Жаҳон | 14:55 / 02.05.2024
4803
3 дақиқада ўқилади

Колумбия Исроил билан дипломатик алоқаларни узяпти

Колумбиянинг сўлчи президенти Петро Меҳнат кунида тарафдорлари олдида сўзлаган нутқида, Исроилни фаластинликларга қарши геноцидда айблаб, бу бутун инсониятга таҳдид солишини маълум қилди. Исроил ТИВ бу баёнотни кескин қоралади.

Густаво Петро Фото: Karen Toro/REUTERS

Колумбия президенти Густаво Петро Исроил ҳукуматини фаластинликларга қарши геноцидда айблаб, у билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилди. Агар Фаластин халқи ҳалок бўлса, бутун инсоният ҳалок бўлади, деди у 1 май, чоршанба куни Богота шаҳрида Халқаро меҳнат куни муносабати билан қилган чиқишида. «Ва биз унинг ўлишига йўл қўймаймиз», деди сўл партиялар коалициясидан бўлган сиёсатчи. Унинг қўшимча қилишича, Исроил билан алоқалар 2 май куни узилади.

Бунга жавобан Исроил расмийлари Колумбия президентининг баёнотларини кескин қоралади. Тарих у нотўғри томонни эгаллаганини ҳали кўрсатади, дея маълум қилди Исроил ТИВ. Идора бошлиғи Исраэл Кац Петрони «ҲАМАС қотиллари ва зўравонларини мукофотлашни» ваъда қилган «антисемит» деб атади.

Колумбия ЖАРнинг Исроилга қарши даъвосини қўллаб-қувватлаяпти

2023 йил 7 октябрда ҲАМАС гуруҳи томонидан Исроилга қилинган ҳужум ва жавоб операцияси бошланганидан сўнг Петро Исроил ҳукумати ҳаракатларини танқид қилиб, уларни фаластинликларга қарши геноцидда айблади. Бундан ташқари, у илгари Колумбияга энг йирик қурол етказиб берувчиларидан бири бўлган Исроилдан қурол сотиб олишни тўхтатди. 

Сиёсатга киришидан олдин Петро М19 партизан гуруҳининг аъзоси эди, у тарқатиб юборилишидан олдин, бошқа нарсалар қатори, Исроил муассасаларига ҳужумлар уюштирган. 2022 йилнинг ёзидан бери ҳокимият тепасида турган президент ҳозирда сайловчилар орасида паст рейтингга эга. Бразилия билан биргаликда Колумбия Ҳаагадаги Халқаро жиноий судда Исроилга қарши ЖАР томонидан бошланган суд жараёнини қўллаб-қувватлайди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид