Тошкентда сохта “права” сотиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Гуруҳ аъзолари ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган ҳолда 2022 йилнинг ноябр ойидан 2024 йилнинг апрел ойига қадар 200 нафардан зиёд фуқарони “чув” туширган. Улар одамларнинг ишончига кириш учун турли найрангларни ўйлаб топишган. Kun.uz 3 ой олдин одамларни ушбу жиноий гуруҳ фирибгарлигидан огоҳлантирган эди.
Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилиб, одамларни чув тушириб келган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди. Гуруҳга Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатда туриб, IT компаниясида ишлаб келган икки нафар бухоролик йигит бошчилик қилган.
Маълум қилинишича, улар 2022 йилнинг ўрталарида сохта ҳайдовчилик гувоҳномасини тайёрлаб сотиш билан боғлиқ жиноий режа ишлаб чиқишган. Бу режа ўқимасдан, назарий ва амалий имтиҳонларни топширмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олмоқчи бўлганларни чув туширишга асосланган эди.
Шу тариқа йигитлар ижтимоий тармоқлардаги турли канал ва гуруҳларда муайян ҳақ эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси сотилиши тўғрисида эълон беришган. Ҳар бир категориянинг ўз нархи бор эди: “а”, “б” ёки “с” категорияга эга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш истагида бўлганлар 3,5 млн сўм, “D” ва “E” категорияли гувоҳномага эга бўлишни истаганлар 4 млн сўм, ҳам “D”, ҳам “E” категорияли ҳайдовчилик гувоҳномасини олмоқчи бўлганлар 5,5 млн сўм тўлашлари керак эди.
Йигитлар одамларнинг ишончига кириш мақсадида уларга ўзларини ички ишлар органлари ходимлари сифатида таништирган. Сўнгра ижтимоий тармоқлар орқали нотаниш фуқаро билан боғланиб, унинг банк пластик картасини сотиб олишган. Негаки, улар мабодо қилмишлари ошкор бўлиб қолса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари аввало пластик карта эгасини осонгина топиб олишлари мумкинлигини яхши билишган.
Ўқимасдан “права” сотиб олишни хомхаёл қилганлар эса ушбу пластик картага пул ўтказганлар. Аммо ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳеч ким қўлига ололмасди. Бундай қаллобликнинг сирини узоқ яширишнинг иложи йўқлигини тушунган гуруҳ аъзолари янгидан янги найрангларни ўйлаб топаверишган. Жумладан, дастлаб буюртмачиларга фотошоп дастури орқали тайёрланган қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасининг суратлари намойиш қилинган. Бу найранг иш бермай қолгач Россияда яшовчи фуқаро билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, муайян шахсга тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасининг ускунадан чиқиш жараёни акс этган видео тасвирларни сотиб олишган. Мазкур тасвирларнинг ҳар бири учун 5-10 АҚШ доллари тўланган.
Бундан ташқари, қонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олган бир қанча шахслар билан боғланиб, уларнинг ҳар бирига 1,5 млн сўмдан ҳақ тўлаган ҳолда “Мана, мен “правам”ни олдим, ишонаверинглар”, деган мазмундаги фоторекламалар тайёрлашга эришганлар. Бу эса содда инсонларнинг шубҳасини тарқатишга хизмат қилган.
Йигитлар жиноий шериклари ёки “права” сотиб олишни истаганларнинг бирортаси билан юзма-юз бўлишмаган. Онлайн мулоқот чоғида ҳам уларнинг қиёфасини ҳеч ким кўрмаган. Улар шу йўл билан қўлга тушмасликларига ишонишган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий гуруҳ аъзоларининг барчаси ушланган. Гумонланувчиларнинг бир нечтасига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Қўлга олинганлар орасида жиноий гуруҳ фаолиятини бошқарган икки нафар йигит, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари фотосуратларини ясаган дастурчи ҳамда ижтимоий тармоқларда канал ва гуруҳларни ташкил қилган 6 нафар шахс бор. Қайд этилишича, улар 2022 йилнинг ноябр ойидан 2024 йилнинг апрел ойига қадар республиканинг турли ҳудудларида яшовчи 200 нафардан зиёд фуқарони чув туширган.
Kun.uz аввалроқ ушбу жиноий гуруҳ фаолияти бўйича суриштирув эълон қилганди. Унда интернетда фирибгарларнинг “права” сотиш билан боғлиқ навбатдаги алдов хабари айланиб юргани, айримлар бу ёлғонга алданиб, пулларидан айрилгани ҳақида гап боради.
Мавзуга оид
21:59 / 31.10.2024
Тошкентда «права» олиш учун имтиҳон нархи ошгани рад этилди
13:30 / 22.10.2024
Тошкент вилоятида “права” олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
23:13 / 19.10.2024
Туркияда 21 нафар чақалоқ шифокорларнинг жиноий гуруҳи қурбони бўлди
16:00 / 07.09.2024