўриб чиқилаётгани декабр ойида маълум бўлганди. Айни пайтда, аввал хабар берилганидек, “Ўзавтосаноат” ва ҳукумат вакиллари BYD бренди остидаги автомобилларнинг дилерлик тармоғидан ташқаридаги импортини чеклаш устида ҳам бош қотирмоқда.

Ҳайдовчиларга тааллуқли бошқа хабарлар

Автомобил бозоридаги ўткир дефицитнинг оқибати бўлмиш фирибгарлик ҳолатлари давом этяпти. Куни кеча Шайхонтоҳур туман суди Алишер Навоий кўчасидаги “My Cars” номли автосалоннинг 3 нафар асосчисига нисбатан ҳукм ўқиди. Ҳукмга кўра, автосалон эгалари 2022-2023 йилларда фуқароларни улар гўёки GM Uzbekistan билан шартнома тузгани ва автомобилларни 3 ой ичида етказиб беришини айтиб, 74 нафар фуқаронинг жами 6 млрд 155 млн сўмлик пулларини фирибгарлик йўли қўлга киритган. Бунинг учун судланувчиларга 8-9 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланди.

Январ ойида Рақобат қўмитаси 10 дан ортиқ автолизинг фирмаларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳақида хабар берганди. Уларнинг иш схемаси молиявий пирамидага ўхшаб кетади: қисқа муддатда янги автомобил олиб бериш ваъдаси билан одамларнинг пулларини олиб, олинган пулларни қайтариб беришни чўзиб юради, мажбуриятларини қисман янги мижозлардан олинган пуллар ҳисобига қоплайди.

Ҳафтанинг ҳайдовчилар учун муҳим янгиликлари қаторида 25 март кунги ҳукумат қарори ҳам бор. Қарорга асосан, 1 июлдан бошлаб ниҳоят йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида радарлар ўрнатиш бошланади. Ҳужжатда тўрт ва ундан кўпроқ тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўладиган нуқталарда ва темирйўл кесишмаларида ҳам фоторадарлар ўрнатилиши кўзда тутилган. Бу ишлар 2024-2026 йиллар давомида “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида амалга оширилади.

Ҳайдовчиларни, шунингдек, метан-шохобчаларда нархлар ўзгариши ҳам кутяпти. Ўтган йили сентябрда қабул қилинган ҳукумат қарори билан, 6 ой давомида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан нархини 3250 сўмдан оширмаслик вазифаси қўйилган эди. 1 апрелдан бу муддат якунига етади ва чакана нархлар ошиши мумкин. Kun.uz боғланган расмийларнинг маълум қилишича, метан-шохобчалардаги нархлар давлат томонидан тартибга солинмайди, нархни тадбиркорлар мустақил равишда белгилайди.

Президент Наманганда ифторлик қилди

Наманган вилояти шу йил охиригача электр энергияга бўлган ўз эҳтиёжини 130 фоизга, яъни ортиғи билан қондира оладиган бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг шу ҳафта вилоятга ташрифи вақтида маълум қилинди. Бундай натижага Норин дарёсида гидроэлектр станциялар каскади ва Поп туманида иккита қуёш электр станциялари қурилиши ҳисобига эришилиши режа қилинган. Давлат раҳбари ташрифи вақтида жами 1228 мегаваттли бу учта янги станция қурилишини бошлаб берди. Учала станция ҳам йил охиригача тармоққа уланиши, натижада Наманган вилоятининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилиши, ортган 30 фоиз энергия Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилиши айтилмоқда.

Ташриф давомида Намангандаги 6 та туман ва шаҳарда жойлашган 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази негизида биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилиши, вилоят марказида гемодиализ маркази иш бошлаши, Қирғизистон билан чегарада божхона пости очилиши, аҳолини ўз томорқасидан 60-70 млн сўм даромад олишга ўргатиш бўйича Сайхунобод тажрибаси Уйчи туманида ҳам татбиқ этилиши ва бошқа янгиликлар эълон қилинди. 200 минг аҳолига мўлжаллаб қурилаётган Янги Наманган шаҳри лойиҳаси тақдимот қилинди. Президент вилоятда заргарликка алоҳида эътибор қаратиш, Туркия тажрибаси асосида олтинни қайта ишлаш бўйича йирик марказни ишга туширишга топшириқ берди. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Ўзбекистон йилига 100 тонна олтин қазиб олади, лекин унинг бор-йўғи 6 фоизини қайта ишлайди. Навоий кон-металлургия комбинати шу ҳафта берган маълумотга кўра, 2016 йилдан кейинги даврда Ўзбекистонда олтин қазиб олиш ҳажми 25 фоизга ошган.

25 март, Наманганга ташрифнинг биринчи кунида президент Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган ифторликда иштирок этди. Наманганда ёзилган ифторлик дастурхонига Фарғона ва Андижон вилояти нуронийлари ҳам таклиф этилди, Қуръон оятлари тиловат қилиниб, юртга тинчлик сўраб дуо қилинди. Ифторлик доирасида президент нуронийлар билан суҳбатда бўлиб, улар орасидан наманганлик 108 ёшли Иброҳимжон ҳожи ота Хўжаевга ҳайитлик сифатида Traverse автомобилини совға қилди.

