Иқтисодиёт | 19:26 / 07.05.2024
6877
8 дақиқада ўқилади

Қатъий белгиланган АОС сақланиб қолиши керак — эксперт

Солиқ қўмитаси айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган миқдорини бекор қилмоқчи. Ўзи яқинда президент ташаббуси билан жорий этилган бундай тартиб кўплаб тадбиркорларга қора бозордан оқ бозорга ўтиш учун кўприк вазифасини бажарганди. Кейинги босқичда уларга бухгалтерия билан ишлашни ўргатиш керак эди, дейди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов.

Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган режаларни ишлаб чиқди. Бу режалар қаторига киритилган, Солиқ қўмитасига қўшимча ваколатлар бериш ҳақидаги нормалар жамоатчилик эътирозларига сабаб бўляпти. Тегишли қарор лойиҳаси танқидлардан кейин очиқ муҳокамага қўйиладиган бўлди.

Kun.uz бу лойиҳанинг аксарият бандларига қарши чиққан Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари – солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва тадбиркор Фахриддин Илёсов билан суҳбатлашиб, эътирозлар нимадан иборат бўлаётганига қизиқди.

Ҳужжат лойиҳасида қатъий белгиланган айланмадан олинадиган солиқ бекор қилиниши таклиф қилиняпти, бу борада фикрингиз қандай?

Мурод Муҳаммаджонов: — Қатъий белгиланган айланмадан олинган солиқ яхши жорий қилинди. Бизнесга кира олмайдиган, бизнес қилишга қўрқадиган одамларни расмий бизнесга олиб кира оладиган яхши майдон бўлди. Бунда кўпчилик ишлаб кетди, қўрқиб кетишди шекилли, энди бекор қилишмоқчи. Солиқ органларининг ўзи бошида бу яхши ислоҳот эканини исботлаш учун тадбиркорларни зўрлаб бўлса ҳам қатъий белгиланган АОСга ўтказишди. Бизга бу борада жуда кўп мурожаатлар келарди. Бу балки нотўғридир, лекин бизнес қилишда оқ бизнесга кираман дейдиганлар учун бу яхши майдон бўлди. Кўпчилик ҳужжат қилишим шарт эмас экан деди-да, фирма очиб солиғини тўлаб, қонуний ишлашга ўтди. Энди иккинчи қадам уларга бухгалтерия билан ишлашни ўргатиш эди.

Бу нарсага Президент ҳузуридаги кенгашда кўп эътирозлар бўлди. Бу солиқ тури қолиши керак, у қора бозордан оқ бозорга ўтиш учун кўприк эди. Уни бекор қилиш шу кўприкни олиб ташлаш билан тенг.

Лойиҳадаги баҳсли нормалардан бири ҚҚС суммасини қайтариш муддатини 60 кундан 75 кунга узайтириш билан боғлиқ. Айни пайтда қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаб бериш муддатини узайтириш яширин иқтисодиётни қисқартиришда қандай рол ўйнаши борасида савол туғиляпти. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Солиқ қўмитаси ўша кунги йиғилишда бу норма қайси аргумент билан қўллаб-қувватлади?

Фахриддин Илёсов: — Текшириш муддатини узайтиришмоқчи экан, 60 кунда қўшимча қиймат солиғини қайтиши учун талаб қилинадиган ҳужжатларининг асослилигини текшириб тугатолмай, 75 кунда текшириб тугатаркан. Ҳеч қанақа мантиқ бўлмаса керак бунда.

Жарималар, жавобгарлик фақат бизнес тарафга қараб кетяпти. Ҳужжат билан асослаб бера оламан, 2022 йил 15 декабр куни ташкилотимизга камерал текширув чиқди. Ташкилотимизни текширишди, текширув жуда қаттиқ бўлди, бири 10 млрд сўм топса, нега 10 млрд сўм топдинг, дейди. Худди қанча топиши борасида аниқ критериялар бордек.

Мурод Муҳаммаджонов: — Ҳа, сегментация деган туҳмат бўлими бор эди.

Фаҳриддин Илёсов: — Биз ҳамма ҳужжатларни тақдим этиб ўзимизни оқладик. Қизиғи, 15 декабр куни бошланган текширув 15 апрел куни тугади, яъни 4 ой давом этди. Муддат бунча бўлишининг иложи йўқ. 4 ойдан кейин нол тафовут топдик деб бизга акт ёпиб берди. Агар мен бир кун ҳужжат топширишда кеч қолсам, қанча чора бор. Лекин 4 ой текширув қилган ташкилотга чора йўқ.

Мурод Муҳаммаджонов: Жуда бунақа ҳолатлар кўпайиб кетди. Камерал текширувга талабнома беради, 5 иш кунида жавоб беришингиз керак. 6-иш куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментидан чиқишади, “мана бунча тўламаётган экансан, жиноятчи экансан” деб. Улар 4 ой текшириши мумкин, лекин сиз бир кун кеч қолсангиз, аллақачон жиноятчисиз.

