Табиатдан енгилаётган одамзот – Австралияни эгаллаган ёввойи қуёнлар
Бир пайтлар Австралияда қуёнлар бўлмаган ва улар европаликлар томонидан олиб борилган. Қулай табиий шароитда қуёнлар жуда тез кўпаяди ва фермерларга зарар етказа бошлайди. Шунингдек, улар бошқа жонзотларнинг популяциясига салбий таъсир қилади. Ҳозир Австралияда 10 млрд бош қуён борлиги айтилади ва улар барчага зарар етказишда давом этмоқда. Қуёнларнинг сонини камайтириш чоралари эса иш бермаяпти.
Бугун табиат ва инсон ўртасида аёвсиз кураш кетмоқда. Инсон турли техникалар билан қуроллангани учун табиат енгилмоқда. Бироқ истиснолар ҳам бор ва баъзи ҳолларда инсоннинг кучи табиатга етмаяпти.
Қолаверса инсоннинг табиатга аёвсиз муносабатда бўлиши ёки жонзотлар популяциясига ноўрин аралашиши охир-оқибат одамзоднинг ўзига зарар келтиради.
Аввалроқ табиат ҳимоячиларидан бири, ижтимоий тармоқларда Ўрикгули номи билан танилган экоблогер Мўътабар Хушвақтова ўз интервюларидан бирида шундай деганди:
«Аслида табиатга ҳимоячи керак эмас. Ўзини ўзи даволаб, қайта тиклана олади. Масалан, Орол қуриди ва унинг ўрни очилиб қолди. Ўша жойда табиат ўлгани йўқ, аксинча қайта тикланяпти. Турли жонзотлар яшаяпти, чўлларга мослашган ўсимликлар ва буталар гуркираб ўсяпти. Орол қуриганидан табиат эмас, фақат одамзот зарар кўряпти. Ҳаво ифлосланаяпти, ичимлик сув масаласида муаммо келиб чиқяпти. Демак, атроф-муҳитга беписанд муносабатда бўлиш билан одамзот табиатга эмас, ўзига зарар келтиряпти».
Табиат ва атроф-муҳит тозалиги учун курашаётган экоблогернинг гапларида жон бор. Инсон табиатга зарар етказиб фақат ва фақат ўзига зиён етказаётгани ҳақида кўплаб мисоллар бор.
Узоққа бормайлик, 1950-йиллар охири ва 1960-йиллар бошида Хитойда чумчуқлар оммавий йўқ қилиниши оқибатида очарчилик юз берган ва миллионлаб хитойликлар ўлиб кетган.
Бундай ҳодисаларга Австралияда бўлган бир ишни мисол қилса ҳам бўлади. Бу қитъада табиат қонунларига аралашиш кейинчалик у ерда яшаётган одамлар ва ҳайвонот дунёси учун жуда жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.
Бугун австралияликлар ўша муаммоларни бартараф этиш учун яна табиатга қарши кураш олиб боришяпти. Бироқ кучи етмаяпти.
Австралияни енгаётган қуёнлар
Австралияга европаликлар илк марта боришганда у ердаги халтали жонзотларни кўриб ҳайрон қолишган. У ерда кенгуру, халтали крот, ҳатто халтали бўрилар бўлган. Бироқ ўша пайтда дунёнинг барча ҳудудларида тарқалган қуёнлар бу қитъада бўлмаган.
Маълумки, қуён жуда тез кўпаядиган жонзот ҳисобланади. 17-18-асрларда дунё бўйлаб юрган турли кемаларда қафасларда қуён олиб юришган. Улар кема ошхонасидан чиқадиган пўчоқлар ва бошқа озуқалар билан боқилган. Кўпайган қуёнларни сўйиб гўштидан овқат тайёрлашган.
Европаликларнинг қадами теккунча Австралияда қуёнлар бўлмаган ва улар илк бор 1788 йилда матрослар билан бориб қолган. Бир неча ўн йил давомида қуёнлар фақат қафасда сақланган ва улар кўпаймаган.
Бироқ 19-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб вазият ўзгаради ва қуёнлар очиққа чиқиб кетади. Сўнг қулай табиий шароитда улар жуда тез кўпая бошлайди.
Австралияда қуёнларнинг очиққа чиқиб кетишига англиялик Томас Остин сабаб бўлган. Бу шахс Англияда бўлган пайтларида ов билан шуғулланиб турарди.
У Австралияга кўчиб келганидан сўнг Виктория штатидаги Барвон-парк деб номланувчи жойда ферма ташкил этади. Бу ерда овлаш учун турли жонзотлар йўқ эди. Шу сабабли Томас жияни Уилям Остинга Англиядан ёввойи қуёнлар, какликлар, чумчуқлар юборишни сўрайди.
Остин бу жонзотларни Австралияда ҳам кўпайтиришни мақсад қилганди. 1859 йилда Томасга Англиядан 24 бош ёввойи қуён жўнатишади. У қуёнларни қўрғони атрофига қўйиб юборади.
Ўшанда у «Бир неча бош қуён қўйиб юборилса, ёввойи табиатга айтарли зарар етказмайди. Аксинча овланса гўшт кўпаяди», дейди. Афсуски Томас қуёнлар жуда тез кўпайишини ҳисобга олмаганди...
Австралия табиати ёввойи қуёнларнинг кўпайиши учун жуда қулай жой эди. Шу сабабли очиқ табиатга қўйиб юборилган қуёнлар Томас овлаб тугатмасидан тез кўпая бошлайди.
Орадан уч йил ўтгач, 1862 йилга келиб уларнинг сони бир неча мингдан ошади ва қуёнлар бошқа ҳудудларга ҳам тарқаб кетади. Орадан ўн йил ўтганда уларнинг сони 2 миллиондан ошганди.
20-аср бошларида Австралиядаги қуёнлар Испания ҳудудидан 13 марта катта бўлган ҳудудга тарқаб кетади ва уларнинг сони бир неча ўн миллионга етади. Қуёнлар Австралия атрофидаги Тасмания ва Янги Зеландия оролигача етиб боради.
Кейинчалик олимлар Австралия ва унинг атрофидаги оролларда яшаётган қуёнларни текшириб кўришади ва улар Томасга юборилган қуёнларнинг авлодлари экани ойдинлашади.
Олимлар Австралиянинг турли ҳудудларидан 62 бош, Тасманиядан 2, Янги Зеландиядан 5, Франция ва Британиядан 55 бош қуёнларни бир жойга йиғиб, уларни текшириб кўради.
Текширувларда Австралия, Тасмания ва Янги Зеландияда яшовчи қуёнлар генетик жиҳатдан Британияда яшовчи ёввойи қуёнларга жуда яқинлиги маълум бўлади.
Шундан сўнг олимлар Австралия ва унинг атрофидаги оролларда тарқалган барча қуёнлар 1859 йилда Барвон-паркдан, Остиннинг фермасидан тарқалган қуёнларнинг авлоди эканини айтиб чиқди.
Олимларга бир ҳолат жумбоқ бўлиб қолмоқда. Нега Томас Остингача Австралияга олиб борилган қуёнлар кўпаймаган? Улар бу саволга ҳозиргача аниқ жавоб топа олишмаган. Бироқ тахминлар бор.
Уларга кўра, Томас Остингача Австралияга олиб келинган қуёнлар хонаки бўлган ва улар бегона муҳитга мослаша олмаган. Остинга келган қуёнлар ёввойи бўлган ва улар табиатга тез мослашган.
Австралия учун жиддий муаммо
Австралияда ёввойи қуёнлар кўпаяр экан, улар нафақат фермерларга, балки экин майдонларига, бошқа жонзотлар озиқланадиган табиатга жуда катта зарар етказа бошлайди.
Улар фермерларнинг экинлари билан бирга, турли дарахт ва буталарнинг илдизларига зарар етказиб, уларни қуритади. Оқибатда, дарахтларда яшовчи жонзотларнинг сони камая бошлайди. Кейинчалик айримлари бутунлай йўқ бўлиб кетади.
Шундан сўнг Австралияда ёввойи қуёнларни йўқ қилиш бўйича ишлар бошланади. 1887 йилда франциялик Луи Пастер уларни товуқ вабоси бацилласи (Pasteurella multocida) билан йўқ қилишни таклиф этади.
1901 йилда Бринатия қироллик комиссияси (У пайтларда Австралия Британия мулки ҳисобланган) вазият юзасидан суриштирув олиб боради ва вазиятнинг жиддийлигини англайди.
Шундан сўнг ёввойи қуёнларни турли йўллар билан йўқ қилиш тавсиялари берилади. Шундан сўнг ёввойи қуёнларни отиш бошланади. Бироқ бу чора ҳам уларнинг сонини камайтирмайди.
Қуёнлар учун тўсиқ
1907 йилда Австралиядаги фермерларга тегишли экин ерларини қуёнлардан ҳимоя қилиш учун симтўрдан махсус тўсиқ ўрнатила бошланади.
Тўсиқнинг 15 сантиметри ер остига кўмилади, қолган қисми ер устида қолади. Аввалига унинг ердан баландлигини 51 сантиметр қилиб қуришади. Кейинроқ эса ундан динго итлари ва тулкилар ҳам ошиб ўта олмаслиги учун симтўрнинг баландлиги 91 сантиметрга етказилади.
Бир неча ўн йилда умумий ҳисобда учта линияда жами 3 256 км симтўр тортилади. Бироқ катта маблағ сарфланганига қарамасдан тўсиқнинг нафи тегмайди. Қуёнлар симтўрнинг остини ковлаб ўтиб кетаверишади.
