Жаҳон | 20:53 / 29.04.2024
7642
2 дақиқада ўқилади

Шотландиянинг биринчи мусулмон бош вазири Юсуф истеъфога чиқди

Шотландия миллий партияси (SNP) ва унинг коалиция бўйича шериги Шотландия Яшиллар партияси ўртасидаги ҳокимиятни тақсимлаш келишуви якунлангач, Ҳамза Юсуф бош вазирлик лавозимини тарк этадиган бўлди.

Фото: Anadolu

Шотландия минтақавий бош вазири ва Шотландия миллий партияси (SNP) раҳбари Ҳамза Юсуф истеъфога чиқди. У бош вазирлик лавозими ва партия раҳбариятини тарк этишини маълум қилди.

Юсуф SNP партияси ва унинг коалиция бўйича шериги Шотландия Яшиллар партияси ўртасидаги ҳокимиятни тақсимлаш келишуви ўтган ҳафта якунланганини эслатди. Шунингдек, ҳокимиятни сақлаб қолиш учун ўз тамойилларидан воз кечмаслигини айтди.

«Сиёсатчилар ўртасидаги муносабатларнинг тикланиши фақат лавозимда бошқа шахс бўлган тақдирдагина мумкин, деган хулосага келдим», деди Юсуф ва ворис сайланмагунча ўз лавозимида қолишини таъкидлади.

Унинг айтишича, Шотландия минтақавий бош вазири лавозимида ишлаш ўзи учун катта шарафдир. Сиёсатчи Шотландиянинг Буюк Британиядан мустақил бўлиши жуда яқин бўлган бир пайтда истеъфога чиқаётганини таъкидлади.

Юсуф Буюк Британия бош вазири ҳинду, Лондон мэри мусулмон, минтақавий Уэлс бош вазири эса африкалик эканини эслатди. Унинг қайд этишича, мамлакатда мултикултурализм барбод бўлди, деганларнинг тезислари бу ҳолат билан инкор этилади.

2023 йил 27 мартда Шотландиянинг собиқ бош вазири ва SNP раҳбари Никола Стёржен истеъфога чиқиши ортидан бошланган етакчилик пойгасида ғолиб чиққан Юсуф икки кундан сўнг қасамёд қилди ва 29 март куни расман ўз лавозимига киришиб, Шотландиянинг биринчи мусулмон бош вазири бўлган эди.

Ҳамза Юсуфнинг отаси асли покистонлик, 1960-йилларда Шотландияга кўчиб келган, онаси эса Кенияда, жанубий осиёликлар оиласида туғилган.

Мавзуга оид