Коррупцион жиноятлар статистикаси

Ўзбекистонда коррупцияга қўл урган жиноятчиларнинг аксариятига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланади. Шу ҳафта Коррупцияга қарши курашиш агентлиги очиқлаган статистикага кўра, ўтган йили республика бўйича 6535 нафар шахс коррупцион жиноят доирасида жавобгарликка бўлса, улардан фақат 1076 нафари, яъни 16,4 фоизи озодликдан маҳрум этилган. 2022 йилда бу кўрсаткич 20 фоиз бўлган, яъни ўтган бир йил давомида коррупционерларни қамаш даражаси камайган.

Агентликка кўра, энг кўп кузатилаётган коррупция турлари – талон-торож қилиш, пора бериш ва фирибгарлик жиноятлари бўлиб қолмоқда. 2023 йилда коррупцияга оид жиноят ишлари сони 11 фоизга, коррупцияга оид жиноят ишида жавобгарликка тортилганлар сони 12 фоизга камайган. Эътиборлиси, бутун республикада коррупция даражаси камайган бир пайтда, Андижон, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида бу кўрсаткич ошган.

Андижон ва Сурхондарё вилоятлари Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг шу ҳафтадаги бошқа бир ҳисоботида ҳам салбий изоҳ билан эслаб ўтилди. Агентлик бу икки вилоят ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича қилаётган ишларини кетма-кет иккинчи йил “қониқарсиз” деб баҳолади. Умуман, коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолати бўйича “қизил” тоифага жами 15 та давлат идораси киритилган, улар орасидан Ўзэнергоинспекция, Кинематография агентлиги ва Сув хўжалиги инспекцияси 100 баллик тизимда ҳатто 10 балл ҳам тўплай олмаган. Давлат идоралари орасида Тоғ-кон вазирлиги, Марказий банк, Техник тартибга солиш агентлиги, “Ўзкимёсаноат” ва “Ўзбекнефтгаз” 100 баллдан 90 ва ундан юқори балл олгани эътиборга лойиқ.

Ҳафта давомида, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Чироқчи туманлараро судяси пора билан ушлангани маълум бўлди. Судялар олий кенгаши уни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берган. Kun.uz манбасига кўра, А.Б. исмли судя пора тариқасида 200 доллар олганликда гумонланяпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

29 март – жума куни Тошкентда “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилди. Президент фармонига кўра, бундай акцияларда аҳоли автомобилларнинг экологияга зарарини камайтириш учун жамоат транспортида юришга тарғиб қилинади. Давлат хизматчиларига бу борада намуна бўлиш топширилган. 29 март кунги илк акцияда, масалан, экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва олий таълим вазири Конгратбай Шарипов ишга метрода, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов метро ва автобусда, Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов эса велосипедда келди, пойтахт жамоат транспортида яна бир қатор амалдорлар кўриниш берди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса шу куни ҳокимликнинг автотураргоҳи бўш тургани ҳақида хабар берди – ҳоким Шавкат Умрзоқовнинг танлови маълум қилинмади. “Автомобилсиз кун” акцияси бундан буён ҳар ойнинг тўртинчи чоршанбасида ўтказиб борилади.

Барча ҳудудлардаги экология бошқармалари бошлиқларига синов муддати тайинланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” лойиҳаси бўйича ўтказилган жума кунги йиғилишда маълум қилинди. Йиғилишда таъкидланишича, жами 27 та туман-шаҳарда, хусусан Тошкент шаҳрининг 12 та туманида баҳорги мавсумда дарахт кўчатлари экиш режаси 30 фоизга ҳам бажарилмаган. Бу борадаги сусткашлиги учун республика бўйича 28 нафар мансабдорга интизомий жазо қўлланган. Шунингдек, ҳар бир вилоятдаги 2 тадан, жами 26 та туманда тажриба тарзида ободонлаштириш бошқармаларининг вазифалари хусусий шериклик асосида чиқинди корхоналарига ўтказиладиган бўлди. Синов натижаларига кўра, бу тизим 2025 йилдан барча туман ва шаҳарларда йўлга қўйилиши мумкин.

Тошкент вилоятида “маҳалла еттилиги” аъзоларининг ишга келиб-кетиши бўйича давомат юритиладиган бўлди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг қарори билан, “маҳалла еттилиги”, яъни ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг ишга келиб-кетиши бўйича давомат-табел юритиш ҳақидаги йўриқнома тасдиқланди. Уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашда ана шу табелга қаралади.

Ўзбекистон 2024 йилда Россиядан газ импортини 3 баробарга кўпайтиришни режалаштирмоқда. Қозоғистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, “Газпром” ва Қозоғистон ҳукумати ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, Қозоғистон томони Ўзбекистонга рус гази транспортировкасини 2023 йилдаги 1,3 млрд куб метрдан 2024 йилда 3,8 млрд куб метргача ошириши кўзда тутилган. Аввалроқ бу ҳажм 2026 йилдан бошлаб 11 млрд куб метрга етказилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Шу кунларда маълум бўлишича, ўтган йили “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси 2 баробарга, охирги уч йил ичида эса 5 баробарга камайган.

Мавзуга оид