Ўзбекистон | 23:43 / 29.04.2024
5296
2 дақиқада ўқилади

Россиядан депортация қилинган 6 нафар фарзандли аёлга ёрдам кўрсатилди

Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл 20 йил аввал доимий яшаш учун Қозон шаҳрига кўчиб борган, аммо ёнғин оқибатида унинг паспорти ёниб кетиб, ҳужжатсиз қолган.

Фото: Сунъий интеллект чизган сурат

Россиянинг Қозон шаҳри суди қарори билан Ўзбекистонга депортация қилинган 6 нафар фарзандли аёлга ёрдам берилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл (Н.Қ.) 20 йил аввал доимий яшаш учун Қозон шаҳрига кўчиб борган, аммо ёнғин оқибатида унинг паспорти ёниб кетган. Оқибатда Россияда ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаган. Бу вақт давомида 6 нафар фарзанди туғилган. 5 март куни Қозон шаҳри суди қарори билан аёл ва фарзандлари Ўзбекистонга депортация қилинган.

Шундан сўнг, Россиянинг Татаристон Республикаси Болалар омбудсмани аёл ва фарзандлари Тошкент шаҳрида бошпанасиз ва маблағсиз қолгани юзасидан Ўзбекистон Болалар омбудсманига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ўзбекистон Болалар омбудсмани вазият юзасидан зарур чоралар кўрилиши учун ИИВ ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига сўров юборган.

Таъкидланишича, апрел ойида аёл ва унинг фарзандларига кўмак кўрсатилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маиший эҳтиёжлари таъминланган. Оилага вақтинча бошпана берилган. Шунингдек, бир қанча ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Болалар омбудсмани хабарига кўра, Қозон шаҳри судининг депортацияга оид қарорини юқори инстанцияда қайта кўрилишида оилага ҳуқуқий кўмак кўрсатилишига оид музокаралар олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид