Жаҳон | 15:04 / 12.04.2024
6188
2 дақиқада ўқилади

Нигерга Россиядан ҳарбий инструкторлар етиб келди

2023 йилда Нигерда ҳарбий хунта ҳокимиятни эгаллаб олди. Москва алоқадорликда гумон қилинаётган давлат тўнтаришидан олдин бу давлат ғарбнинг Африка минтақасида жангариларга қарши курашдаги асосий ҳамкорларидан бири бўлган. 

Фото: Видеодан кадр

Россиядан келган ҳарбий инструкторлар Нигер армиясини тайёрлашга киришди. Ҳарбий техника билан самолёт туширилаётгани тасвирини Нигернинг RTN давлат телеканали намойиш қилди, деб хабар берди Reuters 12 апрел, жума куни. «Биз Нигер армиясини тайёрлаш, Россия ва Нигер ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш учун келдик», деди RTN телеканалида камуфляждаги киши. Телеканал маълумотларига кўра, Россия Нигерда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ўрнатишга ҳам рози бўлган. 

Нигерда ҳарбий хунтанинг ҳокимиятга келиши ва Россия билан яқинлашиш 

Нигер - дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири. 2023 йилда ҳарбий хунта мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олди. Москва алоқадорликда гумон қилинаётган давлат тўнтаришидан олдин Нигер АҚШ, Франция ва Германия каби ғарб давлатларининг Ғарбий ва Марказий Африкадаги жангариларга қарши курашдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири бўлган. Нигер кўп йиллар давомида ИШИД ва «Ал-Қоида» билан алоқадор турли гуруҳлар томонидан ҳужумларга учраган. 

2023 йил январь ойида Нигер Мали ва Буркина-Фасо билан биргаликда Ғарбий Африка давлатларининг иқтисодий ҳамжамияти ЭКОВАС минтақавий алянсидан чиқди, унинг асосий мақсади Ғарбий Африкада минтақавий хавфсизликни таъминлаш эди. Нигер ҳукумати АҚШ ва Франция билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатаётганини расман эълон қилган. Бундан ташқари, улар ҳарбий харажатлари энди назорат қилинмаслиги тўғрисида фармон чиқарди.

Мутахассисларнинг фикрича, Нигернинг Вашингтон билан муносабатлари узилиши ва ҳарбий харажатлар устидан назорат бекор қилиниши Россия билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув дастлабки шарти бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид