Жаҳон | 07:41 / 27.04.2024
1566
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами учун яна 68 млн евро ажратяпти

Европа комиссияси 2024 йилда муҳтож бўлган фаластинликларга молиявий ёрдамнинг умумий миқдорини 193 миллион еврога оширди. Европа Иттифоқининг янги ёрдами озиқ-овқат, сув, гигиена воситалари ва бошпаналарни ўз ичига олади.

Фото: Ali Mahmoud

Европа Иттифоқи Ғазо секторидаги муҳтож фуқароларга яна 68 миллион евро миқдорида гуманитар ёрдам беради. «Ғазо секторидаги оғир гуманитар инқирознинг давом этиши ва эҳтиёжлар тобора ортиб бораётгани сабабли, Европа комиссияси фаластинликларга молиявий ёрдамни оширмоқда», — дейилади 26 апрел, жума куни чоп этилган пресс-релизда.

Ёрдам минтақадаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаётган «шерик ташкилотлар» орқали амалга оширилади. Бу ҳаракатлар «тезкор зарур озиқ-овқат ёрдами, соғлиқни сақлаш, сув, санитария ва уй-жой ёрдамини кенгайтиришга қаратилган», дея аниқлик киритди Брюссел. Шу тариқа, 2024 йилда Ғазо секторида муҳтож бўлган фаластинликлар учун Европа Иттифоқининг гуманитар ёрдами умумий миқдори 193 миллион еврони ташкил қилади.

Минтақада олти ойдан ортиқ давом этаётган ҳарбий амалиётлар Исроил армиясининг бомбардимонлари ва қуруқликдаги амалиётлари чоғида Ғазо секторида сезиларли вайронагарчиликларга олиб келди. ЕИ маълумотларига кўра, ҳозир минтақадаги икки миллионга яқин тинч аҳоли гуманитар ёрдамга муҳтож.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид