Россия учун мигрантларнинг кўплиги эмас, камлиги муаммо — экспертлар
Москвадаги терактдан кейин, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси раиси Сергей Миронов Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий қилиш кераклигини айтиб чиқди. Kun.uz суҳбатлашган сиёсий таҳлилчилар бу оғзаки риторикадан бошқа нарса эмаслиги, Россия иқтисодиётининг мигрантларга боғлиқлиги узоқ истиқболда ҳам фақат ошиб боришини таъкидлади.
— Россия ички сиёсатидаги муаммоларни мигрантлар билан боғлаш қанчалик асосли?
Алоуддин Комилов, Прогрессив ислоҳотлар мазкази эксперти: — Россия ички сиёсатига назар ташлаш керак. Украина уруши фонида Россиядаги миллатчи, ултрамиллатчиларнинг аҳамияти, норозилиги ортиб боряпти ва оғир вазиятларни мигрантлар билан боғлашга ҳаракат қиляпти. Бу эса ўзининг таъсирини кўрсатяпти.
Мухтор Назиров, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори: — Россиядаги ижтимоий, сиёсий жараёнларга қарасак. Ўтган ҳафтадаги терактнинг юзи мигрантлар бўлди, ҳамма жойда: ОАВда, пропаганда маълумотларида мигрантлар кўп тилга олинди. Мигрантлар масаласи қарор қабул қилувчилар доирасида эмас, кўпроқ парламент муҳокамаларида, жамоатчиликка таъсири бор шахслар томонидан тилга олиняпти ва мигрантларга нисбатан босимлар ортиб бораётганини ҳам кўриш мумкин.
Бу жараёнлар ташқаридан қараганда мақсадлига ҳам ўхшайди. Бошқа томондан бу масала жамоатчиликни чалғитиш учун ҳам бўлиши мумкин. Виза билан боғлиқ масалалар кўтарилгани билан амалий ҳолатга ўтгани йўқ бу, аввалдан бор бундай чақириқлар.
Камолиддин Раббимов, сиёсий таҳлилчи: — Дунё давлатларининг, Россиянинг кейинги 15-20 йилдаги тажрибасига қарасак, ҳар сафар кучли ижтимоий, иқтисодий ёки сиёсий инқироз бўлганида ташқи таҳдид хавфи омили билан жамиятни бирлаштиришни кузатиш мумкин. Мисол учун, 2017 йилда ҳам терактлар бўлганди, 2000-йиллардаги терактларда эса Кавказдаги сепаратизм, мусулмон халқларининг ўзлигига қарши туришимиз керак, деган масала қўйилганди жамият олдига.
Россия ўзини империя сифатида билади, яқинда Медведевнинг ёшлар билан учрашувидаги фикрларида ҳам буни кўрдик. Лекин Россиянинг ўзида миллатчилик, шовинизм кучли. Терактдан кейин Россияда янги консолидация кузатиляпти, асосий таҳдид сифатида этник тожик бўлган шахсларга суд бўлмасидан олдин қийноқлар қилиняпти ва буни очиқчасига кўрсатяпти. Дунё давлатларида бундай бўлмайди, бўлса ҳам, яширилади. Россия эса яширмаяпти, тарқатяпти ҳам. Табиий равишда жамиятда ҳам мигрантларга нисбатан нафрат шаклланяпти.
— Визалар жорий этилиши МО давлатларининг Россия билан иқтисодий ва дипломатик муносабатларига қандай таъсир кўрсатади?
Алоуддин Комилов: — Санкциялар сабаб Россия иқтисодиёти оғир аҳволда турибди. Бундай вазиятда Россия Марказий Осиёдан борувчи арзон меҳнат муҳожирларидан воз кечолмайди, деб ўйлайман. Агар шундай қилса, катта иқтисодий зарарларга олиб келади. Путин баёнотида ҳам миллатларга урғу бермади. Лекин унинг ҳукуматига ҳам миллатчилар томонидан маълум даражада босим бор, бундай ҳолатда ҳукумат олдида катта танлов туради. Миллатчиларнинг ўзини қаттиқ назорат қилмоқчи бўлса, баттар бирлашиб Кремлнинг ўзига хавф бўлиши мумкин, шунинг учун Украина уруши фонида миллатчиларнинг босимини маълум бир даражада қабул қилади. Лекин виза тизими бўлишига асос йўқ деб ўйлайман.
Мухтор Назиров: — Россияда миллатчи, ўнг кайфиятдаги гуруҳлар кўп эмас у даражада. Россия ҳукумати керак пайтда уларни тийиб туролади, чегарадан ўтган пайт шундай қилганини кўп кўрганмиз. Лекин виза тизими жорий қилиниши бўлмаса керак деб ўйлайман. Чунки Россия ҳам, Марказий Осиё давлатлари ҳам бундан манфаатдор. Шундай қилса ҳам, уларнинг ўрнини қандай тўлдиради, маҳаллий аҳоли улар қилаётган ишни қилишадими, деган масалалар бор. Мигрантлар фақат қурилиш соҳасида эмас, турли соҳаларда меҳнат қилади, шунинг учун уларнинг ўрнини тўлдириш имконсиз. Бундай масалалар халқни тинчлантириш учун риторик тарзда айтилган бўлиши мумкин.
