Ўзбекистон | 21:35 / 25.04.2024
5662
6 дақиқада ўқилади

25 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

“Меҳр дафтари” ҳисобидан олинаётган электромобиллар, ХВЖнинг солиқ ислоҳоти бўйича тавсиялари, ўзгариш қолган асосий ставка, харид бўйича биринчи ўринда турган метан газ — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Етимнинг ҳақига машина...

Айрим ҳокимликлар «Меҳр дафтари» маблағлари ҳисобидан электромобиллар харид қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган «Меҳр дафтари» жамғармаси маблағларини ҳокимликлар ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбораётгани ижтимоий тармоқларда ҳам кескин қораланди.

«Меҳр дафтари» жамғармалари ҳомийлик хайриялари ва алкоголли маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг соф фойдасидан 3 фоиз ажратмалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Жамғарма маблағлари етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг муаммоларини ҳал этиш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳаётга тайёрлаш, ўқишини ташкил этиш, касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, коммунал тўловлар бўйича қарзларини қоплаш ва бошқа мақсадларга йўналтирилиши керак, асло ҳокимлар машина миниши учун эмас.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг «Меҳр дафтари» жамғармаси номидан тўртта «гибрид» BYD Song Plus сотиб олиш бўйича 1 млрд 780 млн сўмлик келишувлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг 9 июн куни ушбу жамғарма томонидан ҳам 450 млн сўмга Chevrolet Equinox сотиб олиш учун ариза берилган.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур хабарларга зудлик билан реакция билдириб, автомобиллар халқ депутатлари кенгаши розилиги билан маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан харид қилинаётгани ҳақида ҳужжатлар тақдим этди.

Бироқ, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳам «Меҳр дафтари» жамғармаси ҳисобидан 768,3 миллион сўмга иккита BYD Song Plus ва 444,5 миллион сўмга яна бир автомашина харид қилаётгани хабар қилинган.

Бухоро шаҳри ҳокимлиги «Меҳр дафтари» жамғармасидан 412 миллион сўмга электромобил, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳам «Меҳр дафтари» жамғармасидан 156,3 миллион сўмга Chevrolet Gentra сотиб олиниши режалаштирилган. Бошқа ҳудудлар харидларга тушунтириш беришмаган. 

Солиқ ислоҳоти бўйича тавсиялар

Халқаро валюта жамғармаси вакиллари Ўзбекистоннинг амалдаги солиқ тизимини ўрганди ва унинг натижалари бўйича қўшилган қиймат солиғи, даромад солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва акциз солиғи бўйича солиқ сиёсатини такомиллаштиришга оид тавсияларни тақдим этди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда ХВЖнинг Фискал масалалар департаменти солиқ сиёсати бўйича катта иқтисодчиси Гиртен Мишелс бошчилигидаги 2024–2027 йилларга мўлжалланган солиқ ислоҳотини режалаштириш бўйича ХВЖ миссияси экспертлари тақдимот ўтказди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ушбу соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик режаларини муҳокама қилди. 

Асосий ставка ўзгаришсиз қолди

Марказий банк асосий қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий сценарий бўйича 2024 йилдаги умумий инфляция прогнозини 9-11 фоизгача оширди. Бу тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиши ва апрел ойидан бир қатор товар ва хизматларга қўшилган қиймат солиғи жорий этилиши билан изоҳланган.

Расмий релизда таъкидланишича, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларга фундаментал монетар омиллар таъсири босқичма-босқич камайиб бормоқда. Шу билан бирга, жорий йил 1 майдан айрим тартибга солинадиган тарифларнинг эркинлаштирилиши умумий инфляцияга бир марталик таъсир кўрсатиши мумкин.

Умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи озиқ-овқат бозорларидаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашди. Хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси ва қурилиш соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати соҳаларида инвестицион фаолликнинг ошиши кузатилган.

Янгиланган прогнозларга кўра, ялпи ички маҳсулот ўсиши йил якунига 5,2–5,7 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.

 

Газ, авичипта ва бензин кучли учликда

Солиқ қўмитаси 2024 йилнинг I чорагида Ўзбекистонда энг кўп сотилган маҳсулотлар рўйхатини эълон қилди. Рўйхатнинг бошида метан газ қайд этилган бўлса, қуйи поғоналарда шакар ва пропан газ жой олган.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, қуйидаги маҳсулотлар энг кўп сотилган: биринчи ўринда метан газ – умумий реализация суммаси 3,4 трлн, сўнгра АИ-80 бензин – 2,6 трлн сўм ва халқаро йўналишдаги авиачипталар – 2,3 трлн сўм.

Кейинги ўринларда бензин АИ-92 – 1,2 трлн сўм, 1-навли буғдой уни – 1,1 трлн сўм, уяли телефонлар – 638,3 млрд сўм, фаст-фуд – 613 млрд сўм, кунгабоқар ёғи – 543,1 млрд сўм, асосий гўштли таомлар – 470,2 млрд сўмга сотилган.

Рўйхатдан пишириқлар, алкоголсиз ичимликлар, меҳмонхона хизматлари, шакар ва пропан газ ҳам ўрин олган. 

Йўл қурилишига хусусий сектор жалб этилади

1 майдан бошлаб тажриба-синов тариқасида умумий фойдаланишдаги автойўлларни эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш лойиҳалари бўйича эълонлар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштирилади.

Бу борада ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан «Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Автомобил йўллари қўмитаси вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 майдан бошлаб тажриба-синов тариқасида умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш лойиҳалари бўйича эълонларни давлат харидларининг махсус ахборот порталига жойлаштиради.

Мавзуга оид