Шундан сўнг фермерларнинг ўзи экинларини қуёнлардан ҳимоя қилиш учун тўсиқ бўйлаб қоровуллик қила бошлайди. Бунда уларнинг айримлари туя, бошқалари от қўшилган аравалардан фойдаланади.
Бироқ миллионлаб қуёнларни назорат қилишнинг иложи йўқ эди ва улар бир жойдаги егуликларни тугатса, иккинчи ҳудудга ўтиб кетаверади.
Австралияда ҳозир ҳам бундан юз йилдан ошиқ вақт аввал қурилган тўсиқларнинг бир қисми сақланиб қолган. Айрим жойларда фермерлар энди йўлтанламас машиналардан фойдаланиб қўриқчилик қилмоқда.
Қуёнлардан ҳимояланиш учун тўсиқ ўрнатиш воқеалари ҳақида 2002 йилда «Қуёнларга қарши тўсиқ» номли филм суратга олинган. Филм ҳаётий воқеалар асосида ишланган бўлиб, ундаги ҳодисалар 1931 йилда содир бўлади.
Филмда зўравонлик ва тайзиққа учраган уч нафар маҳаллий аҳоли вакили бўлган қизалоқлар махсус сақлаш жойидан қочади. Сўнг оналарини қидириб 2 400 км масофани айнан қуёнлар учун қурилган тўсиқ бўйлаб юриб ўтади.
Жанубий Америкадан келган вирус ва қуёнларнинг камайиши
Ўтган асрнинг 40-йилларига келиб Австралияда ёввойи қуёнлар сони кўпайиши секинлашади. Бунга улар орасида турли вируслар тарқалиши сабаб бўлади. Ана шу вируслар туфайли қуёнлар кўпайганидан кўра кўпроқ нобуд бўлади.
Қуёнлар популяциясини ўрганган тадқиқотчи Фрэнк Феннер 1950 йилда уларнинг ёппасига қирилишига Жанубий Америкадан келган Миксоматоз вируси сабаб бўлганини аниқлайди.
Бу вирус илк марта Бразилияда айнан қуёнларга ўхшаб ҳаёт кечирадиган кемирувчи жонзотлар орасида аниқланган ва кейинчалик Ер юзининг бошқа ҳудудларига тарқалганди.
Вирус тарқалгач, қуёнлар ёппасига қирила бошлайди. Шунда уларнинг сони 600 млндан 100 млнгача камайиб кетади. Бироқ кейинчалик, қуёнлар вирусга мослашиб боришади ва 1990-йилларга келиб улар 200-300 млн донагача кўпаяди.
Ўтган 150 йилдан ошиқ муддатда австралияликлар ёввойи қуёнлар билан турли усуллар қўллаб курашиб кўради. Уларга заҳар беришади, отишади, овлашади, бироқ қуёнлар сони камайиш ўрнига яшин тезлигида кўпайиб келяпти.
Ёввойи қуёнларнинг кўпайиб кетиши атроф-муҳитга хавфли, фермерлар учун зарар бўлиш билан бирга, бошқа турли жонзотлар учун ҳалокат эди. Чунки қуёнлар улар озиқланадиган ҳудудларни охиригача пайҳон қилишар, оқибатда жонзотлар егулик топа олмай қирила бошлаганди. Шундан сўнг мамлакат ҳукумати яна жиддий чоралар кўришга мажбур бўлади.
Жумладан, 1996 йилда ҳукумат қуёнларни қириб юбориш мақсадида улар учун хавфли бўлган геморрогик васвасага туширувчи вирус эпидемиясини тарқатишга рухсат беради.
Бу чора ёввойи қуёнларнинг кўпайишини 60 фоизга тўхтатади. Шундан сўнг айрим жойларда қуёнлар яксон қилиб ташлаган флора ва фауна қайта тикланади. Бошқа турли жонзотлар кўпайиб, сони ортади.
Бироқ кўп ўтмай қуёнлар янги вирусга ҳам мослашади ва уларнинг нобуд бўлиши кескин камаяди. Натижада улар яна тез суръатларда кўпая бошлайди.
Сўнгги маълумотларга кўра, бугун Австралиядаги ёввойи қуёнлар сони 10 млрддан ошади. Улар бу қитъада бошқа ҳайвонларнинг кўпайишига, шунингдек, қишлоқ хўжалигига катта зарар етказишда давом этмоқда. Ҳукумат эса чорасиз қолмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
18:15 / 21.11.2024
Австралияда 16 ёшдан кичкиналар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланади. Технологик компанияларга катта жарималар таҳдид солмоқда
18:59 / 11.11.2024
Император пингвини илк бор Австралия соҳилларига қадар сузиб борди
22:21 / 09.11.2024
Австралия пляжларида очликдан қийналган минглаб бўронқушлар жасади пайдо бўлди
23:05 / 07.11.2024