“Бизни ухлатиб кетишдими, тушунмаяпман” — Smartbolla’га 4200 доллар тиккан инвестор
2021 йилда ижтимоий тармоқларда катта пиар кампаниясини ўтказиб, ўзини халқаро айти компанияси деб эълон қилган ва одамлардан инвестиция йиғган Smartbolla компанияси ҳақида шубҳа-гумонлар ортмоқда. Компанияга 4200 доллар пул тиккан инвестор Дилшодбек Ибрагимов ваъда қилинган дивидендлар тўланмаётгани, ҳамон пулларини қайтариб ололмаётгани ҳақида Kun.uz'га гапириб берди.
Kun.uz 3 йил олдин ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтариб, ўзини жаҳон айти бозорига шиддат билан кириб келаётган компания сифатида таништирган ва кейин йўқолиб қолган Smartbolla компанияси ҳақида феврал ойида мақола эълон қилганди.
Унда Smartbolla 10та ноёб алгоритмга эга дастур ишлаб чиқишини эълон қилиб, катта реклама кампанияси орқали инвесторларни фаол жалб қилгани ва компания фойдага киргач пул тикканлар фойдадан дивиденд олишини ваъда қилгани, аммо лойиҳалар ҳамон ишга тушмагани ҳақида сўз борганди. Ўз навбатида лойиҳага пул тикканлар пулларини қайтариб ололмаётгани айтилганди.
Лойиҳага одамлар турли миқдорларда инвестиция қилган, кимдир 100 доллар, кимдир 200 ва ҳатто 7000 доллар тикканлар ҳам бор. Ушбу мақоладан кейин Kun.uz’га яна бир инвестор мурожаат қилиб, Смартболлага 4000 доллар пул тиккани, лекин пулларини қайтариб ололмаётгани ҳақида гапириб берди.
“2019 йилдан 2023 йилга охиригача Россияда ишладим. 2021 йил инстаграмда Алишер Узоқов Smartbolla'нинг рекламасини қилди. Компания асосчиси Мурод Ҳасанов экан. Улар краудфандинг системаси орқали ишлашини ва бу янги инвестицион лойиҳа эканини, шунга инвестиция йиғилаётганини айтди. Компаниянинг олган даромадидан инвесторларга улуш берилади деб айтишди. Биз шунда 2021 йил июн-июл ойларидан пул ташлашни бошладик. Менинг ўзим 4200 доллар инвестиция қилганман, укам 300 доллар, яна битта ўғайним ҳам пул тиккан. Улар 2022 йилдан 1 январдан дивиденд тушишни бошлайди деганди, 2022 йилда ҳам тушмади. Ана тушади, мана тушади деб 2023 йил бўлди, аммо 2023 йил ҳам тушгани йўқ. Қанақадир бу ерда ўйин қилишяптими, ухлатишдими тушунмаяпман”, - дейди у.
Дилшодбек Ибрагимов пул тикишдан олдин шартномани ўқиб кўрмаганини айтади.
“Тўғриси айтсам, шартномани тўлиқ ўқимадик, биринчи ўзларининг айтгани бўйича пул ўтказдик. Кейин озгина жойини ўқидим. Улар “тушган даромаддан 60 фоиз оласизлар, 40 фоизи компаниянинг ўзида қолади”, деди, биз рози бўлдик.
“Ўзбекистоннинг қанақадир телевидениеси улардан интервю олиш учун борди, биз шунга ишонгандик. Алишер Узоқов ҳам бор эди. Вайнерлар ҳам бориб реклама қилди, уларни ҳам танирдик, шунча одам бўлганидан кейин, рост, бу ишласа керак, даромад олса, бизгаям манфаатли бўлади деб топганимизни шунга ташлаб келдик. Ҳозиргача қачон дивиденд тушади десак, аниқ нарса айтилмайди. Орадан 3 йил ўтди, ҳеч қандай янгилик ҳам, фойдадан улуш ҳам йўқ. Охири мен чидолмадимда яқинда Kun.uz’да эълон қилинган суриштирувни кўрганимдан кейин бизни ухлатворишди деб ўйладим ва уларга ёздим. Карта рақамингни ташла ўтказиб бераман деди, лекин унга ҳам бир ой бўлди. Ташлаб беришгани йўқ. Оз қолди, бўлади деган гапдан бошқа нарса йўқ. Ёзган смсларга 1 ҳафтадан бери ёзмай ҳам қўйди”, - дейди у.
Kun.uz журналисти Smartbolla компанияси асосчиси Мурод Ҳасанов билан феврал ойида эълон қилинган мақола учун изоҳ олиш мақсадида боғланганида Ҳасанов ким пулларини сўраётган бўлса, барчасига пуллар қайтариб берилганини иддао қилганди. Бунинг исботи сифатида пулларини қайтариб олган бир нечта шахсларнинг видеоларини ҳам ташлаб берганди. Худди шу видеоларни Ҳасанов аввалроқ Factchecknet.uz'да Smartbolla борасида суриштирув эълон қилган журналист Дилбар Эламановага ҳам юборган. Дилбарга мурожаат қилган инвесторлар ва Kun.uz’га интервю берган Дилшодбек Ибрагимовнинг гапларига таянилса, Smartbolla инвесторларнинг пулларини ҳақиқатан қайтариб бераётгани савол остида қолади.
Айни пайтда Smartbolla компаниясининг барча ижтимоий тармоқларидаги видеолар, постлар ўчириб юборилган (YouTube, Facebook). Компаниянинг Instagram саҳифасига 12 феврал куни Мурод Ҳасановнинг фотосурати “Тез кунда” деган изоҳ билан жойлаштирилган ва шарҳ ёзиш имконияти чеклаб қўйилган. Айтиш керакки, Kun.uz Мурод Ҳасанов билан компанияга нисбатан шубҳалар ва инвесторларнинг даъволарига муносабатини сўраб 12 феврал куни телеграм орқали гаплашган эди. Унда Ҳасанов қарз устига қарз олиб, лойиҳа битириб келинаётгани, ким контракт асосида сармояни сўраса, ўз вақтида қайтариб берилаётганини айтганди. У киритилган инвестиция жуда кам, 200 минг доллар ҳам чиқмаслигини таъкидлаганди.
Дилшодбек Ибрагимов ички ишлар бўлимига Smartbolla компанияси устидан ариза ёзиб берганини айтмоқда. Kun.uz ички ишлар вазирлиги ва бош прокуратурага Smartbolla иши юзасидан сўров юборди. Ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу масалани ўрганяптими, йўқми, номаълум қолмоқда.
Мавзуга оид
18:30 / 28.10.2024
Марказий Банк зарарли илова юбораётган фирибгарлар ҳақида огоҳлантирди
07:21 / 27.06.2024
Ўзганинг банк мобил иловасига уланиб, пулларни ечиб олган шахс ушланди
14:04 / 27.03.2024
Ўзганинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган шахслар ушланди
15:51 / 16.02.2024