Ўзбекистон | 17:30 / 14.04.2024
20308
6 дақиқада ўқилади

Ҳоким Юнусободдаги академик лицейни кўчирмоқчи. Унинг ерини сотиш режалаштирилган

Пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Тошкент кимё-технология лицейи ўрнига мактабни қайтариш таклиф қилинди. Туман ҳокими Баҳодир Абдувалиевнинг айтишича, 2007 йилда қурилган бу лицей ҳозирда 30 фоиз қувватда ишлаяпти, 70 фоиз синф хоналари бўш. Иқтисодчи мактаб ерларини сотиш тенденцияси янги тўлқин билан давом этиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей негизида қайтадан мактаб ташкил этиш таклиф қилинди. Gazeta.uzʼнинг хабар беришича, бу ҳақда туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов билан учрашувда билдирган.

Қайд этилишича, 9 апрел куни Шавкат Умурзоқов туманга ташрифи чоғида Юнусобод ҳокими Шоштепа ва Акбаробод маҳаллалари инфратузилмаси ва қиёфасини яхшилаш бўйича тақдимот ўтказган.

Унда Абдувалиев Мега Планет савдо маркази ёнидаги 26,5 гектар майдонда жойлашган Акбаробод маҳалласини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида гапирган. Таъкидланишича, у ердаги 21 та уйда 3 248 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Сайтнинг келтиришича, ҳоким маҳаллага авваллари шу ҳудудда бўлган мактаб зарурлигини, 2007 йилда 960 ўринли мактаб биноси Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицейга берилгани, аммо шунга қарамай, у атиги 30 фоиз қувват билан ишлаётганини айтган. Бинонинг бир қисми мусиқа мактабига айланган.

Лицейга сектор мудири билан шахсан ўзим ташриф буюрдим. У ерда фақат 30 фоиз ўқув хоналари банд, вилоятлардан келган талабалар таҳсил олишади. Синф хоналарининг 70 фоизи бўш. Шу боис лицей биносини кимё саноати тизимидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги балансига қайтариб, ўша ерда яна мактаб ташкил этишни таклиф қиламан. Бу маҳалла учун зарур”, — деган ҳоким.

Пойтахт ҳокими Умурзоқов бу таклифни кўриб чиқишни таъкидлаб, лицейни кўчириш учун жой ажратиш зарурлигини билдирган.

Қўшимча қилинишича, туман ҳокими лицей ҳудудидаги 27,5 сотихли учта бўш ер участкасини “ўлик ва фойдаланилмаётган ҳовуз” деб атаб, унинг аукцион орқали сотилишини ҳамда шу йўл билан 22,5 млрд сўм (1 сотих учун 65 минг доллар) жалб қилиниши кутилаётганини маълум қилган. Савдодан тушган маблағни маҳаллани ободонлаштириш, мактабни таъмирлашга йўналтириш режалаштирилган.

2024 йилда Акбаробод маҳалласида 9,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Мактаблардан қўлингизни тортинг: мактаблар ҳудуди фақат таълим учун фойдаланилиши керак!”

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг масалага эътибор қаратишича, сотиб юборилган мактаб ерларини қайтариш ўрнига қолганиниям сотиш тенденцияси янги тўлқин билан давом этиши мумкин.

Ҳоким билан учрашувда ҳозир бўлганларнинг ҳеч бири мактаб майдонига тегмайлик, қурсак, ўрнига яна мактаб қурайлик демаган. Лоақал бирортаси туриб, ўша сотмоқчи бўлган ер майдонининг пулига камида 500 ўринли янги мактаб биноси қурса бўлади-ку, деб сўрамаган.

Агарда ҳозир шу битта мактаб мисолида ер сотиш бошланса, уни тўхтатиб қолиб бўлмайди. "Юнусобод тажрибаси" деган аҳмоқона методика билан бутун Ўзбекистонга ёйилади. Ҳеч ким сайламаган ҳокимлар ва уларнинг очофат шотирлари мактабларнинг ер майдонларига кўз олайтириб турибди. Доимгидек, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги оғзига толқон солиб ўтирибди”, – дейди иқтисодчи.

Унинг айтишича, таълим муассасаларига тегишли ерлар фақат таълим учун фойдаланилиши лозим. Бакиров агар иқтисодий асослар етарли бўлса, туманнинг шу ҳудудига ДХШ асосида мактаб қуриш мумкинлигини билдирган.

Мактабларнинг бўш ҳудудига фақат таълим жараёнига оид бино ва иншоотлар қурилиши керак. Бу бассейн, бу спорт зали, бу кутубхона бўлиши мумкин. Агар чуқур иқтисодий асосланса, давлат хусусий шерикчилик асосида хусусий мактаб қуришни ҳам ўйлаб кўрса бўлади, ундан ортиқ эмас.

Ҳурматли қарор қабул қилувчилар, бюджет тизимидаги мактаблар, шифохоналар, университетлар макони “хусусийлаштиришдан” дахлсиз бўлиши ва уларнинг ҳудудини сотиш қонун билан тақиқланиши зарур.

Мактаблардан қўлингизни тортинг, ҳурматсиз ерсотарлар. Ўзбекистон келажагига чанг солманг”, – дея якунлаган у постдаги фикрларини.

Эслатиб ўтамиз, мактабларнинг сотилиб кетган мулклари ҳақида дастлабки хабарлар 2022 йилда чиққанди. Ўша вақтдаги администрация раҳбари Сардор Умрзоқов прокуратурага ерларни қайтариш бўйича судга аризалар киритиш вазифасини топширганди.

Kun.uz мактаблардан тортиб олинган ерларни таълим муассасаларига қайтаришга оид топшириқ ижросига ўтган йили ҳам, бу йил феврал ойида ҳам қизиқиб кўрганди. Вазирлик 2023 йил май ойида берган маълумотга кўра, 2018-2021 йиллар давомида 467 та ҳолатда 100 гектарга яқин ер ноқонуний олиб қўйилган, 246 тасида ерларни қайтариш бўйича фуқаролик ва маъмурий судларга даъво аризалари киритилган.

Орадан салкам бир йил ўтяптики, ҳозирга келиб 467 та ҳолатнинг 148 таси устидан узил-кесил қарор қабул қилинган, ерлар таълим муассасаларига қайтарилган, қолган 300 дан ортиқ ҳолатда эса жойларнинг тақдири номаълумлигича қолган. Ўшанда вазирлик вакили мактаб ҳудудида 5 қаватли савдо маркази қурилган ҳолатлар ҳам борлигини айтганди.

Мактаб вазирлиги ҳозиргача олиб қўйилган ерлар ҳажми қанча экани, ҳолатлар жами нечта мактаб билан боғлиқлиги ҳамда суд қарори билан қанча объект, қанча гектар ҳудуд қайтарилганига оид Kun.uz саволларига жавоб берганича йўқ.

Маълумот учун, 2018 йил сентябрдаги президент қарорига асосан, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланган.

2023 йил май ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури нутқида келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрни яратиш ва таълим сифатини тубдан ошириш зарурлигини айтганди.

Мавзуга оид