Жаҳон | 08:50 / 30.04.2024
8179
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Молия вазирлиги Россия банклари билан операцияларга вақтинча рухсат берди

2024 йилнинг 1 ноябрига қадар Россия банклари билан энергетика бўйича ҳисоб-китобларга оид операцияларни тақиқлаш бекор қилинди.

Фото: Shutterstock

АҚШ Молия вазирлиги энергетика соҳасида Россия банклари, жумладан ВТБ, Марказий банк, Сбербанк ва Алфа-банк билан ҳисоб-китобларни амалга оширишга вақтинча рухсат берди. Америка вазирлиги томонидан берилган лицензияга кўра, операцияларни тақиқлаш 2024 йил 1 ноябргача, узайтириш имконияти билан бекор қилинди, деб ёзади 29 апрел, душанба куни «Коммерсант» газетаси.

АҚШ Молия вазирлиги нефт, СТГ, ёғоч, кўмир ва уранни қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, суюлтириш, ташиш ёки сотиб олиш билан боғлиқ операциялар энергетикага тааллуқли деб ҳисобланишини тушунтирди. Лицензия, шунингдек, Россия банклари билан ҳар қандай усулда энергия ишлаб чиқариш, етказиб бериш ёки алмашиш билан боғлиқ операцияларни амалга оширишга имкон беради.

2022 йил феврал ойида Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужуми бошланганидан бери Вашингтон бир неча бор Россия банкларига қарши санкциялар киритган. Молиявий институтлар Россия ҳарбий-саноат комплекси манфаатларини кўзлаб операцияларни амалга оширса, уларга нисбатан ҳам чеклов чоралари жорий этилди. Шу тариқа, апрел ойи охирида АҚШ Пекиннинг Россия ҳарбий ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашини чеклаш учун баъзи Хитой банкларини жаҳон молия тизимидан узиб қўйиши мумкин бўлган санкцияларни ишлаб чиқаётгани маълум бўлди.

Мавзуга оид