ҚҚСни 60 кундан 75 кунга узайтириш масаласи. Бу хуфиёна иқтисодиётга ҳеч нарса бермайди. Бу бюджет тақчиллигининг олдини олиш учун қилинаётган ҳаракатлар. Муддат қанча кўп бўлса, корхоналар қолган товарларини реализация қилиш орқали ҚҚСни “начисление” қилиши мумкин, қанча кўп “начисление” қилинадиган бўлса, шунча кам ҚҚС қайтади.

Мисол учун, мен 1 млрд сўм пул қайтармоқчиман, энди 60 кун текширилади. Бу 60 иш куни. Бир ҳафта 5 иш кунидан иборат бўлса, бу текшириш 15 ҳафта давом этади. Салкам 4 ой ичида чўзиб чўзиб турилса, 1 млрд қўшимча ҚҚС ҳисоблаб ҳам қўйишим мумкин. 400-500 млн сўм ҳисоблайдиган бўлсам, менга қайтадиган фарқини қайтариб бераман дейди. Бюджет тақчиллигининг олдини олиш учун қилинаётган харажат бу. Умумий тартибда айтиляпти, экспортга алоҳида 7 кунлик тартиб бор. Мутахассис сифатида ҚҚСни қайтаришни 60 кундан 75 кунга чўздими, уни 1 йилга чўзган тақдирда ҳам, тўланган солиқ қолдиқда турган бўлса, мен унинг ё истеъмолчисига айланаман ёки кимгадир сотаман. ҚҚСни қайтариб олиш фақат қўшимча коррупцияга олиб келадиган ҳаракат холос.

— Яна бир масала, E-Aktiv билан боғлиқ. 1 июлдан йирик солиқ тўловчилар ва юқори ликвидли товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар учун E-Aktiv мажбурий бўлиши мумкин. Аслида E-Aktiv 2022 йилдан бери эътирозларга учраб келади, уни мажбурий қўллаш амалиёти қайта қайта ортган сурилди. 2024 йил 1 апрелдан эса мажбурий бўлиши керак эди. Лекин бу борада ҳозирча янгилик йўқ. E-Aktiv борасида қандай муҳокама бўлди?

Мурод Муҳаммаджонов: Рақамлаштириш, дастурий маҳсулотлар, айти дастурлар инсонга қулайлик учун ишлатилиши керак. Дейлик, бир қатор ҳисоботлар қоғозда топширилар эди, ҳамма навбатда турарди, уни электронлаштирдик, ҳақиқатда қулайлик бўлди. Ўтиш босқичи қийин бўлди, лекин счет-фактура топшириш ҳам қулай бўлиб қолди. E-Aktiv, маркировка, МХИК кодлар бўйича чекка ўлчов бирлигини ёзиш масаласи каби 6-7 та дастурнинг ҳаммаси ундан фойдланувчилар учун қулайлик эмас, тадбиркорни назорат қилувчиларга қулай муҳит яратиш учун чиқарилган дастурлар холос. Улар ўзининг текшириш функциясини бажариш учун тадбиркорга ортиқча юклама юклаяпти. E-Aktiv ҳам бизнесга аралашиш. Доимий тадбиркорни қолдиғингдаги товарни кўриб тураман деган нарса. E-Aktiv эртага омборингиздаги қолдиғингизни онлайн кўриб туради дегани. Омборда фалончи бор, текшираман дейдиган нарса бўлади.

Бизнес муҳит эса бошқача. Бошқа ривожланган давлатлар билан бизнес структураси кескин фарқ қилади. Бизда бир амаллаб тарқатиб юборамиз, кейин пулини оламиз ва инкассация қўямиз деган муҳит юзага келади. Илтимос қилиб тарқатиб юборилади-да, ўшанга счет-фактура берасан дейилади. Менга счет-фактура керакмас, сендаги қолдиқ менда пайдо бўлиб қолади дейди ва ҳаказо. Шунга ўхшаган ҳолатлар юзага келади.

Уни ҳам тартибга соламиз дейишяпти, лекин шунақа товарларни етказиб бериш турлари борки, ҳамма товарни етказиб бергандан кейин, сифати ва ҳажмига қараб счет-фактурага қўл қўяман дейди. Дейлик менга 10 млрд сўмлик фалон ҳажмдаги товар етказиб берасиз дейман, сиз уни менга бир ойда 50 та машинада етказиб беришингиз керак. E-Aktiv’да счет фактура урганингиздан кейингина омбордан қолдиқ камайди деб кўринади. 9 млрд товарни менга олиб келиб бердингиз, лекин дастурда 10 млрд сўмлик товар турибди деб кўринади. Ўша пайтда текшириш келиб қолса, ноқонуний олиб чиқиб кетгансан дейди. Чиқиб кетганга дарров счет-фактрура бер дейишмоқчи. Лекин сиз олиб келасиз, ҳар бир стаканни текшириб оламан, ундан кейин счет-фактурага қўл қўяман деяпман. Бизнес муҳит бунақа. Лекин E-Aktiv чиқиб кетдими счет-фактура берсин деяпти. Солиқ органига “сизлар хоҳлагандек бизнес ишламайди, бизнес ишлаётган комфорт зонасини қонунийлаштириб беришимиз керак”, деяпмиз. Ана ўшанда бизга кешбэклар ҳам шарт бўлмайди.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид