Жаҳон | 11:23 / 27.04.2024
2639
3 дақиқада ўқилади

Россияда Forbes журналисти армия ҳақидаги «фейклар» учун қўлга олинди

Сергей Мингазовнинг қўлга олинишига Telegram-каналлардан бирида Буча воқеалари ҳақидаги хабарни репост қилгани сабаб бўлди, деди адвокат Константин Бубон.

Фото: AP/Scanpix/LETA

Forbes Russia янгиликлар бўлими журналисти Сергей Мингазов Хабаровскда Россия армияси ҳақида «фейклар» тарқатганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда адвокат Константин Бубон 26 апрел, жума куни Facebook’да маълум қилди

Хабарда айтилишича, гап Мингазовнинг «Хабаровская Мингазета» Telegram-каналида Бучадаги воқеалар ҳақидаги маълумот репост қилишини ҳақида кетмоқда. Аниқлик киритилишича, журналист ҳозир вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида. 

Айни пайтда, «РБК» интернет нашри Константин Бубонга таяниб, Мингазовда тинтув ўтказилгани, «унинг, рафиқаси ва болаларининг телефонлари ва компютерлари олиб қўйилгани» ҳақида ёзди. Суд журналистга нисбатан эҳтиёт чорасини 27 апрел куни белгилаши кутилмоқда. 

Сергей Мингазов илгари «Ведомости» газетаси билан ҳамкорлик қилган, шунингдек, ТАСС ахборот агентлигининг Хабаровскдаги мухбири бўлган. «Важные истории» интернет-нашри журналистлари 440 га яқин обуначига эга «Хабаровская Минггазета» Telegram-каналининг мазмунини таҳлил этиб, 2022 йил апрел ойида Буча воқеалари ҳақидаги хабарларнинг бир нечта репостлари эълон қилинганини аниқлади. 

Россияда урушга қарши ишларда юзлаб айбланувчилар 

Россияда армия ҳақидаги «фейклар» ва уни қайта «обрўсизлантириш» ҳақидаги жиноий моддалар РФнинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кўп ўтмай пайдо бўлди. 

24 апрел куни «ОВД Инфо» инсон ҳуқуқлари лойиҳасининг маълум қилишича, шу вақтга қадар Россияда урушга қарши иш бўйича 902 нафар айбланувчи бўлган, улардан 261 нафари озодликдан маҳрум қилинган ва аллақачон тергов изоляторлари, ахлоқ тузатиш колониялари ёки мажбурий даволанишда.

Лойиҳага кўра, кўпинча уруш контекстида фуқаролар «армия ҳақидаги фейклар» (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 207.3) моддаси бўйича таъқиб қилинади: 285 киши судланган ёки суд қилинмоқда. «Армияни обрўсизлантириш» (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 280.3) моддаси бўйича 172 киши судланган ёки судланяпти. Жиноий таъқиблар сони бўйича учинчи ўринда терроризмга даъват қилиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205.2) моддаси бўлиб, унга кўра Украинадаги уруш шароитида 150 киши жиноий жавобгарликка тортилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид