Жаҳон | 10:42 / 10.05.2024
4111
3 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Россияга экспорти АҚШ санкциялари фонида қисқармоқда

Апрел ойида Хитойдан Россия Федерациясига экспорт 10,8 фоизга камайди. Март ойида пасайиш 13 фоизни ташкил этди.

Фото: РИА Новости / Анна Раткогло

АҚШ санкциялари туфайли Хитойнинг Россияга экспорти яна камайди. ХХР божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2024 йил апрел ойида Россия Федерациясига етказиб бериш ҳажми шу йилнинг ўтган ойига нисбатан 10,8 фоизга камайди. Март ойида, ўз навбатида, пасайиш 13 фоизни ташкил қилган, деб ёзади Reuters 9 май, пайшанба куни.

Шу билан бирга, апрел ойида Россиядан Хитойга импорт, божхона маълумотларига кўра, аксинча, 23 фоизга ошди. 

Хитой компаниялари АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтиш йўлини қидирмоқда 

Аввалроқ Reuters агентлиги Хитойнинг кўплаб банклари АҚШ санкциялари туфайли Россия Федерациясига маҳсулот экспорт қилувчи маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик қилишдан чўчиётганини ёзган эди. Шу сабабли, маҳаллий компаниялар уларни четлаб ўтиш йўлларини излашга мажбур. Бу маълумотни агентликка банк ва савдо доираларидаги етти манба тасдиқлаган. 

«Хитойнинг йирик банклари Россия билан боғлиқ операцияларни молиялаштиришдан воз кечар экан, баъзи Хитой компаниялари чегарадаги кичик банкларга ва пул брокерлари каби хуфиёна молиялаштириш каналларига мурожаат қилмоқда, ҳаттоки криптовалютадан ҳам фойдаланмоқда», - дея ўз суҳбатдошларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. 

Хитойнинг бир қанча компаниялари АҚШ санкциялари остида қолди. Хитой санкцияларни «ноқонуний» деб атади 

2024 йилнинг 1 майида АҚШ Украинадаги уруш учун Россия Федерациясига қарши янги санкциялар жорий қилди. Рўйхатда Хитой ва Ҳонгконг маъмурий ҳудудида рўйхатдан ўтган 20 та компания бор. «Хитой томони АҚШнинг ноқонуний, бир томонлама санкцияларига қатъий қарши чиқади», деди Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пэнюй Хитой компанияларининг янги санкциялар рўйхатига киритилишини изоҳлар экан. 

Лю Пэнюйнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати қонунлар ва меъёрларга мувофиқ икки мақсадли товарлар экспортини назорат қилади, Хитой ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик эса Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидалари ва бозор тамойилларига мос келади. АҚШ Молия вазирлиги баёнотига кўра, бу корхоналар «Россияга қурол ишлаб чиқариш ёки ҳарбий дастурларни амалга ошириш учун асосий компонентларни олишда ёрдам беради». 

Мавзуга оид