Ўзбекистон | 21:52 / 10.05.2024
5815
5 дақиқада ўқилади

10 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Совғага уй олган уруш фахрийси, президент ҳузурида ипакчиликни ривожлантириш муҳокамаси, тест синовларидаги ўзгаришлар ва ноқонуний пойга қурбони бўлган автоблогер — ўтган сутка давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Сирдарёлик уруш фахрийсига уй совға қилинди

Сирдарё ҳокими Акмал Маҳмудалиев президент топшириғига кўра уруш қатнашчисига уй совға қилди.

101 ёшли Ўскан Ҳожиманов айни пайтда даволанаётгани боис, хонадон унинг келини ва набираларига топширилди. Ҳоким ҳоспиталда ҳам бўлиб, отахонни табриклади, янги хонадон ҳужжатлари ва калитини берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник ҳоспиталига бориб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олганди.

Жумладан, президент Сирдарё вилояти Боёвут туманидан бўлган 101 ёшли Ўскан Ҳожиманов билан суҳбатлашиб, унинг илтимосига биноан отахонга уй совға қилмоқчилиги маълум бўлганди. 

Пиллачилик ривожлантирилади

Ўзбекистонда янги тутзорлар учун 105 минг гектар ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ўзи раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳокимларга топшириқ берди.

Йиғилишда соҳага ипак қуртини парваришлаш, касалликдан сақлаш агротехникаси ва инновациялари кириб келмагани ҳисобига уруғдан пилла олишда йўқотишлар сақланиб қолаётгани таъкидланди.

Шунингдек, дунёда ипак маҳсулоти импортини 45 фоизи тўғри келаётган Европа бозорига чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Экспортда ипакдан тайёр маҳсулот улушини, жумладан, пиллани чуқур қайта ишлаб, тайёр ипак маҳсулотлари, мато ва уй текстили ишлаб чиқарадиган қувватларни кўпайтириш зарурлиги, пиллачилик учун озуқа базаси бўлган тутзорларда янги навли ҳосилдор тут экишини кенгайтириш муҳимлиги, мавжуд 1 млн гектарга яқин пахта майдонига бир-икки қатордан тут экилса, 50-60 минг тонна озуқа захирасини шакллантириш мумкинлиги қайд этилди.

Ипакчиликни ривожлантириш бўйича имзоланган президент фармони билан пилла харид нархи 25 фоизга оширилди. Шунингдек, пиллакорлар даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди, тутзорлар учун ер солиғининг 10 фоизи тўланади.

Йиғилишда ипак олишнинг муқобил усулларини йўлга қўйиш кераклиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Масалан, Хитойда канакунжут қуртини парваришлаб, ипак олиш кенг йўлга қўйилган. Бу янги йўналишни маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб татбиқ қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди

Ўзбекистонга қайтаётган мигрантлар

Жорий йилнинг январ-март ойларида меҳнат миграциясидан 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар фуқаро қайтиб келган. Йил охиригача яна 250-300 минг нафари қайтиши кутилмоқда.

Президент мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларга кўмаклашиш, қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берди. 

Абитуриентлар учун янгилик

Олийгоҳларга кириш тест имтиҳонлари топширилгач, йўналиш танлаш учун абитуриентга 10-15 кун вақт берилади.

Билим ва малакани баҳолаш агентлигининг қайд этишича, аввал тест, кейин йўналиш танлаш тартибининг технологик низоми ишлаб чиқиляпти, тез орада эълон қилинади. Тайёр бўлгач, тартиб тушунарли роликлар тарзида абитуриентларга тақдим этилади. Масъулларга кўра, йўналиш танлаш учун абитуриентга 10-15 кун вақт берилиши мумкин.

Янги тартибнинг қандай бўлишини Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори ўринбосари Фарҳод Мирзаев тушунтириб берди. Мирзаев жараёнда ҳеч қанақа катта ўзгариш бўлмаслиги, болаларнинг ўқишига уларнинг тайёрланишига ёки рўйхатдан ўтишига таъсир йўқлигини билдирди.

Масъулга кўра, жараён 2 босқичда бўлади. Биринчисида абитуриентлар худди олдингидек онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Унда фанлар мажмуаси, тил ва ҳудудлар танланади. 

Ноқонуний автопойга қурбони бўлган автоблогер

Тошкентда автомобилларнинг ноқонуний пойгаси оқибатида бир киши вафот этди. Марҳум автоблогер бўлгани айтилмоқда.

Сергели туманидаги автотюнинг устахонаси қаршисида юқори тезликда ҳаракатланган Kia автомобилининг 24 ёшли ҳайдовчиси 27 ёшли автотюнинг инстаблогини юритувчи блогерни уриб юборган. У шифохонада вафот этган. Тармоқларда тарқалган видеоларда блогер икки машина ўртасида уюштирилган пойга йўлагида қолиб кетганини кўриш мумкин.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишга оид 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда. 

Об-ҳаво маълумоти

Ёмғирли ва салқин кунлар ўтиб, якшанба куни Ўзбекистонда ҳаво исийди, ёғингарчилик тўхташи кутилмоқда.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, шанба куни айрим ҳудудларда ёмғир ёғади, ҳарорат +19…+23 даража атрофида бўлади. Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда ва ҳарорат +28 даражагача кўтарилади.

Фақат республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Ҳарорат шанба куни +19…+23, якшанба куни +24…+28 даража атрофида, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +29…+33 даражагача кўтарилади. 

Мавзуга оид