Россиянинг миллий манфаатларига ҳам тўғри келмайди. Чунки Ғарб билан рақобат шароитида иқтисодий танг ҳолатларга тушяпти ва Марказий Осиё давлатлари, мигрантлар ҳисобига компенсация бўляпти кўп нарсалар. Агар бу тарафни ҳам чекласа, Россиянинг таъсири ҳам йўқолади, икки томон давлатлари ҳам манфаатдор бўлмайди.
— МО давлатларининг Россия таъсиридан чиқиш учун бир имконият сифатида қабул қилсак-чи?
Камолиддин Раббимов: — Россия демографик жиҳатдан сўнаётган давлат дейилади. Путин ҳокимиятга келгач, демокрафик қисқаришнинг олдини олиш учун бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Лекин шундай бўлса-да, йиллик қисқариш 400-500 мингни ташкил этмоқда, Путин ҳокимиятга келганда 750-800 минг эди.
Иккинчи томондан Россияда ишчи кучига жуда катта эҳтиёж бор. Россия расмийларининг маълум қилишича, 1 йилда Россияга 1 млн ишчи кучи етишмайди ва бу борган сари ошиб боради. Россиянинг ғарбий қисмида 130 млн аҳоли бор, Уралдан шарқда эса 20-30 млн, бу жуда катта бўшлиқ дегани. Ҳукумат бу бўшлиқни яхши ҳис қилади.
Россияга ўз фуқароларини ишлатиш анча қимматга тушади: кўпроқ иш ҳақи сўрайди, пенсияга чиқиши керак, ижтимоий ҳимоя, суғурта ва бошқа харажатлар бор. Баъзи ишларда эса россияликлар ишламайди ҳам. Бундан буёғига ҳам мигрантларга эҳтиёж ошиб бориши мумкин, лекин пасаймайди. Россияда постсовет ҳудуди давлатлари фуқароларига Россия фуқаролигини олиш осон, ватандош сифатида кўриш принципи бор қонунчиликда. Борган сари постсовет ҳудудига нисбатан демографик эҳтиёжи ошиб бораверади Россиянинг.
Мироновнинг виза киритиш таклифи биринчи марта бўлаётгани йўқ, бу нарса унинг партияси дастурига кирган, лекин Россия расмий ҳукумати бу нарсани айтмайди. Марказий Осиёга нисбатан виза тизимини жорий қилиш Россиянинг постсовет ҳудудидаги таъсирини ҳам йўқотади.
Мухтор Назиров: — Мигрантлар катта солиқ ҳам тўлайди, ҳозирги иқтисодий танглик пайтида кўплаб соҳаларни ёпяпти ҳам. Мигрантлар ишламаса, коммунал хизматлар ишлмайди, Москва кўчалари чиқиндига тўлиб кетади, бозорлар, хизмат кўрсатиш соҳалари тўхтаб қолади. Шу сабаб бу баёнотларда асос йўқ деб ўйлайман.
Алоуддин Комилов: — Мигрантлар учун бошқа давлатларга бориш варианти ҳам бор. Марказимиз Россиядан келган мигрантларимизни бошқа давлатларга юбориш борасида ҳам ишлаяпти. Филиппин тажрибасини ўрганиб чиқдик. У ерда йилига 950 минг ҳамшира тайёрланиб, 450 минги чет элга юборилар экан, шундан 150 минги АҚШга юборилади. Катта иқтисодий фойда олиб келади давлатга. Филиппинда мигрантлари ривожланган давлатларга юбориш институционаллашган, давлат дастури бор, шу бўйича ишлар олиб борилади. Иккинчидан, таълим тизимида меҳнат бозори талабига кўра кадрлар етиштириш тизими йўлга қўйилган.
— Филиппин каби “мигрант етказиб берувчи” бошқа давлатларнинг тажрибаси қандай?
Алоуддин Комилов: — Филиппин вақтида АҚШ колонияси бўлган, шу сабаб у ерда инглиз тилини билиш даражаси жуда яхши. Бундан ташқари, у ерда англосаксон давлатларининг таълим тизими жорий қилинган. Мигрантлар тайёрлаш билан бирга ахлоқий меъёрлар ҳам ўргатилади. Ҳамширалар тайёрлаш, уларнинг лицензия олиши давлат томонидан назорат қилиниб, шаффофлик таъминланган.
Масалан, Кореяда ҳам ноқонуний меҳнат қилаётган мигрантлар бор, ҳукумат ҳам бундан манфаатдор қайсидир маънода. Лекин бундай мигрантлар сони ошиб кетганда депорт қилиниб турилади, рейдлар ўтказилиб. Ноқонуний мигрантларга ижтимоий ҳимоя ва бошқа кафолатлар бўлмайди, бу эса иқтисодиётга, айниқса тадбиркорларга фойда бўлади.
