Жаҳон | 19:00 / 17.04.2024
10896
7 дақиқада ўқилади

Хавфли ҳудудларда ишлаётган «Оқ фаришталар» ва Лвивда дафн маросими. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 783-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Зеленский сафарбарлик тўғрисидаги қонунни имзолади.
  • Зеленский АҚШ томонидан қўллаб-қувватлов тикланмаса, Украина бу урушда ғалаба қозона олмаслигини айтган.
  • Украина президентининг сўзларига кўра, Триполская ИЭС Россия ҳужуми вақтида украин ҳарбийларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракеталари тугаб қолгани туфайли вайрон бўлган.
  • АҚШ конгрессида Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаларини қабул қилиш таклиф этилди.
  • АҚШ Исроилни Эрон ҳужумидан ҳимоя қилганидаги каби Украинага ракета ва дронларни уриб туширишда ёрдам кўрсата олмаслигини маълум қилди.

Кун кадри. Мариупол

Россия қўшини Мариуполни 2022 йил баҳорида оккупация қилганди. Жанглар вақтида Украинанинг энг йирик шаҳарларидан биридаги биноларнинг 90 фоизи у ёки бу даражада шикастланган. 2022 йил августида Россия қурилиш вазирлиги Мариуполни уч йил ичида «тиклаш» режаси ҳақида маълум қилганди. «Бумага» нашри хабарига кўра, вайрона шаҳардаги қурилиш ишларида Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти фаол иштирок этмоқда. Немис журналистлари аниқлашича, Мариуполдаги қурилишларда Германия компанияларининг ҳам иштироки мавжуд. Human Rights Watch ташкилоти  ходимлари шаҳарнинг сунъий йўлдош тасвирларини ўрганган ҳолда 2022 йил мартидан 2023 йил февралига қадар Мариуполда камида саккиз минг киши ҳалок бўлган деган хулосага келишган. Уларнинг ҳисоблашича, қурбонлар сони бундан ҳам кўпроқ, чунки биродарлик қабрларига бирданига бир неча киши кўмилган, кўплаб жасадлар эса кейинроқ отишмалар вақтида ер билан битта бўлган уйларда қолган бўлиши мумкин. 16 апрел куни олинган фотода Мариуполдаги районлардан бирида ҳали ҳам «тиклаш» ишлари бошланмаганини кўриш мумкин.

AFP / Scanpix / LETA

Донецк областидаги Очеретино қишлоғи

Донецк областидаги Очеретино қишлоғи Россия қўшини 2024 йил февралида эгаллаб олган Авдийивка шаҳри яқинида жойлашган. РФ қуролли кучлари бу йўналишдаги юришини ривожлантиришга уринмоқда, украин ҳарбийлари мудофаани ушлаб турибди, жумладан Очеретино ҳудудида ҳам — бу ерда Украина қуролли кучлари истеҳкомларидан бири жойлашган.

Амалда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолган бу қишлоқда деярли барча бинолар вайрон бўлган
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Аммо Очеретинода ҳали ҳам тинч аҳоли вакиллари яшашда давом этмоқда. Маҳаллий аҳолига нисбатан хавфсиз жойларга кўчиб ўтишга Украина полициясининг «Оқ фаришта» номли махсус бўлинмаси ёрдам кўрсатмоқда.
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
«Оқ фаришта» ходимлари Геннадий Юдин (ўнгда) ва Дмитро Соловей (чапда) Очеретино аҳолиси вакиллари билан мулоқот қилмоқда
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Дмитро Соловей очеретинолик 70 ёшли киши билан гаплашмоқда, бир кун олдин — 15 апрелда Россия зарбаси оқибатида унинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлган. Бир кун ўтиб унинг жасади харобалар остидан чиқариб олинган.
«Бу одамлар — энг яхши, бу хизматга кўнгилли сифатида кирган жасур полициячилардир», — деган Украина миллий полицияси раҳбари Игор Клименко «Оқ фаришта» жангчилари ҳақида. Уларнинг асосий вазифаси — ҳарбий ҳаракатлардан энг кўп азият чекаётган ҳудудлар аҳолисига ёрдам кўрсатишдир
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Россия қўшини Очеретинога авиабомбалар ташламоқда. Улардан бири 15 апрел куни қишлоқда яшовчилардан бирининг ўлимига сабаб бўлган. Яна икки киши яраланган, деб хабар берган Донецк области раҳбари Вадим Филашкин. Россиянинг ФАБ-500 русумли яна бир бомбаси қишлоқ четига тушган, аммо портламай қолган.
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Украина армиясининг Часив Яр яқинидаги тиббиёт пункти

Фронтнинг нисбатан шиддатли жанглар кетаётган участкаларидан бири Донецк области Часив Яр шаҳри яқинида жойлашган. Жанг майдонида яраланган украин ҳарбийларига биринчи ёрдам фронт яқинида жойлаштирилган барқарорлаштириш пунктларида кўрсатилади. Бундай пунктлардаги тиббиёт ходимларининг вазифаси — келгуси даволаниш учун ҳоспиталга юборишдан олдин ярадорларнинг ҳолатини барқарорлаштириш ҳисобланади. «Агар зарурат бўлса, эвакуация босқичида жони узилмаслиги учун ярадорнинг ҳолатини бир-икки соат давомида барқарорлаштирамиз. Уч соат барқарорлаштиришга тўғри келган паллалар ҳам бўлган. Кейин эса жўнатамиз», — деган FREEДОМ телеканалига берган интервюсида Украина қуролли кучлари 17-алоҳида танк бригадаси врач-анестезиологи, Донецк областидаги барқарорлаштириш пунктларидан бирида ишловчи Сергей.

Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Лвивда украиналик сержантларнинг дафн маросими

Лвивдаги Авлиё ҳаворийлар Пётр ва Павел ибодатхонаси (Иезуитлар черкови сифатида ҳам танилган) 2011 йилда мустақил Украина тарихидаги илк гарнизон ибодатхонасига айланганди. РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошлангач, ибодатхона ҳарбий капелланларини фронтга юбора бошлади, улар ҳарбий хизматчиларга руҳий мадад бериш, шунингдек моддий ёрдам кўрсатиш, масалан, каска ва зирҳли нимчалар, исиниш воситалари ҳамда генераторлар, дронлар ва автомобиллар тарқатиш билан шуғулланиб келмоқда, деб ҳикоя қилган гарнизон ибодатхонаси капеллани Роман Ментух ота. Бундан ташқари, ибодатхона ҳарбийларга реабилитация ва протезлашда ёрдам кўрсатади, шунингдек Украина қуролли кучлари ҳарбийларининг оилаларига ғамхўрлик қилади. Ибодатхонада фронтда ҳалок бўлган украин ҳимоячиларининг дафн маросимлари ҳам ўтказилади. 16 апрел куни гарнизон ибодатхонасида ҳалок бўлган сержантлар Михайло Томкевич ва Олександр Крилю билан видолашув маросими бўлиб ўтди.

Мавзуга оид