Тошкентда болалар шифохонасига мурожаатлар сони ортгани ҳақида хабарлар тарқалди
Ижтимоий тармоқларда пойтахтда ёш болалар орасида тана ҳарорати кўтарилиб, томоқ оғриғи кўпайгани, натижада болалар шифохонасига мурожаатлар сони ортгани ҳақида видео тарқалди. Тошкент шаҳар ССББ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Аниқланишича, видеода айтилган тиббиёт муассасаси Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси бўлиб, мазкур марказ 425 ўринга мўлжалланган.
Муассаса кеча-ю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатадиган кўп тармоқли болалар шифохонаси ҳисобланиб, бу ерда турли йўналишдаги, яъни неврологик, жарроҳлик, антиробик, травмотологик, неонатологик, офталмологик ва соматик касалликлар билан мурожаат қилган 18 ёшгача бўлган болаларга стационар ва амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилади.
Шифохонага бир суткада ўртача 300-350 нафар бемор мурожаат қилиб, улардан 55-65 нафари стационар ёрдам кўрсатиш учун шифохонага ётқизилади. Қолганларга эса бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, яшаш ҳудуди бўйича оилавий шифокор назоратига юборилади.
Бугунги кунда ушбу тиббиёт муассасаси қабулхонасига фақатгина тана ҳарорати кўтарилиши ёки томоқ оғриғи билан эмас, балки аллергик тошмалар, ич кетиши, кўз ва қорин оғриғи, чақалоқларнинг қулоғи оғриши, безовталик, аппендицит, диск чурраси каби ташхислар билан ҳам мурожаат бўлмоқда.
Оилавий поликлиникалар фаолияти эрталаб соат 08:00 дан кечки 20:00 гача давом этиши инобатга олинса, тунги пайт бемор болаларга тиббий ёрдам олиш учун асосан болалар шифохонасига мурожаат қилинади. Натижада кечки вақтда беморлар сони бирмунча ортади.
Бундан ташқари, пойтахтда республика даволаш муассасаларидан ташқари, болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи 5 та клиник ва 5 та юқумли касалликлар шифохонаси тун-у кун фаолият юритмоқда.
Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда болалар шифохонасига иситма ва томоқ оғриғи бўйича мурожаатлар сони ортгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.
Мавзуга оид
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10 / 18.11.2024
Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади
16:55 / 15.11.2024
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди
09:10 / 15.11.2024