Мухтор Назиров: — Тайван тажрибасини ўрганганман. Бу давлат иқтисодиётнинг бир соҳасига ихтисослашган. Улар ўзининг кучли томонини аниқлаб олиб, шу соҳага мақсадли равишда тайёргарлик кўрган. Ўзбекистонда бу жараён кетяпти. Янги авлод меҳнат муҳожирларимиз фақат қурилиш ва шу каби ишларда эмас, балки турли соҳаларда ишлаяпти. Ижтимоий хизмат кўрсатиш, тиббий хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ҳам кириб бориляпти. Кўп ривожланган давлатларда бундай хизматлар мигрантлар томонидан амалга оширилади, шу сабаб бунга ҳам эътибор қаратиш керак. Соҳалар ва географик нуқтаи назардан кенгайтириш лозим доирани. Шунда мигрантлар масаласи сиёсий босим воситаси бўлиб қолмайди.
Камолиддин Раббимов: — Маълумотларга еўра, Россияда 1,5-2 млнлик меҳнат муҳожирларимиз бор. Бу катта рақамлар, бирор давлат бу даражада кўп мигрантларни бирдан қабул қилолмайди. Бундай катта ўзгаришлар тезда бўлмайди, ҳозир ташкилотларимиз мигрантларимизни Канада, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга юбориш устида ишлаяпти. Лекин Россиядан узилиш осонликча бўлмайди. 21-асрда энг катта дефицитлардан бири ишчи кучи бўлади, маълум муддатдан сўнг демографик ўсиш бўлмайди энди. Масалан, аср сўнгида Хитой аҳолисининг 2 баробар қисқариши прогноз қилинади. Японияда ҳам, Россияда ҳам ва бошқа давлатларда ҳам қисқариш бўлади. Шу фонда Ўзбекистон давлатчилиги малакали хизмат кўрсатувчи секторини шакллантириш керак бўлади, бу ҳақида гапириляпти ҳукумат томонидан.
Бугунги Россия билан муаммолар давлат билан эмас, Кремлдаги сиёсий тузум билан. Кейинчалик вазият яхшиланиши мумкин. Сўнгги бир ярим асрдаги Россия билан боғлиқлигимиз сақланиб қолаверади деб ўйлайман, агар Россия томонидан катта бир провокациялар бўлмаса.
Алоуддин Комилов: — Уруш фонида Россия жамиятида ҳам катта трансформация кетяпти. Бундай вазиятда миллатчиларнинг таъсири ортиб боради деб ўйлайман. Кремлда ҳокимият ўзгаради, лекин янада миллатчи бўлган кучлар келиши мумкин, чунки уларнинг босими ҳам ошиб боряпти. Шу сабаб биз бундай вазиятда яқин, ўрта ва узоқ муддатли чора-тадбирлар кўришимиз керак бўлади. Умуман, таълим тизими билан ҳам комплекс чоралар бўлиши, йўналтириш ишлари бўлиши керак.
Тарихдан маълумки, битта давлатга боғланиб қолиш катта сиёсий босимлар олиб келган, ички ва ташқи сиёсатга таъсир кўрсатишга уринишлар бўлган.
Мухтор Назиров: — Келажакда Россия ҳокимиятига миллатчи кучлар келса ҳам, ҳокимиятга келгач, уларнинг риторикаси ўзгаради, давлат ва жамият манфаатларидан келиб чиқиб қарор қилишига тўғри келади. Қўшни давлатларда ҳам мигрантларни бошқа давлатларга йўналтириш ишлари бошланган. Лекин фақат ҳукумат томонидан мигрантларни йўналтириш, яъни жараённи марказлаштириш бўлса, анча секинлашади деб ўйлайман. Миграция жараёнини ҳам ҳукумат бошламаган ўз вақтида, одамларнинг ўзи кетган. Ҳозир ҳам турли давлатларда меҳнат муҳожирларимиз бор. Миграция жараёнини марказлаштирмаган ҳолда олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайман.
Алоуддин Комилов: — Юқоридаги фикрларга қўшиламан. Комплекс дастур дейилганда фақат давлат томонидан бўлишини назарда тутмадим, турли ташкилотларга ҳам эркинлик берилиши, бозор тамойиллари асосида амалга оширилиши керак. Фақатгина давлат томонидан бўладиган бўлса, натижа тушиб кетиб, секинлашиши мумкин, бюрократик тўсиқлар юзага келиши мумкин. Турли ташкилотларга, ўзлари йўл топаётган фуқароларга ҳам шароит яратиш лозим.
Мухтор Назиров: — Урбанизация жараёни ҳам меҳнат миграциясининг географияси кенгайишига олиб келади деб ўйлайман. Урбанизация ошгач, таълим олиш, тил ўрганиш имкониятлари кўпаяди ва албатта, бошқа давлатларга ҳам миграция қилиш имконияти ошади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:47 / 22.11.2024
Кремл Россияга мигрантлар нима учун кераклигини тушунтирди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024