Ўзбекистон | 16:39 / 06.04.2024
8678
3 дақиқада ўқилади

ЎзЛиДеП депутатлари давлат ташкилотлари томонидан қимматбаҳо автомобиллар харид қилинишига муносабат билдирди

ЎзЛиДеП депутатлари бюджет тақчиллиги фонида  айрим вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан қимматбаҳо автотранспортлар харид қилиниши ҳолатларини қоралади.

Фото: ЎзЛиДеП

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Нодир Абдувалиев ва Сардор Ғиёсов бу ҳолатлар жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганини айтиб, давлат ташкилотларини тежамкорликка чақирган.

Депутатларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистон консолидациялашган бюджети даромадлари 321,0 триллион сўмни, харажатлари 380,0 триллион сўмни ташкил этди. Бунда харажатлар даромадлардан 59 триллион сўмга кўп бўлиб, бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоизга етган ва жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан барча соҳаларда кўплаб муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятдаги амалий вазифаларни бажариш режалаштирилган.

ЎзЛиДеП депутатлари бу вазиятда бўйича айрим вазирлик ва давлат ташкилотлари нархлари юқори бўлган автотранспорт воситаларини харид қилиш учун маблағлар сарфлаётганини кескин қоралаган.

“Масалан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан 444 млн сўмга бир дона «BYD SONG PLUS» автотранспорт воситасини,Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан 504 млн сўмга премиум-классдаги «BYD HAN»автомобилини ҳамда Олий Суд томонидан 1,5 млрд сўмга «йўлтанламас» «Toyota Land Cruiser 300» автомобилини ва бошқа айрим ташкилотлар ҳам шу каби автотранспорт воситаларини харид қилишаётгани шулар жумласидандир.

Хорижий мамлакатларда вазирликлар раҳбарлари ўзларининг халқ хизматидаги давлат ходими эканлигини билдириш, ўзининг халққа яқинлигини кўрсатиш мақсадида қимматбахо хизмат автомобиллари ўрнига жамоат транспорти ва велосипедларда ишга келишни афзал билишмоқда.

Кенг жамоатчилик томонидан вазирлик ва идоралар маблағларни сарф қилишда биринчи навбатда ҳудудлардаги, жумладан маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни хал этишга, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар бир хонадонга етиб боришини таъминлашга эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда халқ вакили сифатида, бюджетдан маблағ олувчи вазирлик, идора ва ташкилотларни бюджет маблағларини сарфлашда тежамкорликка амал қилишларига, фойдаланишдаги автотранспорт воситалари мавжуд бўлган ҳолда мазкур мақсад учун харажатларга йўл қўймасликка чақирамиз” дейилган хабарда.

Мавзуга оид