Кўзини йўқотган украин аскарлари ва Токмакдаги вайронгарчиликлар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 800-куни ўтди.
Кўриш қобилиятини йўқотган украин ҳарбийлари ҳаёти
Феврал ойида Украина урушда кўриш қобилиятини йўқотган аскарлар ва тинч аҳоли вакилларини бепул ўқитиш бўйича дастурни ишга туширганди. Олий Рада сайтига кўра, дастур кундалик ва иш кўникмаларини, шунингдек руҳий ёрдам кўрсатишни ўз ичига олади. Лойиҳа ташаббускорларидан бири, Олий Рада депутати Анна Пуртова The Washington Post мухбирига айтишича, сўнгги икки йилда Украина қуролли кучларининг камида мингта жангчиси кўзидан айрилган. Нашрнинг аниқлик киритишича, украин шаҳарлари ҳозирча сўқир одамлар ҳаракати учун мосланмаган: светофорлар пиёдаларга сигнал бермайди, машиналар кўпинча тротуарларга жойлаштирилади, йўл кўрсатувчи кучуклар эса жуда кам учрайди.
Россиянинг Одессадаги почта терминалига зарбасидан кейинги ёнғин
Россия қўшини деярли ҳар куни Одесса бўйлаб ракета зарбалари бермоқда ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Бу ҳужумлар нишони энергетика объектлари ва порт инфратузилмалари, турар жойлар ва маъмурий бинолар, саноат корхоналари ҳамда омборхоналар бўлмоқда. Қуйидаги фотоларда — 2024 йил 29 апрел куни йўлланган шундай зарбалардан бири оқибатлари акс этган.
Креминна атрофидаги украин ҳарбийлари
Россия қўшини 2022 йил баҳорида Луҳанск области шимолидаги Креминна шаҳрини эгаллаб олганди, кейин эса ушбу шаҳар атрофида жойлашган Серебрянский ўрмончилик хўжалигини эгаллаш учун беҳуда уринишларни амалга оширади. Ушбу ҳудуд учун жанглар турлича интенсивликда икки йилдан буён давом этади. Фронтнинг ушбу участкасида мудофааланаётган украин бўлинмалари қаторида — босқин бошида Мариуполни ҳимоя қилган «Азов» бригадаси ҳам бор. «Азов» 2023 йил августида қайтадан тикланган ва Украина миллий гвардияси маълумотига кўра, «Луҳанск областидаги Серебрянский ўрмончилик хўжалиги ҳудудида жанговар топшириқларни бажаришга киришган».
Украина қуролли кучларининг дрон операторлари
Украина қуролли кучлари «Эделвейс» 10-алоҳида тоғ-штурм бригадаси 2016 йилдан Донбассдаги аксилтеррор амалиётларда (АТО) иштирок эта бошлаган. Кенг кўламли босқин бошланганидан кейин бригада Киев областини озод этади, 2022 йил майидан буён Донецк областида жанг қилмоқда. Ҳозирда у ерда фронтнинг Украина қуролли кучлари учун энг муаммоли участкаси жойлашган. Россия қўшини Бахмут ғарбидаги Часив Яр шаҳрини штурм қилишга ҳозирланмоқда — бу тепаликда жойлашган таянч пункти бўлиб, Украина разведкаси раҳбари ўринбосари Вадим Скибицкийнинг ҳисоблашича, ушбу шаҳарни эгаллагач, Россия армияси учун Донецк областининг оккупация қилинмаган сўнгги йирик шаҳарларига йўл очилади.
Оккупация қилинган Попасная
2022 йил баҳорида Россия қўшини Луҳанск областининг Попасная шаҳрини эгаллаб олганди. Шаҳар бир неча ой давом этган шиддатли жанглардан кейин деярли буткул вайрон бўлган.
Оккупация остидаги Токмак ўққа тутилиши
Украинанинг Запорижжя областидаги Токмак шаҳри 2022 йил мартидан буён Россия оккупацияси остида қолмоқда. Кенг кўламли урушга қадар Токмакда 30 мингдан ортиқ киши яшаган. У ерда ҳозирда қанча одам қолгани — номаълум. 2022 йил 7 май куни «Укринформ» нашри Токмак мэри Игор Котелевский ҳалок бўлганини маълум қилганди. У бу лавозимда 2009 йилдан буён ишлаб келган, 2022 йил баҳорида эса россиялик ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ваколатларини топширишдан бош тортган, аммо шаҳарда қолишда давом этганди. «Укринформ»нинг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, Котелевский ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин. Запорижжя областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти вақти-вақти билан Токмак Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилиши ва қурбонлар ҳақида хабар бериб туради. 3 май куни регион «губернатори» Евгений Балицкий Украина ҳарбийлари шаҳардаги беш қаватли бинони ўққа тутганини маълум қилди.
Поклонная тоғида 300 метрлик Георгий лентаси
3 май куни Москванинг Поклонная тоғидаги Ғалаба паркида «Буюк Ғалаба рамзлари» номли акция ўтказилди. Унинг иштирокчилари 300 метрлик Георгий лентаси ва 1945 йил майида Рейхстаг устида ўрнатилган туғнинг 20 метрлик нусхасини ёйишди. Акция ҳукуматпараст ёшлар ҳаракатлари — «Ягона Россия ёш гвардияси», «Кўнгиллилар ротаси» ва «Юнармия» томонидан ташкиллаштирилган. «Ёш гвардия» раиси Антон Демидов НТВ телеканалига ҳаракат иштирокчилари худди шу лентани Украинанинг аннексия қилинган ҳудудлари — Мариупол, Мелитопол ва Донецк областидаги советлар ёдгорлик мажмуаси ўрнатилган Саур-Могила қўрғонида олиб ўтишганини айтган.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024