Жаҳон | 14:12 / 08.05.2024
3160
2 дақиқада ўқилади

Freedom House Россияда «номақбул ташкилот» деб эълон қилинди

Россия Бош прокуратураси Америка нодавлат ташкилотини Украина ва Россия мухолифатини қўллаб-қувватлаш, Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишга ва Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақириқларда айблади.

Фото: РИА Новости

Россия ҳукумати дунёдаги сиёсий ва фуқаролик эркинликлари ҳолатини ўрганувчи Американинг Freedom House нодавлат ташкилотини «номақбул ташкилот» деб эълон қилди. 7 май, сешанба куни Россия Бош прокуратураси ташкилотни Қўшма Штатларнинг дунёда етакчи ролини ўрнатишга ёрдам беришда айблади. Бундан ташқари, Россия департаментига кўра, Freedom House «Россия-Украина можаросида дўстона бўлмаган давлатларнинг сиёсатини тарғиб қилишда» иштирок этган ва бошқа нарсалар қаторида Россия армиясини «обрўсизлантирган».

Баёнотда, шунингдек, ноҳукумат ташкилот Украинани қўллаб-қувватлаш, Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш, Россия Федерациясига нисбатан санкциялар босимини кучайтириш ва Россияни қўллаб-қувватлаётган учинчи давлатларга қарши санкцияларни фаол равишда қўллашга чақираётгани қайд этилган. Бундан ташқари, Freedom House Россия мухолифати, «ғарбпараст фаоллар», шунингдек, «террорчилик жиноятларини содир этганликда айбланган шахслар»га «ахборот, молиявий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатади», дейилади.

«Номақбуллар» рўйхатида 160 та ташкилот бор

«Номақбул ташкилотлар» мақоми Россия қонунчилигида 2015 йилдан бери қонуний равишда мавжуд. Уларга Россия Федерацияси ҳудудида маъмурий ва жиноий жавобгарлик таҳдиди остида фаолият юритиш тақиқланади. Ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Айни пайтда «номақбуллар» рўйхатда 160 та ташкилот мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Британия, Германия, АҚШ ва Украинада жойлашган. Улар орасида "Урушга қарши феминистик қаршилик", Борис Немцов озодлик жамғармаси, Германиянинг Фридрих-Науманн жамғармаси ва Украина фуқаролик эркинликлари маркази, шунингдек, Германия Копелев жамғармаси бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид