Ўзбекистон | 11:50 / 12.04.2024
3406
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчиси Самара вилоятида ЙТҲда жабрланганлардан хабар олди 

Ўзбекистон элчиси Самара вилоятида бахтсиз ҳодиса оқибатида жароҳатланган мамлакат фуқароларига кўрсатилаётган тиббий ёрдам билан танишди.

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботир Асадов Самара вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Армен Бенян билан биргаликда ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, автоҳалокатда жабрланган мамлакат фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳолатини ўрганди.

Самара вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари таъкидлаганидек, барча жароҳатланганлар ҳудуддаги 4 та касалхонада зарур тиббий муолажалар олмоқда.

2024 йил 8 апрелга ўтар кечаси Урал-Муханово трассасида Чимкент-Нижний Новгород йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлган эди.

Воқеа жойида тиббий хизмат тезкорлик билан иш олиб борди, 10 нафар тез тиббий ёрдам бригадаси ва вилоят табиий офатлар тиббиёт маркази бригадаси иш олиб борди.

18 беморнинг аҳволи ўрта оғир, 2 нафари қониқарли ва яна 2 нафари ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Мамлакат дипломатлари тиббиёт муассасалари маъмурияти, Самара вилояти ички сиёсат бошқармаси миллий ва диний сиёсат бўлими бошлиғи Мария Купцова билан ҳам тиббий ёрдамни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Элчи Б.Асадов вилоят ҳукумати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, шунингдек, автоҳалокатда жабрланган Ўзбекистон фуқароларига юқори малакали ёрдам кўрсатаётгани учун Самара тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид