Жаҳон | 21:37 / 22.04.2024
4321
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда TikTok блокланиши мумкин 

Мамлакат расмийлари ижтимоий тармоқни чеклаш чораларини ўрганиб чиқмоқда. 

Фото: Reuters

Қозоғистон TikTok платформасига киришни блоклаш имкониятини ўрганмоқда, деди журналистларга маданият ва ахборот вазири Аида Балаева. 

«Мен ҳозироқ буни тақиқлаймиз демаяпман, биз ўрганиб чиқяпмиз. Агар қўшни давлатлар бундай чораларни кўрса, биз ҳам ўрганамиз», деди у. 

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқда фирибгарлик ва ёлғон маълумотлар тарқатиш ҳолатлари кўпайган. 

«Ижтимоий тармоқларни очасиз ва бу ерда турли хил контент бор - булар орасида гиёҳванд моддалар, порнографик материаллар, катталар ва болаларнинг ҳақоратлари, экстремистик материаллар, диний материаллар. Мониторинг ижтимоий тармоқларда ноқонуний контент кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Ҳозир кўплаб мамлакатлар ижтимоий тармоқларни блокировка қилишга ва ундан воз кечишга мажбур бўлмоқда», деб тушунтирди вазир. 

19 апрел куни Қирғизистонда TikTok блокланди. Ушбу қарорга TikTok томонидан «Қирғизистон Республикасида болалар саломатлиги ва жисмоний, интеллектуал, ақлий, маънавий ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қонунга риоя қилмагани асос бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда TikTok 2021 йил июл ойидан бери «шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузгани, серверларини республикада маҳаллийлаштирмагани» учун блокланган. 

Мавзуга оид