Жаҳон | 07:50 / 07.05.2024
4910
2 дақиқада ўқилади

Освенцимда минглаб яҳудийлар «Тириклар марши» акциясини ўтказди

Минглаб ёш яҳудийлар ва Холокостдан омон қолган 50 киши Освенцим дарвозасидан собиқ Биркенау концлагеригача бирга юриб борди.

Фото: Czarek Sokolowski/AP/dpa/picture alliance

Бутун дунёдан минглаб яҳудийлар 6 май, душанба куни Полшадаги Освенцим ёдгорлик мажмуасида Холокост қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида «Тириклар марши» митингини ўтказди. Освенцим ёки Аушвиц миллий социализм давридаги энг катта қирғин концлагери эди.

Ташкилотчилар сўзларига кўра, акциянинг ёш иштирокчилари ўша даҳшатли воқеалардан омон қолган 50 нафар киши билан бирга Аушвиц I лагеридан Аушвиц-Биркенау лагеригача бўлган 3,2 километрлик йўл бўйлаб юриб борган. 

«Меҳнат сизни озод қилади» деган кинояли ёзуви осиб қўйилган Освенцим дарвозаси орқали ўтган юриш бошланиши учун сигнал яҳудийларнинг чолғу асбоби бўлган шофар овози билан берилди. Dpa агентлиги маълумотларига кўра, тадбир иштирокчилари орасида 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ташкилоти томонидан Исроилга уюштирилган кенг кўламли ҳужумдан омон қолганлар ҳам бор.

Таъкидланишича, бу йилги юриш миллий социалистлар бундан 80 йил аввал мунтазам равишда йўқ қила бошлаган Венгриядан келган яҳудийларга бағишланди. Освенцим ёдгорлик майдони маълумотига кўра, 1944 йил апрел ойининг охиридан августигача Венгриядан 430 минг яҳудий бу концлагерга мажбуран олиб келинган. Уларнинг 75 фоиздан ортиғи у ерда ўлдирилган. 

Холокост пайтида миллий социалистлар Европада олти миллионга яқин яҳудийни ўлдиришди. Освенцим концлагерида миллиондан ортиқ одам, асосан яҳудийлар қириб ташланган. 

Мавзуга оид