Ўзбекистон | 08:48 / 30.04.2024
4161
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда “Она уйи” ижтимоий маркази очилади

Марказ қийин ижтимоий вазият ва турли салбий ҳолатларда оналарга болаларини ўзлари тарбиялаш имкониятини бериш орқали ёрдамлашади.

Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ташаббуси билан Қозоғистоннинг “Ана Уйі” жамоат фонди ҳамкорлигида Тошкентда “Она уйи” ижтимоий маркази очилади. 

Агентлик хабарига кўра, Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ва “Ана Уйі” ижтимоий лойиҳаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ҳамкорликнинг мақсади қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ижтимоий ва иккиламчи етимликнинг олдини олишдаги тажриба ва методологик кўникмалар алмашишга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Биринчи “Она уйи” ижтимоий маркази 8-10 нафар ёш болали аёлни қабул қилиши мумкин. Иккинчи босқичда “Она уйи” натижалари асосида ҳамда Ўзбекистоннинг маълум бир минтақаси эҳтиёжларига қараб лойиҳани мамлакат бўйлаб кенгайтириш белгиланган.

Марказ қийин ижтимоий вазият ва турли салбий ҳолатларда оналарга болаларини ўзлари тарбиялаш имкониятини бериш орқали ёрдамлашади. Бу ерда уларга маънавий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу ёрдам барча зарур нарсалар, хусусан, уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, шунингдек, аёл ва бола учун тиббий ёрдамни ўз ичига олади.

Шу билан биргаликда, “Она уйи” лойиҳаси доирасида марказда яшовчи оналарни касбий тайёрлаш дастури амалга оширилади. Келгусида “Она уйлари”да тикувчилик устахоналарини очиш, оналарга турли мутахассисликлар бўйича таълим бериш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид